Янгиликлар
2023 йил якунлари бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилинди
  • 02.04.2024
  • 125

Жорий йилнинг 1 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, 2023 йил якунларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси асосида тўпланган барча кўрсаткичлар атрофлича муҳокама қилиниб, якуний натижалар эълон қилинди.

Иккинчи бор эълон қилинаётган Очиқлик индекси 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантирилиб келинмоқда.  Индексда самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача тўплаганлар - «яшил», 55 баллдан 71 баллгача бўлганлар - «сариқ» ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар - «қизил» тоифаларга киритилади.

Бу йилги баҳолашда жами 103 та (2022 йилда – 86 та) республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирлик, қўмита, агентлик, инспекциялар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди. Якуний натижалар кенг жамоатчилик учун index.anticorruption.uz плафтформасига очиқ жойлаштирилди. 

Йиғилишда дастлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов мамлакатимизда очиқликни таъминлаш борасида эришилаётган ютуқлар, 2023 йилда  Очиқлик индексини баҳолаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, баҳолаш жараёнларининг рақамлаштирилиши хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидлангандек, сўнгги йилларда очиқликни таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари илғор халқаро стандартлар талаблари асосида такомиллаштирилди. Таҳлилларга кўра,  2017-2023 йилларда қабул қилинган 180 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатда очиқлик ва шаффофлик механизмларини жорий этишга қаратилган 328 та вазифа ва топшириқлар белгилаб берилган. Жумладан, 2023 йил ноябрь ойида қабул қиилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-200-сон Фармони билан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилди. Давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқ эълон қилиниши натижасида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 138 та ҳолатда йўл қўйилган қонунбузилишлари бартараф этилиб, 110 млрд сўмлик давлат харидлари бекор қилинди. Ёки, бугунги кунда 123 та давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконини берувчи 615 дан ортиқ алоқа каналлари (қисқа рақамли «ишонч телефони», электрон почта ва бошқа электрон манзиллар, телеграм бот, платформа ёки бошқа махсус дастурий таъминот) очиқ эълон қилинди.  Фаолияти очиқлиги ўрганилган 103 та давлат идорасининг 75 фоизи 2023-йилда ўз фаолиятига оид ҳисоботларни очиқ эълон қилиб, жамоатчилик иштирокида муҳокама қилган.

Комиссия мажлисида очиқликни таъминлаш фаолиятини баҳолашда бевосита иштирок этган давлат органларининг ҳар бир баҳолаш индикатори бўйича ҳисоботи эшитилиб, 2023 йил учун Очиқлик индекси бўйича комиссиянинг якуний қарори қабул қилинди.

Баҳолаш натижаларига кўра,  31 та давлат органи «яшил» (71-100 балл), 43 таси «сариқ» (55-71 балл) ва 29 таси «қизил» (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этган.

Таҳлиллар кўрсатишича, фаолият самарадорлиги «яшил» тоифадаги давлат идоралари сони ўтган йилга нисбатан 16 тага (13 %га) ортган. Эътиборлиси, 2022 йил якуни бўйича «қизил» тоифага киритилган қатор давлат идораларида кескин ижобий ўсиш кузатилган. «Ўзсувтаъминот» АЖ - 81 балл (2022 йилда – 47 балл), «Туронбанк» АТБ78 балл (2022 йилда 53 балл), “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ - 77 балл (2022 йилда 48 балл), «Ҳудудгазтаъминот» АЖ75 балл (2022 йилда 52 балл) билан бунга яққол мисол бўла олади.

Натижалар индикаторлар кесимида аввалги йилга нисбатан солиштирилганда сезиларли ижобий ўзгаришлар Коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳамда Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши каби йўналишларда қайд этилган. Жумладан, Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилишини баҳолаш мезони талаблари ижроси 12 та давлат идораси томонидан 100 фоизли натижа билан бажарилган. Ёки, Жамоатчилик кенгашининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезони талаблари 6 та давлат идораси томонидан тўлиқ бажарилиб, ушбу йўналишдаги фаолият очиқлиги таъминланган.

Очиқлик индексида энг юқори натижа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги  (88 балл), “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ (86 балл), Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (86 балл), “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (84 балл) ва Хоразм вилояти ҳокимлиги (84 балл) томонидан қайд этилган.

Баҳолаш комиссияси томонидан Очиқлик индекси натижалари асосида очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни  таҳлил қилиш ва бартараф этиш, шунингдек,  бу борадаги  фаолиятни янада яхшилаш бўйича вазифа ва мақсадлар белгилаб олинди. Унга кўра,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорига мувофиқ, «яшил» тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади.

«Сариқ» тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишга амалий кўмаклашилади.

Қизил” тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати ва Олий Мажлис Сенати мажлисларида ушбу тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик соҳасида йўл қўйган камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича режалаштирган чора-тадбирлари юзасидан ахбороти эшитилади.

Кун тартибига киритилган масалалардан ташқари, баҳолашда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тадбир якунида эса очиқликни таъминлашда энг юқори самарадорлик кўрсатган давлат органларининг очиқликни таъминлашга масъул ходимларидан бир гуруҳи тақдирланди.

 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

 Ахборот хизмати

Манба: https://aca.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>