Янгиликлар
БАЙРАМ ТАБРИГИ: ҲАР БИР ОИЛА ВА ҲАР БИР БОЛАГА МЕҲР-ЭЪТИБОР!
  • 28.05.2023
  • 148

Ассалому алайкум, азиз болажонлар!

Яратганга шукурлар бўлсинки, юртимиз тинч, халқимиз фаровон, фарзандларимиз эса бахтиёр! Бу албатта мустақиллигимиз мевасидир. Барчамизга маълумки, юртимизда ҳар бир фарзанд  Ватанимиз ардоғида ва ҳимоясида.

“Ўзбекистон МЭТ” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ҳамда Оила ва хотин-қизлар бошланғич ташкилоти томонидан Марказий бошқарув аппарати ходимларининг 200 дан ортиқ фарзандлари учун Тошкент шаҳрининг сўлим гўшаларидан бўлмиш — “Анҳор” боғида Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни ҳамда Халқаро оила куни муносабати билан “Ҳар бир оила ва ҳар бир болага меҳр-эътибор!” шиори остида ушбу байрам тадбири ташкиллаштирилди. Бундан кўзланган мақсад эса барчамизга аён.

Зеро, юртимиздаги ҳар бир оила – мамлакатимиз таянчи саналса, ушбу қўрғонда тарбия топаётган ҳар бир ўғил-қиз – Ватанимизнинг эртанги эгаларидир. Демакки, бу йўлда ҳар биримизнинг муносиб вазифаларимиз бор.  Болалар – ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз қурувчиларидир.

Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчи саналади. Чиндан ҳам барчамиз юртимизнинг ободлигини, ҳаётимизнинг бундан-да фаровон бўлишини истаймиз. Бу борадаги орзуларимизга етиш учун дастлаб фарзандларимиз таълими ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратишимиз ниҳоятда муҳим вазифалардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак.

Жамиятимиз ишчи-ходимлари учун нечоғлиқ тарзда қулайлик ва шарт-шароитлар яратиб берилган бўлса, табиийки, ушбу жараёнда оила ва азиз фарзандлар эътибор марказимизда. Юртимизнинг барча байрамларида улашиладиган совға-саломлар-у рағбатлантиришлар, ҳеч шубҳасиз, ҳар бир ходимимизнинг муборак хонадонида тарбия топаётган болалар келажаги учун демакдир!

Ташкилотимиз таркибидаги тиббий масканлар, сув ҳавзалари, спорт-соғломлаштириш муассасаларини ривожлантириш, шунингдек, болалар оромгоҳларига йўлланмалар ташкил этиш йўлидаги кўпгина ҳаракатларимиз негизида асл болапарварлик кайфияти ҳукмрон.

Қадрли ҳамкасблар! Уйингизга файз бағишлаб турган барча фарзандларни кўпсонли жамоамиз номидан яна бир бор табриклаб, қутлов сўзларимизни албатта етказинг! Оилаларингизга тотувлик ва фарзандларингизга ёрқин келажаклар тилаб қоламиз!

Ҳурмат билан,

Д.А.Исақулов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>