Янгиликлар
“ENERGO-IT” филиали: “Болалар ижоди” кўргазмасидан намуналар
  • 31.05.2023
  • 180

Дунёда болажонлар кулгуси-ю, шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарсанинг ўзи йўқ. Тиниқ нигоҳини сизга қадаганча оламдаги жамики ажойиботларни ўрганишга, мушоҳада қилишга уринаётган болакайнинг нурли чеҳрасига боққан ҳар қандай инсон ҳаёт ташвишларини унутади. Зотан, фарзандининг саодатли ва бахтиёр дамларини мудом кўриб яшаш — ҳар бир инсон умрининг асосий мазмунидир.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти таркибидаги “ENERGO-IT” филиали касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 1 июнь — “Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни” муносабати билан “Болалар ижоди” кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмада корхона ходимларининг фарзандлари, набиралари ҳамда жиянлари ўзининг ижодий ишлари билан қатнашдилар. Болажонлар мактабдаги технология фанидан, бундан ташқари, турли тўгаракларда ўрганганларини ота-оналари, ака-ука, опа-сингиллари ёрдамида рўёбга чиқаришди. Кўргазмага қўл меҳнатидан фойдаланиб тайёрланган рассомлик, тикувчилик, тўқувчилик, дурадгорлик ишлари намуналарини тақдим этишди.

Кўргазмада фаол иштирок этган болаларга Филиал томонидан истироҳат боғларига бепул чипталар тарқатилди.

Фурсатдан фойдаланиб “ENERGO-IT” филиали барча болажонларни, хусусан юртимиз келажаги бўлган ёш авлод вакилларини ушбу сана билан самимий муборакбод этади.

 

 

✍️   “Energo-IT” филиали ходимлари

Веб-саҳифа ‖  FacebookInstagramYoutube

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>