ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг 2022 йилдаги фаолияти сарҳисоби
  • 28.02.2023
  • 143

Жорий йил февраль ойининг иккинчи декадасида Давлатимиз раҳбари томонидан энергетика соҳасига оид 2 та қарор имзоланди. Уларнинг биринчиси – Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида бўлса, иккинчиси – 2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида. Бу, ўз навбатида, ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш – бугунги куннинг долзарб масалаларидан бир эканидан далолат.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиш босқичида. Тараққиёт йўлидаги босқичларда мавжуд муаммолар камайиб, эришилган ютуқлар сарҳисоб қилиб борилади. Муҳтарам Президентимиз ҳар бир соҳа вакиллари олдига улкан марраларни қўйиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Энергетика соҳаси, чунончи электр энергетика тармоғида ҳам ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда ҳам модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-созлаш ишлари олиб борилмоқда.

Хўш, бу борада натижадорлик кўрсаткичлари қандай? Истиқболли режалар мавжуд муаммоларга ечим бўла оладими?

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритади.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфида 84 та 110, 220 ва 500 кВ. кучланишли линиялар, шунингдек, 11698 км. узунликдан зиёд магистраль электр тармоқлари мавжуд. Жумладан, 500 кВ. кучланишли тармоқлар 2390,2 км, 220 кВ – 8150,9 км, 110 кВ.ли тармоқлар 1098,3 километрдан зиёд. Подстанцияларнинг тўла ўтказувчанлик қуввати 26729,6 мегавольт•амперга тенг. Тизимда 4332 нафар ишчи-ходим хизмат қилади. Шундан 737 нафари хотин-қизлар ва 771 нафари ёшлар. Акциядорлик жамияти таркибидан 14 та ҳудудий магистраль электр тармоқлари, ситуацион таҳлил, марказий реле ҳимояси ва автоматика хизмати, лойиҳалаштирувчи, қурилиш-монтаж ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд.

Акциядорлик жамиятининг асосий иш вазифаси – генерация жараёнида ҳосил бўлган ва қисман импорт қилинадиган электр энергиясини паст кучланишли тақсимловчи тармоқларга узатишдан (транспортировка қилиш) иборат. Бундан ташқари, ташкилот электр энергияси импорти ва экспорти бўйича ҳукуматлараро келишувларни амалга оширади. Жумладан, Туркманистондан импорт, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан мавсумий ҳамда олди-берди шартларда электр энергиясини қабул қилиш ва узатиш, Афғонистонга экспорт, шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари орасида электр энергиясининг транзит хизматларини амалга ошириш “Ўзбекистон МЭТ» АЖ иш вазифалари доирасига киради.

Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ҳамда ички истеъмолга мўлжалланган электр энергияси экспортга йўналтирилмайди. Ҳукуматлараро келишувга мувофиқ амалга ошириладиган электр энергияси импорт амалиётининг бир қисми Афғонистонга (имзоланган шартномаларга мувофиқ) экспорт қилинади. Бу муҳим сиёсий, қолаверса, иқтисодий ва ўзаро манфаатли масала. Шунингдек, мелиорация, яъни қишлоқ хўжалигида суғориш мавсумида бошланиб, мавсум тугашига қадар асосан сув ҳавзаларидан электр энергияси оладиган икки қўшни мамлакат – Тожикистон ва Қирғизистондан мавсумий импорт қабул қилинади. Содда қилиб айтганда, йирик табиий сув омборларига эга қўшни мамлакатлар, аввало, ўз эҳтиёжи учун, сўнгра электр энергиясини экспорт қилиш тижорий мақсадида гидроиншоотлар орқали Ўзбекистонга кириб келадиган табиий ҳавзаларга сув ресурсларини оқизиб юборишади. Бу ҳам иқтисодиёт, ҳам гидроэнергетика, ҳам сув ресурсларини бошқариш, яъни қишлоқ хўжалигида самарадорлик кўрсаткичларига тааллуқли бўлган муҳим масала.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан 2022 йил бошидан магистраль электр тармоқлари орқали 66,5 миллиард кВт•соат электр энергияси узатилиб, режа 102,0 фоизга (ўсиш суръати 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 102,8 фоизга) бажарилди. 2022 йил январь-декабрь ойларида экспорт кўрсаткичлари 1,4 миллиард кВт•соат миқдорида бажарилди. Жумладан, Афғонистонга 71,28 миллион АҚШ доллари ҳисобида электр энергияси экспорти ва 30,88 миллион АҚШ доллари миқдорида электр энергиясининг транзит хизматлари амалга оширилди. Шу ўринда импортнинг миқдори 5,6 миллиард кВт•соат ҳажмида бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Умумий импорт ва экспорт рақамларни, яъни, 5,6 миллиард кВт•соат импорт ҳамда 1,4 миллиард кВт•соат экспорт миқдорини таққослаб кўрсак, юқорида билдирилган фикр ўз тасдиғини топади.

Бундан ташқари, 2022 йилда ҳам магистраль электр тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Халқаро тендер савдолари натижаларига кўра, лойиҳалар доирасида иқтисод қилинган маблағларни инобатга олган ҳолда, 2022 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 89,8 миллион доллар миқдорида маблағлар ўзлаштириш кутилган. Жумладан, хорижий инвестиция маблағлари – 64,4 миллион доллар; «Ўзбекистон МEТ» АЖнинг ўз маблағлари – 25,4 миллион доллар. Натижада 2022 йил давомида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 112,5 миллион доллар (режа 125,2 фоиз) ўзлаштирилган, яъни шу қийматга тенг бўлган иш ҳажми бажарилган.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ томонидан республика иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бизнес субъектлари ҳамда аҳоли томонидан электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бораётган қисмини тўлиқ қоплаш мақсадида 2019-2022 йилларда Жамият тасарруфидаги электр тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишлари жадал олиб борилди. Жумладан, 2022 йил бошидан (январь-декабрь) модернизация дастури асосида 9 та подстанциядаги куч трансформаторларини алмаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида ўрнатилган қувват миқдори қўшимча 1241 мегавольт•амперга оширилди.

Ушбу жараённи вилоятлар кесимида кўриб чиқсак, рақамлар қуйидагича акс этади:

«Тракторсоз» подстанциясида 125 МВА (Тошкент шаҳри), «Чўпонота» подстанциясида 216 МВА (Самарқанд вилояти), «Юксак» подстанциясида 138 МВА (Тошкент шаҳри),«Шеробод» подстанциясида 187 МВА (Сурхондарё вилояти), «ДНС-2» подстанциясида 125 МВА (Жиззах вилояти), «Горная» подстанциясида 63 МВА (Навоий вилояти), «Қуйимозор» подстанциясида 62 МВА (Бухоро вилояти), «Озодлик» подстанциясида 200 МВА (Тошкент шаҳри) ҳамда «Амир Темур» подстанциясида 125 МВА га (Қашқадарё вилояти) электр таъминоти ишончлилиги оширилган.

Бундан ташқари, 2022 йилда магистраль электр тармоқларида умумий қуввати 848 МВА бўлган 10 дона куч трансформатори, 66 дона 110–500 кВ кучланишли ўчиргич, 14 дона компрессор қурилмаси ва 810,23 км. узунликдаги 110–500 кВ. ҳаво линияларини мукаммал таъмирлаш ишлари 2022 йилнинг 1 октябрь санасига қадар тўлиқ якунланди.

Режага мувофиқ, 2022 йилда 107,0 миллиард сўмлик сарф-харажатларни қисқартириш юзасидан турли техник, иқтисодий-молиявий тадбирларни қамраб олган амалий ишлар олиб борилган. 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида Акциядорлик жамият бўйича жами 107,4 миллиард сўм миқдорида харажатлар қисқартирилиб, режа 100,3 фоизга бажарилган. Шу билан бирга, 2022 йил давомида бюджет ва бюджетдан ташқари фондларга жами бўлиб 126,9 миллиард сўм миқдорида пул маблағи тўлаб берилган.

Импортни қисқартириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳам режага мувофиқ. Мисол учун, хориждаги ишлаб чиқарувчи корхоналаридан жамият иш фаолияти учун зарур бўлган электр ускуналарини ҳозирда республикамиз ишлаб чиқарувчи корхоналаридан (кучланиш ошиб кетишидан сақлагич қурилмаси) электрон савдолар асосида харид қилиш натижасида импортни қисқартириш ҳажми 268,1 минг долларни ташкил этиб, режа 116,6 фоизига бажарилган. Шунингдек, 2022 йилда тизим корхоналарида жами 21 та янги иш ўрнини яратилди. Бу режанинг 116,6 фоизга тенг.

Хулоса ўрнида, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг фаолиятида юқори кучланишли тармоқлар,айрим техник ҳолатларни ҳисобга олмаганда, ўтган куз-қиш мавсуми барқарор фаолият юритгани мутахассислар томонидан эътироф этилди. Айнан шу жиҳат ўз навбатида, ҳисобот маълумотномаларида келтирилган факт ва рақамлар натижадорлигининг исботидир.

Улуғбек УРУНОВ,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ

Ахборот хизмати раҳбари

ЎзА

Манба: https://uza.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>