uzbekistonmet.uz — Нигора Абдуллаева, Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи
КИРИШ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан корпоратив ва бюджет буюртмачиларида давлат хариди тизимини янада такомиллаштириш ҳамда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, шунингдек, уларнинг жорий ишлаб чиқариш фаолияти узлуксиз амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2021 йил 2 июль санасида “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5171-сон қарори имзоланган эди.
Мазкур қарорнинг “Давлат харидларини амалга ошириш жараёнлари алоҳида тартибда назорат қилинадиган айрим корпоратив ва бюджет буюртмачилари рўйхати” номли 1-сонли илова жадвалининг 13-қаторида «Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти номи қайд этилган.
Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги ПҚ–4249-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган. Акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритади.
Демак, Акциядорлик жамияти давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъект ва унинг асосий вазифаси — магистрал электр тармоқлари ҳамда юқори кучланишли подстанциялар орқали генерация жараёнида ҳосил бўлган, бундан ташқари, ҳукуматлараро келишувларга мувофиқ қўшни республикалар энергетика тизимларидан импорт қилинган электр энергиясини тақсимловчи тармоқларга етказиб бериш (транспортировка) қилишдан иборат. Шунингдек, ташкилот электр энергиясини давлатлараро транзитини ҳам амалга ошириш билан шуғулланади. Бундан ташқари, Акциядорлик жамияти жорий ва мукаммал (капитал) таъмирлаш ишларини амалга оширади, эксплуатация жараёнига хизмат кўрсатувчи ўз персонали ёки ёлланган мутахассисларнинг меҳнат фаолиятига (хизматга) ҳақ тўлаш ҳамда таъмирлаш-тиклаш, ёқилғи-мойлаш ва бошқа турдаги зарур материалларни харид қилади.
Шу билан бирга, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти магистрал электр тармоқлари ва подстанцияларни ривожлантириш, яъни янги тармоқ ва подстанциялар қуриш, янги генерация лойиҳалари очиқ тақсимлаш қурилмаларидан чиқувчи тармоқларни Ўзбекистон электр энергетика умумтизимига улаш каби муҳим вазифаларни бажаради ва, табиийки, эълон қилинган халқаро тендер танловларига асосан қуриладиган электр тармоқлари учун зарур тайёр ва яримтайёр маҳсулотларни, эҳтиёт қисм ва ёқилғи-мойлаш материалларини харид қилади, турли хизматлар учун махсус қурилиш-монтаж ташкилотлари хизмати учун тўловларни амалга оширади.
Акциядорлик жамияти ҳисоб рақамига кўрсатилган хизмат учун тушган пул маблағлари тўпланиб, унда даромад манбалари ва харажат ҳажми ҳамда йўналиши ўз аксини топади. Давлат харажатларининг ажралмас таркибий қисми сифатида давлат харидлари муҳим аҳамиятга эга ҳамда у Акциядорлик жамиятининг ўз вазифа ва функцияларини амалга оширишда асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Давлат сектори ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш, иқтисодиётни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш, Акциядорлик жамиятида меҳнат фаолияти юритаётган ишчи-ходимларни доимий иш ва даромад билан таъминлаш, шунингдек, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда шу каби бошқа кўплаб йўналишлардаги устувор мақсадларга эришишни таъминлаш учун доимий равишда товар, иш ва хизматлар билан таъминлаб турилиши зарур. Бунда, албатта, давлат харидларига эҳтиёж сезилади.
Давлат унитар корхоналари ва устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари бошқарув органларининг бу борадаги масъулиятини ошириш, мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлиги учун юзага келиши мумкин бўлган фискал хатарларни пасайтириш — кўзланган мақсадларга мувофиқ тарзда олиб борилиши лозим.
Келинг, шу ўринда давлат харидлари нима, деган саволга жавоб топайлик.
Давлат харидлари – бюджет тизими ва шакллантирилган хўжалик бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар, иш ва хизматлар харидларидир. Бошқа сўз билан айтганда, давлат харидлари — товар (иш, хизмат)ларни давлат буюртмачилари томонидан пулли асосда олиш ҳисобланади. Давлат харидларининг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунишда унинг вазифаларига эътибор бериш лозим.
Давлат харидларининг вазифалари давлат бошқаруви фаолияти учун зарур товар, хизмат ҳамда бажариладиган ишлар билан ўз вақтида, керакли миқдорда ва турда, сифатда ҳамда нархда таъминлашдан ташқари рақобатни ривожлантириш учун давлат харидларига кўпроқ тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни халқаро андозаларга мос сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга ундашдан иборатдир. Бу вазифаларни амалга ошириш орқали мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳамда ижтимоий соҳадаги ижобий ўзгаришларга таъсир кўрсатиш мумкин бўлади. Табиийки, бу жараён хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳар томонлама ҳам фойдали.
Давлат харидлари — бозор элементи ҳисобланиб, унинг ёрдами билан иқтисодиётнинг турли соҳаларида маблағларни тақсимлаш ва самарадорлигини ошириш содир бўлади. Бу эса давлат харидлари соҳасига эътиборли бўлишни ва уни ривожлантиришни талаб қилади, бунда, албатта, тизимли ёндашув зарур.
ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ СТРАТEГИЯСИ
Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорликка катта имкониятлар берилаётгани ва бу давлат сиёсатининг бош ислоҳотларидан бирига айланганидан сўнг давлат харидлари тизимини шакллантириш ва такомиллаштириш мақсадида ислоҳотлар ўтказишга катта аҳамият берилди. Хусусан, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги “2023–2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президенти қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди. Демак, ушбу тизим янада ривожланиши ва такомиллашуви лозим. Бошқачароқ айтганда, давлат харжлари жараёни самарадор кўрсаткичларга эга бўлиши, жараён очиқ ва шаффофликни таъминлай олиши, коррупцияга қарши курашишда унинг мукаммаллиги кафолатланган бўлиши ва турли киберҳужумлардан ҳимояланган бўлиши ҳам лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кейинги вақтларда мамлакатимизда давлат харидлари соҳасини ривожлантириш борасида қатор ютуқларга эришилгани рост. Мисол учун, давлат харидлари жараёнлари рақамлаштирилди; харидларни амалга оширишда рақобат муҳитининг кенгайишига имконият яратилди; давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг барча учун очиқлиги ва шаффофлиги таъминлана бошланди; тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни бандлигига қаратилган қўшимча имкониятлар яратила бошланди.
Шу билан бирга, давлат харидлари соҳасини янада такомиллаштириш, шунингдек, келгуси йиллар учун амалга оширилиши лозим бўлган давлат харидлари соҳасидаги ягона сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилаш зарурати юзага келмоқда.
Давлат харидлари соҳасини тартибга солишнинг асосий мақсадларига эришиш, давлат харидларини ташкил этиш ва ўтказиш тизимини, шу жумладан, электрон тизимини янада ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш, «яшил» давлат харидларини амалга ошириш бўйича давлат сиёсатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида янги Президент қарори лойиҳаси билан қуйидаги вазифалар:
1. 2023–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасида давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) 1-иловага мувофиқ тасдиқланиши;
2. Стратегиянинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланиши:
давлат харидлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ўқув-методик, илмий ва ахборот-таҳлилий базани такомиллаштириш ҳамда тизимлаштириш;
барқарор давлат харидларини, жумладан «яшил» давлат харидларини амалга ошириш;
давлат харидлари соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш;
давлат харидлари жараёнларида иштирок этувчи тарафларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишнинг рақамли технологияларга асосланган комплекс тизимини жорий этиш;
давлат харидлари жараёнларида иштирок этувчи тадбиркорлик субъектларининг кўламини янада кенгайтириш;
давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш механизмларини янада такомиллаштириш;
давлат харидлари соҳасида рақамли технологиялар ёрдамида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва олдини олишга қаратилган замонавий механизмларни амалиётга жорий этиш;
харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга масъул шахсларни мунтазам ўқитиш ва малакасини ошириш каби масалаларни бажариш назарда тутилган.
3. 2023–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасида давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар 2-иловага мувофиқ тасдиқланиши;
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан:
барқарор давлат харидларини, шу жумладан «яшил» давлат харидларини амалга ошириш бўйича намунавий йўриқномани ишлаб чиқсин ва амалиётга босқичма-босқич жорий қилиш чораларини кўриш;
тасдиқланган йўриқномага мувофиқ барқарор давлат харидлари бўйича ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
«яшил» давлат харидларини амалга ошириш доирасида давлат буюртмачиларининг салоҳиятини тизимли тарзда ошириб бориш;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур қарор билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши таъминланиши назарда тутилган.
Бу қарорнинг қабул қилиниши, ўз навбатида, 2023–2027 йилларда Ўзбекистон Республикасида давлат харидлари тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича янги стратегияни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилади.
МУҲОКАМА ВА НАТИЖАЛАР
Давлат харидлари соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, мазкур жараёнда иштирок этувчи тарафларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этилишини мониторинг, таҳлил ва назорат қилишнинг рақамли технологияларга асосланган комплекс тизимини жорий — давлат харидларининг очиқ ва шаффоф механизмини яратиш, уни такомиллаштириш, савдоларнинг коррупциядан ҳоли тарзда ўтказилишини таъминлаш мақсадида республикада амалга оширилаётган ишлар ва кўрилаётган чора-тадбирларни узвий давом эттириш билан бирга мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган навбатдаги босқич амалиётларидир.
Шу ўринда мавжуд муаммоларни ҳам алоҳида тилга олиш ва буни ошкор баён қилиш, аниқроғи юзага келаётган муаммолар орқали давлат харидлари жараёнига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни бартараф этиш лозим.
Давлат харидлари жараёнидаги камчиликлар босқичма-босқич бартараф этилаётгани, бу борада изчил ислоҳотлар олиб борилаётганига қарамай харидларни амалга ошириш билан боғлиқ айрим муаммо ва камчиликлар юзага келмоқда. Масалан, харид қилиш тартиб-таомилига кўра электрон дўконда барча давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар қатнашиш имкониятига эга. Давлат корхоналари томонидан товар (иш хизмат)га талаб бўлганда электрон порталга эълон берилади ва кичик масъулияти чекланган жамиятлар ва якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини юритаётган ташкилотлар ўз хизматлари ва товарларини таклиф қилиб савдода қатнашишади. Аслини олганда бу ташкилотларнинг барчаси ҳам ушбу хизмат билан шуғуллланмайди ёки заҳирасида маҳсулот / товарлар мавжуд бўлмайди. Оқибатда савдо жараёни амалга ошмайди ва автоматик равишдаги электрон шартномага асосан шартнома шартлари бажарилмайди. Бу, ўз-ўзидан, юридик жиҳатдан чора кўришга маъмурий жазо қўлланилишига сабаб бўлсада, бу ишга йўл қўйганлар кўп ҳолларда шартномани бекор қилиш билан кифояланишмоқда. Афсуски, бундай шартномалар ва ташкилотлар сони ортмоқда.
ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ТИЗИМИ КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА
Давлат харидлари тизимида коррупцияга оид жиноятга қарши курашиш ҳам бир-бирига ўзаро боғлиқ тушунча ва амалиётлардир. Бунда давлат харидлар белгиланган ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга зид бўлмаслиги ва жараён очиқ ва шаффоф бўлиши талаб этилади. Агар шу талаблар бажарилмаса, коррупция омили вужудга келади. Коррупция эса — мансаб ва мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури. У нафақат хўжалик юритувчи корхона ёки ташкилотнинг, балки мамлакатнинг юксалиши ва тараққий этишига жиддий тўсиқ қилади. Шу боис, ушбу иллатга қарши курашиш барча давлатлар ва нодавлат ташкилотларида, ҳар қандай молиявий операцияларни бажарувчи субъектларда энг долзарб масала бўлиши лозим.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича салмоқли ишлар қилинди ва қилинмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизми яратилди, қонунийликни таъминлашнинг институционал ва ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича норматив ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида соҳага тааллуқли ўндан зиёд, бошқа соҳалардаги ислоҳотлар натижасида коррупция омилларини қисқартиришга қаратилган йигирмадан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати коррупциянинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат бошқарувидан тортиб барча хўжалик юритиш субъектларигача бюрократик тўсиқларни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, ОВА ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ишлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, бунда рақамли технологияларни амалиётга татбиқ этиш каби ишлар шулар жумласидандир.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиниши давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва ҳисобдорлигини таъминлаш, бошқарув тизимининг самарадорлик кўрсаткичларини ошириш, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент ва жамоатчилик назоратини рўёбга чиқариш мақсадларига хизмат қилиши лозим.
«ЎЗБEКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛEКТР ТАРМОҚЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИДА ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ ЖАРАЁНИ
Барчамизга маълумки, давлат ва жамиятда кечаётган демократик ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва янада чуқурлаштириш, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратишда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, уларни одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис ва тезкор минбарга айлантириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки жамият аъзоларининг ахборот олиш, ахборотни ва шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлиги мамлакатимизда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шартидир.
Ривожланаётган давлат ва ўзига хос тарзда янгиланаётган жамият мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан, қабул қилинаётган қарорлар, келажак учун мўлжалланаётган ижтимоий дастурлар, уларнинг мазмун-моҳиятидан ўз вақтида хабардор бўлиши шарт. Шу билан бирга, давлат харидларига оид маълумотларнинг очиқ ва шаффоф бўлиши — жамоатчилик назорати ўрнатилишида муҳим омил ҳисобланади.
Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилиши, унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилиши амалий ташаббуслардан бири бўлди.
Мисол учун, «Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида Очиқ маълумотлар порталига Акциядорлик жамияти фаолиятига тааллуқли маълумотларни жойлаштириш амалиёти Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2019 йил 9 апрелдаги ПҚ-4273-сонли қарорининг тегишли бандларига мувофиқ 2019 йил октябрь ойидан бошлаб амалга оширилмоқда. 2021 йил 15 июл санасидан бошлаб Очиқ маълумотлар порталига Фармонда белгилаб берилган тартибдаги кенгайтирилган маълумотлар юкланиб, ҳисоботлар ўз вақтида тақдим этилмоқда.
Бўш иш ўринлари; Асосий ишлаб чиқариш кўрсаткичлари; Ташқи қарз; Мурожаатлар статистикаси; Хизмат сафари ва меҳмонларни қабул қилиш харажатлари; Хизмат автомототранспорт воситалари ҳақидаги ҳар ой ва чоракда, шунингдек, йиллик ҳисоботларда акс этадиган очиқ маълумотлар ичидан Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам жой олган.
Шу ўринда Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий uzbekistonmet.uz веб-сайтида харидларга оид эълон қилинган ҳисоботларга эътибор қаратамиз:
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда 2021 йил учун давлат харидлари тўғрисида маълумот — “2021 йилнинг маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кооперация портали http://cooperation.uz орқали харид қилиш юзасидан расмийлаштирилган шартномаларга кўра 31,33 млрд.сўмлик, exarid.uz орқали 23,34 млрд.сўмлик, жами 54,68 млрд.сўмлик товар ҳамда хизматлар харид қилинди.”
"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖнинг 2022 йилнинг 12 ойи давомида амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумоти — “2022 йилнинг 12-ойи учун маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни кооперация портали орқали харид қилиш юзасидан расмийлаштирилган шартномаларга кўра 14,96 млрд.сўмлик, xarid.uzex.uz орқали 50,26 млрд.сўмлик, xt-xarid.uz – 32,99 млрд.сўмлик,жами 98,21 млрд.сўмлик товар ҳамда хизматлар харид қилинди.”
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2023 йил давомида амалга оширилган давлат харидлари тўғрисидаги маълумотномаси – ““Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ишлаб чиқарувчи корхоналар тасарруфига кирмаслиги сабали, импорт ва тўғридан-тўғри шарномалар мавжуд эмас. Давлат харидлари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида” 2021 йил 22 апрелдаги ЎРҚ–684-сонли Қонуни талаблари доирасида тўлиқ махсус электрон ахборот порталлари орқали амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, жорий йил — йил давомида электрон махсус ахборот портали орқали жами 1227 та 359,32 млрд.сўмлик ҳаридлар амалга оширилиб, шулардан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида cooperation.uz порталида рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 112,55 млрд. сўмлик, Электрон дўкон 312 та 2,6 млрд.сўмлик, миллий дўкон 28,42 млрд сўм, UZ.RTSB yarmarka.uzex.uz 280 та 18,16 млрд.сўмлик, Энг мақбул таклифларни танлаб олиш орқали 31 та 30,94 млн.сўмлик, тендер савдолари 2265,18 млрд.сўмлик, ва Xt-xarid.uz 415 32 363,5 млн.сўмлик шартномалар тузилган.”
Ҳаволаси: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/2585
Шу ўринда uzbekistonmet.uz веб-сайтининг “Ташқи қарз” рункига ҳар ой, чорак ва йиллик маълумотлар юкланиб борилаётгани, давлат ташқи қарзи эвазига амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг номи ва улар учун хорижий молия ташкилотлари томонидан жалб қилинган маблағларга алоҳида эътибор бериш лозим. Табиийки, ушбу инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида, лойиҳанинг техник-муҳандислик ҳамда молия-смета ҳужжатларига мувофиқ, Акциядорлик жамияти ўз маблағлари ҳисобидан ҳам давлат харидларини амалга оширади ва лойиҳалар пудратчи ташкилотлар томонидан амалга оширилаётганда қурилиш-монтаж жараёнларини бевосита иштирок этади, назоратга олади ва бу иш-хизматларни молиялаштиради.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сўнгги 5 йилда энергетика соҳасига жуда катта эътибор бериб, ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу, албатта, ошиб бораётган истеъмолчилар сони ва уларнинг талабини қондириш учун барқарор энергия таъминоти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардир.
АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИДА ХАРИДЛАР ЖАРАЁНИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ МАҚСАДИДА
«Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида харидлар жараёнини такомиллаштириш мақсадида қуйидаги ишлар амалиётга татбиқ этилмоқда:
· Акциядорлик жамиятида товар-моддий бойликларни харид қилишда бошқарма ва бўлимлар томонидан келиб тушадиган талабномалардан тўловларни амалга оширишгача бўлган жараённи бошқариш тизимини рақамлаштириш ва функционал талабларни ишлаб чиқилмоқда;
· Жамият учун мақбул бўлган ИТ-тизимининг мақсадли архитектураси шакллантирилмоқда;
· ягона харидлар базаси ва электрон ҳужжатлар айланиш тизими (ЯEХ) жорий этилган ва такомиллаштириб борилмоқда;
· архив ҳужжатларининг рақамли нусхаларини тайёрлаш ва уларни тузилган ҳамда тугалланган шартномаларнинг ягона реестри юритилмоқда, яъни маълумотлар базасини яратиш устида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда;
· товар моддий-бойликлар ва хизматлар бўйича расмийлаштириладиган намунавий шартномаларни шакллантириш ва шартномалар тузиш тартибини белгилаш ишлари амалга оширилган;
· “Давлат харидлари тўғрисида”ги янги Қонунга мувофиқ харид қилиш жараёнларини тартибга солувчи ички норматив ҳужжатларни мувофиқлаштириш (ЎРҚ-684 22.04.21) жараёни йўлга қўйилган;
· харид қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича услубий ҳужжатлар ва кўрсатмаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ишлари бажарилмоқда;
· Акциядорлик жамиятида харидларни амалга ошириш юзасидан фойдаланиладиган тартиб-тамойилларни қайта ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда;
Бундан ташқари, Акциядорлик жамиятида харидлар жараёнига тааллуқли қуйидаги устивор вазифалар амалга оширилмоқда:
· товар-моддий бойликлар ва хизматларнинг йиллик талабномаларини ойлик, чораклик, яримйиллик ва йиллик тартибда шакллантириш;
· йиллик талабномаларни барча филиал, бошқарма ва бўлимларга юборилган сўровларга асосан шакллантириш ва умумлаштириш;
· шакллантирилган маълумотларни тизимлаштириш ва харидлар режасини кетма-кетлиги, вақтини кўрсатган ҳолда харидлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
· кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган товар моддий-бойликлар ва хизматларнинг йиллик талабномадан келиб чиққан ҳолда харидлар режасини тузиш;
· режа асосида “Давлат харидлари” тўғрисидаги Қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда босқичма-босқич харидларни амалга ошириш;
· ҳар чорак ва йил якунида жорий йил учун режалаштирилган харидларни амалга оширилганлигини инвентаризациядан ўтказиш натижаси бўйича харид қилинмаган товар-моддий бойликларни ва хизматларни келгуси даврда амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини аниқлаш;
· аниқланган харидлар учун олдиндан режалаштирилган муддатларнинг кечикишига сабаб бўлган сабабларни танқидий таҳлил қилиш, келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслик чораларини кўриш;
· харидларни амалга оширишда ҳар бир ходимнинг масъулияти, жавобгарлиги ва ваколатларини аниқ белгилаш;
· товар-моддий бойликларини харид қилишда гуруҳларга бўлиш ва ҳар бир гуруҳга тегишли масъул шахсни белгилаш;
· давлат харидлари билан шуғулланувчи барча ходимлар учун ўқув тадбирларни ўтказиш, шунингдек, ҳудудий филиаллардан давлат харидлари билан шуғулланадиган масъуллар билан видеоконференс алоқа ўтказиб, тушунтириш ишларини олиб бориш;
· ягона таҳлилий ҳисобот тизимини жорий этиш;
· таҳлилий ва ҳуқуқий маълумотларни йиғишни тезлаштириш ҳамда нормаллаштиришни таъминлаш.
ХУЛОСА
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, хўжалик юритувчи субъектларнинг маблағларининг самарали сарфланиши — ҳар бир давлатнинг ҳар қандай даврдаги муҳим масалалардан бири. Давлат хариди жараёнини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган қонун ва қарорлар ушбу масалаларнинг ечимини топишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, давлат харидларини амалга оширишда товарлар (ишлар, хизматлар)ни етказиб берувчиларнинг масъулиятсизлиги юзасидан жавобгарлигига белгиланган жарима миқдорининг камлиги буюртмачиларга товар (иш, хизмат)ларнинг ўз вақтида ва белгиланган талабларда етказиб берилишида бир қатор муаммоларга сабаб бўлаётгани рост.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, ушбу соҳа вакилларининг давлат ва корпоратив харидлар жараёни жалб қилиш орқали давлат ташкилотларининг узлуксиз ва самарали фаолият кўрсатиши таъминланади.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат харидларини амалга оширишдаги молиявий муносабатларини самарали ташкил этиш юзасидан қуйидаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди:
· тўғридан-тўғри шартномалар қилиш ҳуқуқига эга бўлган товар (иш, хизмат)лар рўйхатини кенгайтириш;
· давлат хариди жараёнидаги иштирокчиларнинг масъулиятсизлиги юзасидан жавобгарлигини кучайтириш;
· давлат хариди жараёнига тадбиркорлик субъектлариния янада кенг жалб қилишда хориж амалиётини ўрганиб чиқиш;
· Давлат харидларини амалга ошириш ва бу жараённи назорат қилишга масъул бўлган мансабдор шахсларнинг (юқори ва ўрта бўғин раҳбарларининг) ОАВ ҳамда жамоатчилик вакиллари олдидаги ҳисоботини матбуот анжумани ва брифинг шаклидаги ташкил этиш лозим.
Бунинг натижасида, буюртмачиларга зарур бўлган товарлар, ишлар, хизматларнинг махсус ахборот порталида эълон қилиниши натижасида санаб ўтилган ишлар, хизматларга бўлган таклифлар сони кескин ошади, улар орасидаги рақобатнинг мавжудлиги сабабли, товар, иш, хизматларнинг нархини тушишига олиб келади, сифат талабларига риоя қилиш кўрсаткичи юкласади. Натижада хўжалик юритувчи субъектларнинг мазкур товар, иш, хизматлар учун ажратилган пул маблағлари тежалади.
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
1. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг Устави;
2. Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги 684-сонли Қонуни;
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 майдаги “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 276-сон қарори;
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 декабрдаги ПҚ–4544-сонли “Давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш ва давлат харидлари жараёнига тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори;
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги ПҚ–4249-сон қарори,
6. www.norma.uz
✍️ Нигора Абдуллаева, «Ўзбекистон миллиий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Мувофиқлик тизими (комплаенс) хизмати бошлиғи
ORGANIZATION OF PUBLIC PROCUREMENT IN STATE-OWNED ENTERPRISES (In the example of the joint-stock company «National Electric Grid of Uzbekistan») —Nigora Abdullaeva, Head of the Compliance Service of the Joint Stock Company «National Electric Grid of Uzbekistan»
ABSTRACT
In this article, the reforms carried out in the field of improving the state procurement system in the example of the energy sector, the electric power network enterprise, the role of this system in the purposeful and rational use of the enterprise's working capital, and some suggestions and comments for the more effective performance of the state procurement system in our country are given, and scientific conclusions and recommendations have been developed.
Key words: energy, public procurement, special information portal, procurement procedure, electronic trade, open data, perfection of documents prepared for electronic trade according to financial and technical requirements.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Axborot xizmati