Янгиликлар
8 мартдан эътиборан мамлакатимиз ҳудудларига электр энергияси етказиб беришда ҳеч қандай чекловлар қўлланилмаяпти
  • 11.03.2024
  • 48

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 10 март куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

10 март куни электр станциялар орқали 238,9 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 4 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 48,2 млн кубометр табиий газ, 16,8 минг тонна кўмир ҳамда 4 минг тонна мазут ёқилди.

Туркманистон Республикасидан 15,6 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

Республика истеъмолчиларига 223,4 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 8 фоиз кўп электр энергияси, 145,6 млн кубометр, режадагига нисбатан 9 фоиз кўп табиий газ етказиб берилди.

Табиий газ босимининг меъёрий схемага қайтгани электр энергияси етказиб бериш тизимида 17 февраль санасидан эътиборан амалга киритиб келинган чекловларнинг бекор қилинишини таъминлади. 8 мартдан эътиборан мамлакатимиз ҳудудларига электр энергияси етказиб беришда ҳеч қандай чекловлар қўлланилмаяпти.

Кеча мамлакатимиздаги 1 минг 325 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари орқали жами 13 миллион 415 минг кубометр табиий газ сотилди.

Мазкур миқдор 7 март куни 14 миллион 910 минг кубометрни, 8 март куни 15 миллион 12 минг кубометрни, 9 март куни эса 15 миллион 614 минг кубометрни ташкил қилди.

Шунингдек, кеча автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали жами 270 минг тонна суюлтирилган газ етказилди.

Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 10 март куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 661 тонна автобензин етказиб берилди.

Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда.

Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 5 та носозлик бартараф қилинди.

10 март куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 150 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 88 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42597

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>