Янгиликлар
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида кредит олиш учун мандат хати имзоланди
  • 16.05.2023
  • 186

Бугун, 2023 йил 16 май куни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган “Барқарорликка сармоя киритиш” номли йиллик йиғилиш ва бизнес форуми доирасида энергетика лойиҳасини амалга ошириш учун давлат кафолатисиз корпоратив кредит ажратилиши тўғрисидаги ҳужжат имзоланди.

Бунда ЕТТБ ва Энергетика вазирлиги мутасаддилигидаги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида кредит олиш учун мандат хати имзоланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоийзки, ҳужжат билан ЕТТБ иштирокида “Саримой подстанциясини Мурунтов подстанцияси билан боғловчи 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш” инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳани амалга ошириш Республикамизнинг Шимолий-Ғарбий, Жанубий-Ғарбий ва Зарафшон энергоузеллар оралиғида қувват ўтказиш барқарорлигини таъминлаш, 500 кВ кучланишдаги, узунлиги 226 километрга тенг бўлган ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш Ўзбекистон энергетика тизимининг Шимолий-Ғарбий қисмида қурилиши режалаштирилган қуввати 3 ГВтдан ортиқ янги шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқариладиган қувватни энергетика тизимининг Марказий қисмига узатишда муҳим аҳамият касб этади.

ЕТТБ иштирокида жами 4 та, Бесопан электр узатиш тармоғи, Мурунтов подстанцияси, Саримай-Жонкелди электр узатиш тармоғи ҳамда Саримой подстанциясини “Мурунтов” подстанцияси билан боғловчи 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғини қуриш инвестиция лойиҳалари бажарилмоқда. “Бесопан” электр узатиш тармоғи, Мурунтов подстанцияси ва Саримай-Жонкелди электр узатиш тармоғи инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 225,7 миллион АҚШ долларига тенг.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>