Янгиликлар
“ACWA Power” компанияси билан Ўзбекистонда иккита қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича битимлар имзоланди. Шунингдек, Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берилди
  • 05.03.2023
  • 205

• Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 400 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси ва қуввати 800 МВтга тенг энергия сақлаш тизимлари қурилади.

• Бухоро вилоятида қуввати 400 МВт бўлган энергия сақлаш тизими жорий этилади.

• “ACWA Power” компанияси томонидан бугунги кунда энергетика лойиҳаларига йўналтирилган жами инвестициялар ҳажми 7,5 миллиард долларни ташкил этади.

 

 

Бугун, 2023 йил 4 март куни Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўртасида инвестиция ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида учта битим имзоланди.

Битимлар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 400 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 200 МВт бўлган учта энергия сақлаш тизимлари жорий этилишини ўз ичига олади.

 

Тошкент вилоятида 400 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари, Самарқанд вилоятида эса 1 000 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари, шунингдек, Бухоро вилоятида 400 МВт қувватга эга энергия сақлаш тизимлари жорий этилади. Шу билан бирга, лойиҳалар электр узатиш тармоқлари қурилишини ўз ичига олади.

Тадбир давомида Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берилди. Ушбу электр станцияси ишга туширилиши натижасида йилига 900 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида 257 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 360 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.

 

Қайд этиш керакки, Республикамизда 2030 йилга бориб электр энергиясининг 35 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Бунинг натижасида эса, жами 15 000 МВтни – 10 000 МВт қуёш ва 5 000 МВт шамол электр станциялари ишга туширилиши белгиланган.

Маълумот учун: “ACWA Power” компанияси томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 4 100 МВт бўлган 5 та электр станция, хусусан 2 600 МВт қувватли 4 та шамол ва 1 500 МВт қувватга эга 1 та замонавий иссиқлик электр станцияси қурилмоқда. Аҳамиятлиси, компания томонидан Сирдарё вилоятида қурилаётган 1 500 МВт қувватли замонавий ИЭС жорий йилда ишга туширилади.

 

Ўзбекистонда энергия сақлаш тизимларини жорий этилиши орқали тез орада минтақадаги энг йирик энергияни сақлаш иншоотларига эга бўлинади, бу эса тармоқни барқарорлаштириш ва республикада қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда муҳим рол ўйнайди. Энергия сақлаш тизимлари ўзгарувчан қайта тикланувчи энергия манбаларининг ягона тармоққа бўлган таъсирини олдини олади. Улар ёрдамида ишлаб чиқариш даврида ортиқча электр энергиясини сақлаш ва кам ишлаб чиқариш даврида сақланган энергиядан фойдаланиш имконияти яратилади.

 

Ушбу лойиҳалар ишга тушгач, республика ҳудудларидаги 1,2 миллион хонадонни электр энергияси билан таъминлаш ва йилига 1,6 миллион тоннага яқин зарарли газлар чиқишининг олдини олишга эришилади.

 

Инвестиция битимлари Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва “ACWA Power” компанияси ҳамда электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлар “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан имзоланди.

 

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида Саудия Арабистони Подшоҳлигига ташрифи чоғида “ACWA Power” компанияси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан келгуси беш йилда 10 миллиард долларлик янги инвестиция киритишни назарда тутувчи инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолади.


Тошкент, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилаётган лойиҳалар 10 миллиард долларлик мақсадли инвестициялар доирасида қарийб 2,5 миллиард доллар бўлган янги инвестицияларни жалб қилади. Яқинда компания билан республикада яшил водород ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича асосий шартлар тўғрисида битим имзоланди.

 Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2634

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>