ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — 6 ойда магистрал электр тармоқлари орқали 35 миллиард киловатт соат электр энергияси узатилди
  • 04.08.2023
  • 114

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан 2023 йил январь-июнь ойларида магистрал электр тармоқлари орқали 35 миллиард киловатт соат электр энергияси узатилиб, режа 101,4 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 106,1 фоиздир.

Бугун АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг ўтган 6 ойдаги асосий кўрсаткичлари сарҳисоб қилинди.  

Унда ушбу акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов маълумот берганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 декабрдаги қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ҳужжатга кўра, 2023 йил давомида “Ўзбекистон МЭТ” АЖ барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан умумий лойиҳа қиймати 1 346,36 миллион долларга тенг бўлган 17 та йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириши белгиланган.  

–Бунда ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича режага асосан 2023 йилда 152,56 миллион доллар миқдоридаги маблағ ўзлаштириш режалаштирилган. Жумладан, давлат кафолати остидаги чет эл маблағлари – 117,5 миллион доллар ва “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ўз маблағлари – 35,06 миллион долларни ташкил этади. Хусусан, 2023 йил январь-июнь ойларида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан жами 29,19 миллион доллар ёки режага нисбатан 119,5 фоиз ўзлаштириш кутилган эди. Шундан давлат кафолати остидаги чет эл маблағларидан 15,08 миллион доллар ёки режага нисбатан 124,32 фоиз, “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ўз маблағларидан 14,11 миллион доллар ёки режага нисбатан 114,72 фоиз миқдорда маблағ ўзлаштирилди. Бу маблағлар ҳисобига тенг ҳажмдаги модернизация-реконструкция ишлари бажарилди, –деди У.Ўрунов.  

Брифингда тизим фаолиятида сарф-харажатларни қисқартириш чоралари кўрилаётгани таъкидланди. Унга асосан “Ўзбекистон МЭТ” АЖда бўйича 2023 йил учун жами 11,1 миллиард сўм миқдорида сарф-харажатларни қисқартириш бўйича прогноз режа белгиланган. “Ўзбекистон МЭТ” АЖ бўйича олинган дастлабки тезкор маълумотларга кўра, 2023 йил январь-июнь ойларида прогноз режа ижроси 5,7 миллиард сўм миқдорида, яъни 101,1 фоизга бажарилган. Хусусан, технологик ва бошқа йўқотишлар камайтириш ҳисобига 1,7 миллиард сўм ва бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига 4 миллиард сўмлик маблағлар иқтисод қилинган.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА

Манба: https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>