Янгиликлар
Энергетика тизимидаги ислоҳотлар: қачон ва қандай бошланади?
  • 01.06.2023
  • 181

Ўзбекистонда энергетика тизимида ислоҳотларни амалга ошириш, хусусан хусусийлаштириш, трансформация жараёнларини янада фаоллаштириш, нархларни эркинлаштириш, инфратузилмани яхшилаш, тизимга бозор тамойилларини жорий этиш борасида ишлар бошланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ижтимоий тармоқлар орқали бир неча бор эълон қилинди, кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бироқ мамлакатимизда энергия ресурслари бозорини либераллаштириш билан боғлиқ жараёнлар бевосита аҳолининг даромадлийлигига, турмуш даражасига ҳамда ижтимоий ҳолатига боғлиқ бўлганлиги сабабли ислоҳотлар бир неча бор ортга сурилди. Албатта, бунинг тагида аҳолининг ижтимоий шароитлари ётганлигини кўришимиз мумкин. Лекин, дунё тажрибасидан шу нарса маълумки, энергия ресурслари нархларини эркинлаштирмай, соҳага бозор тамойилларини жорий этмасдан, энергетика тизимига хусусий секторни жалб қилмай туриб биринчидан, аҳолининг энергетикага бўлган талабини қондириш қийинлашиб бораверади. Иккинчидан, энергетика тизимида трансформация жараёнларини кечикиши бу ўз навбатида давлатнинг бюджетига оғир юк бўлиб тушаверади. 

Шунинг учун кўплаб халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) томонидан ҳам Ўзбекистонда энергетика тизимида жиддий ислоҳотларни амалга ошириш, соҳага хусусий секторни жалб этиш, энергия ресурслари таърифларини дунё тажрибасидан келиб чиқиб эркинлаштиришни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 16-18 май кунлари Самарқанд шаҳрида ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур йиғилишда Ўзбекистонда энергетика соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш, энергия бозорини эркинлаштириш масалалари ҳам кўриб ўтилди. Бироқ, ижтимоий тармоқларда айрим фойдаланувчилар, баъзи блогерлар томонидан 2023 йил сентябригача Ўзбекистонда энергетикани ривожлантириш бўйича янги дастур тақдим этилиши борасидаги маълумотлар тушуниб, тушунмай турли хил кўринишда талқин қилинмоқда. 

Энергетика инқирозини бошидан кечирган кўплаб мамлакатлар, жумладан, Туркия, Арманистон, Бразилия, Мексика, Филиппин ва Кения каби давлатларда ҳолатдан чиқиб кетиш учун тизимда жиддий ислоҳотлар амалга оширилган. Мазкур мамлакатларда ислоҳотларни амалга оширишдан олдин қуйидаги муаммолар пайдо бўлган. Уларга давлат бюджети дефицитининг ортиши; инфратузилмани яхшилаш имкони чекланганлиги; нарх ва ишлаб чиқариш харажатлари орасидаги фарқни катталашуви, ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми амалдаги мавжуд талабни таъминлай олмаганлиги каби муаммоларни мисол келтиришимиз мумкин. Агар Арманистонни мисол қилиб оладиган бўлсак, 1995 йилга келиб, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ажратилган субсидиялар ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 11%идан ортиб кетди. Соҳага хорижий инвестициялар кириши кескин камайди. Электр энергияси соҳасидаги йўқотишлар, коррупция элементлари ва аҳоли тўлов қобилятини пастлиги вужудга келди. Энергетика тизимидаги технологияларни янгилаш учун тўғридан-тўғри бюджет томонидан қўллаб-қувватлаш учун молиявий маблағларнинг етарли даражада мавжуд эмаслиги намоён бўлди.

Мазкур ҳолатлардан чиқиб кетиш учун, биринчидан, Арманистон ҳукумати электр энергиясини ишлаб чиқаришда гидроэнергетиканинг ролини кучайтирадиган дастурларни ишлаб чиқда ва амалга оширди. Иккинчидан, энергетика тизимига хусусий сектор жалб этилди. Бу эса электр энергияси ялпи таклифида хусусий секторнинг улушини 30 фоиздан (1996 й.) 90 фоизга (2010 й.) оширилишига олиб келди. Учинчидан, электр энергияси харажатларини қоплаш учун бюджет маблағлари етарли бўлмагани сабабли электр соҳасидаги компаниялар банкдан бериладиган қарзлар ҳисобига молиялаштирилди. Тўртинчидан, “икки тарифли” ставка йўлга қўйилди. Бу эса уй хўжаликларига имтиёзли тунги тарифлардан фойдаланиш имконини берди.

Демак, мамлакатимизда ҳам юқоридаги давлатлар тажрибаси мутахассислар томонидан ҳар томонлама ўрганилиб, энергетика тизимидаги ислоҳотларни жорий йилнинг тўртинчи чорагидан бошланиши кутилмоқда. Мазкур ислоҳотларни амалга ошириш биринчи навбатда мамлакатимизда келгусида электр энергияси нархларини бозор талабларидан келиб чиқиб белгиланишига, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ва етказиб бериш сифатини ошишига, энергетика соҳаси учун олинадиган катта ҳажмдаги давлат қарзларини қисқаришига, тизимда хусусийлаштириш ва трансформация жараёнлари самарали якунланишига ҳамда энергетика тизимида монополияга барҳам берилишига олиб келади. Шу билан бирга яшил энергетикани ривожланишига туртки беради. Бу албатта энергия ресурсларига бўлган талабни қондиришга олиб келади.

 

Нодирбек Расулов,

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори

Манба: https://t.me/olimlar_minbari/1996

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>