Янгиликлар
Бугундан мамлакатдаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари очилади
  • 07.03.2024
  • 57

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 6 март куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

6 март куни электр станциялар орқали 239 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 1 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида

43,5 млн кубометр табиий газ, 20 минг тонна кўмир ҳамда

9 минг тонна мазут ёқилди.

Туркманистон Республикасидан 18,4 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

Республика истеъмолчиларига 227,2 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 7 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

Қишнинг совуқ кунларида магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг ошиб бориши туфайли 6 март куни мамлакатимиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 800 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши кутилмоқда.

Газ босимининг паст эканига қарамай, 6 март куни ҳам унинг истеъмоли юқорилигича қолди. Кеча мазкур миқдор 147,4 млн кубометрни, режадагига нисбатан 10 фоиз кўпни ташкил қилди.

Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилган.

Кеча мамлакатимиздаги 894 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 8 миллион 986 минг кубометр табиий газ сотилди. Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали жами 940 минг тонна суюлтирилган газ етказилди.

Табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани муносабати билан бугундан эътиборан мамлакатимиздаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари очилади.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 6 март куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 5 минг 773 тонна автобензин етказиб берилди.

Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 13 минг 575 тонна автобензин, 1 минг 296 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 7 минг 937 тонна автобензин ҳамда 931 тонна дизель ёнилғиси сотилди.

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.

Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 7 та, газ таъминотида юзага келган 7 та носозлик бартараф қилинди.

Хусусан, кеча соат 4 дан 30 дақиқа ўтганида Самарқанд вилоятининг Оқдарё ва Пайариқ туманларини табиий газ билан таъминловчи Янгиқўрғон газ тақсимлаш марказидан чиқувчи қувур музлаб қолиши оқибатида 11 минг 318 та аҳоли ва 78 та улгуржи истеъмолчининг газ таъминоти вақтинча тўхтатилган. Соат 17 дан 30 дақиқа ўтганида носозлик бартараф қилиниб, истеъмолчилар олдиндан огоҳлантирилган равишда, уларнинг табиий газ таъминоти босқичма-босқич тикланган.

Соат 6 дан 40 дақиқа ўтганида Фарғона вилоятидаги

110 кВ кучланишдаги “Л-Чилмаҳрам” электр узатиш тармоғида носозлик кузатилган. Оқибатда Бешариқ ва Фурқат туманларидаги 5 минг 450 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 6 дан 50 дақиқа ўтганида 4 минг нафар истеъмолчи бошқа манбадан таъминланган. Соат 12 дан 45 дақиқа ўтганида носозлик тўлиқ бартараф қилиниб, истеъмолчилар электр таъминотига қайта уланган.

Қайд этиш жоизки, қиш кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф қилиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадаларнинг 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

5 март куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 539 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 224 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42583

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>