ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
kun.uz — Андижонда тадбиркорлар, Навоийда эса аҳоли қуёш панели ўрнатишга мажбурланмоқда
  • 15.02.2023
  • 223

Январ ойида кузатилган аномал совуқ масъулларни кейинги қишни ҳозирдан ўйлашга мажбур қилди: электр энергияси тақчиллиги ва кутилмаган авария ҳолатларига ечим сифатида қуёш электр станциялари кўриляпти. Бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юкланмоқда. Аммо бунинг ортидан жойларда аҳоли ва тадбиркорларни ҳам қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш кампанияси бошлаб юборилди.

 

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида тадбиркорлар, Навоий вилоятида эса аҳоли қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Бундай мажбурловлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

«Товуқни ҳам бойиб кетасизлар деб сотишганди...»

Журналист Руслан Сабуров Навоий вилоятида аҳоли, бюджет ташкилотларида ишловчилар, хусусан ўқитувчилар кредит эвазига ўз хонадонига қуёш панеллари ўрнатишга мажбур қилинаётгани ҳақида ёзди:

«Кармана тумани Малик маҳалласида барча уйларнинг томига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича топшириқ берилибди. Уйлар ташкилотларга тақсимланибди. Улар эса мажбурловчи ролини бажаришмоқда. 

Умуман олганда, қуёш панеллари ёмон нарса эмас, яшил энергия. Ҳар бир хонадон ўзини ўзи электр энергия билан таъминласа, бунинг нимаси ёмон, шундай эмасми? Фақат саллани олиб кел деса, каллани олиб бориш керак эмас.

Ҳозиргина «Микрокредитбанк» Кармана тумани филиали вакили қўнғироқ қилиб қолди. Бизнинг уй ушбу ташкилотга бириктирилган экан. Кредит берамиз, дадангиз кўнмаяпти, тушунтиринг, дейди. Кредит керак эмас, имкон бўлганида ўзимиз қўйиб оламиз, дедим. Йўқ, кўнмайди. «Бизни ҳам мажбурлашяпти-да, вилоят ҳокимлигидан, туман ҳокимлигидан», дейди.

Нима эмиш, кредит олиб томга қуёш панели ўрнатишимиз керак экан. Кредит олмасдан ўрнатаман, десам, 2 кунда ўрнатасизми, дейди яна. Аста масаланинг ичига «мўраласам», ўрнатиб берувчилар ҳам тайёр экан...

Биламан, банк ходимида айб йўқ, у топшириқни бажаряпти. Вилоят ва туман ҳокимлигида шу топшириқни бериб, мажбурлаётганларга эътироз туғилади-да, беихтиёр.

Биринчидан, маҳалладаги ҳамма хонадон бунга тайёрми, деган савол атрофида ўйлаб кўриш керак: мазкур маҳалладаги барча оилаларнинг иқтисодий имконияти бир хил эмас, ишсизлар, эҳтиёжмандлар, оғир аҳволдагилар бор. Елкасига кредит илиб қўйиш уларнинг аҳволини янада оғирлаштиради.

Иккинчидан, маҳалладаги барча ҳам бюджет ташкилотида ишламайди. Кредит расмийлаштириш учун унинг қайтиш манбаси ҳам бўлиши керак. Ура-урада холасининг ўғли-ю, аммасининг жияни номига расмийлаштирилиб ташланган кредитлар вақт ўтиб банкка ҳам, ўша хонадонга ҳам бошоғриғи бўлади.

Учинчидан, нега айнан битта ўрнатиб берувчи тиқиштириляпти? Олдин шунақа хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларини кўпайтириб қўйиш керак, нарх ва сифат масаласида танлаш имконияти бўлсин.

Тўртинчидан, 2 кунда деган талаб буткул нотўғри. Олдин намуна сифатида 3-4 хонадонга қўйиб, унинг самарасини исботлаб беринглар одамларга. Энг тўғри тушунтириш шунақа бўлади, одамлар кўзи билан кўрса ишонади. Бирданига бориб, топшириқ бўлди, кредит оласиз ва томга қуёш панели ўрнатасиз, дейиш нотўғри.

Бешинчидан, оддий одамда ҳам ҳисоб-китоб бўлади: 25 млн сўм атрофида кредит берамиз деяпти, унинг фоизи ҳам бор. Хўп, ўша 25 млн сўмлик қуёш панели қанча электр энергия бера олади? У етказиб берган электр энергияси билан қанча уй жиҳозларини ишлатса бўлади? Кафолат муддати қанча?

Товуқни ҳам бойиб кетасизлар деб сотишганди, ўзлари бойиб кетди...»

“Ҳокимлар ўз уйига ўрнатиб, синовдан ўтказишсин”

Журналистнинг постига кўплаб кузатувчилар бу нотўғри талаб экани ҳақида изоҳ қолдирган.

Аввало ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, банк бошлиқлари ўз уйига ўрнатиб, синовдан ўтказишсин. Кейин халққа нархни шиширмасдан, чўнтак фирмалари орқали эмас, бозор иқтисодиётига мос рақобатда, кенг танлов орқали ўзи нархида 2 йил бўлиб тўлаш имконияти билан берсин. Кредитга қўй ёки товуқ олиб, боридан ҳам айрилганлардан хулоса қилиш керак”, — дея ёзган Жамшид Мамлиев исмли фуқаро.

Яна бир фуқаро Шокир Ҳамраев эса бу самарасиз проект эканини билдирган:

Мен бу майнавозчиликка қаршиман. Бу қуёш энергияси ишламайдиган проект. Куз-қиш мавсумларида, электр энергиясига талаб ортган вақтда одатий етказиб бериш қуввати тушиб кетади. Ўзини ўзи оқлаш муддати 5-7 йилгача. Қуёш энергияси шунчаки маркетинг, уни фақат қишин-ёзин қуёш чиқадиган иқлимли жойларга ўрнатса арзийди. Хуллас, бунга алданманг, шунчаки қарз бўлиб қоласиз”.

Аҳолига олиш мажбурланаётган нарх қиммат

Kun.uz манбасига кўра, Навоийда аҳолига 5 йил муддатга 15 фоизлик кредит асосида 1,6 KWʼлик қуёш панеллари 19 млн сўмга, 2,2 KWʼлик қуёш панеллари эса 27 млн сўмга мажбур қилинмоқда.

 «Тумандаги барча мактаб директорлари халқ таълими бўлимига чақирилиб, мудир ўринбосари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда директорларга ўз мактабида қуёш панелларини тарғиб қилиш топшириғи берилди. Аксарият директорлар қўл остида ишлаётган ўқитувчиларга қуёш панелларини тарғиб қилмаслигини айтиб, эътироз билдирди. Чунки унинг самарадорлигига ҳеч ким ишонмаяпти, саволлар бисёр», — дейди Kun.uz билан суҳбатлашган Кармана туманидаги мактаб директорларидан бири.

Kun.uz ихтиёрига келиб тушган маълумотларга кўра, бу каби «тарғибот» вилоятнинг Навбаҳор, Хатирчи туманларида ҳам кузатилган.

Қуёш панеллари аҳоли учун самаралими?

Қуёш панелларининг аккумулятор билан ишлайдиган ҳамда тармоқ электростанцияси турлари бор. Аккумулятор билан ишлайдиган қуёш электр станциялари захирада қуёшдан йиғган энергиясини сақлаб туради ва сутканинг исталган вақтида ундан фойдаланиш мумкин бўлади. Тармоқ электростанциясида эса фақат қуёш панеллари ва инверторлар бўлади. Яъни қуёш панелларидан олинган энергияни инвертор куннинг ёруғ вақтида истеъмолчига тўғридан тўғри етказиб бериши мумкин.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси томонидан махсус платформа яратилган. Бу платформада тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ва қуёш сув иситкичларини сотиши, истеъмолчилар эса маҳсулотлар турлари билан танишишлари, сотиб олишлари мумкин.

Мазкур платформада ҳозирги кунда 3 кВтлик қуёш электр станцияси 36 ойга фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти яратилган ҳолда 32,7 млн сўмга (компенсация чегирилгандаги нархи 26,7 млн сўм) таклиф этиляпти.

“Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”

Андижон вилоятига ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев қуёш энергиясидан фойдаланиш учун жозибадор тизим яратилиши ҳақида гапирганди. Яъни уйга қуёш панели ўрнатилса, эҳтиёждан ортиб қолган электрни 1 минг сўмдан давлатга сотиш мумкин бўлади.

Давлат раҳбарининг ушбу ташаббуси жойларда нотўғри талқин қилиниб, ижросини мажбурлов йўли билан амалга ошириш бошлаб юборилди. Очко олишга ўрганган ҳокимлар бу ишлари билан ҳам президентнинг кўзига чўп суқаётганларини, шунинг атрофида отиладиган ҳар қандай тош айнан президентга бориб тегишини наҳот ўйламайдилар?

Иссиқхона, товуқ каби масалаларда «оғзи куйган» одамлар бу сафар «қатиқни пуфлаб ичиши» аниқ. Аммо эътирозларга қарамасдан, қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлаш тадбиркорлар ёки аҳолини иқтисодий томондан фақатгина қийин аҳволда қолдириши мумкин.

 

Манба: https://kun.uz/news/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>