Янгиликлар
Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
  • 06.03.2023
  • 177

Сенатнинг ялпи мажлисида “Энергия ресурсларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда истеъмолчилар томонидан табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишларга қарамасдан бугунги кунда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар салмоғи ортиб бормоқда.

Хусусан, Бош прокуратура томонидан 2022 йил ва жорий йилнинг ўтган даври юзасидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик ҳолатлари бўйича 433 та жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига 368,1 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.

 

 

 

Шунингдек, сув таъминоти тармоқларига 1 624 та ноқонуний уланишлар аниқланиб, қоидабузарликларга йўл қўйган шахслардан 7 млрд 144 млн сўмлик қўшимча тўловлар ундирилган.

Амалдаги Жиноят кодексида белгиланган энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларининг етарли эмаслиги бундай жиноят содир этиб, давлатга катта миқдорда зарар етказган шахсларга нисбатан бугунги кунда тегишли чоралар кўриш имкониятини бермаяпти.

 

 

 

Шу сабабли энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик, бу борадаги ваколатли органларнинг кўрсатмаларини бажармаганлик ҳолатлари учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати вужудга келганлиги алоҳида қайд этилди.

Мазкур қонун юқоридаги муаммоларни бартараф этиш билан бирга энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Хусусан, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд уларни ҳисобга олиш асбоблари ва пломбаларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек, ушбу қилмишларни коммунал хизмати ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари билан тил бириктириб, содир этилган жиноят ҳолатлари эндиликда ўғрилик жинояти деб баҳоланиши назарда тутилмоқда.

 

 

 

Шу билан бирга, Жиноят кодексига “тижорат мақсади” тушунчаси киритилиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян фаолиятида фойда, даромад олиш, наф кўришга қаратилган мақсад эканлиги белгиланмоқда.

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлик учун назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари прокуратура органлари томонидан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланмоқда.

 

 

 

Соҳада давлат назоратини тўлиқ таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзэнергоинспекция томонидан берилган ёзма кўрсатма ва тақдимномаларни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни кўриб чиқиш ваколати судларга берилиши муҳокама марказида бўлди.

Шунингдек, сенаторлар электр энергияси ва газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслик ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш масалаларига оид ваколатлар судлардан Ўзэнергоинспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларига ўтказилаётганлигига алоҳида эътибор қаратишди.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

 

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2637

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

https://t.me/uzmetaxborotxizmati

>