2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Муқобил энергетика лойиҳалари бўйича ахборот берилди
  • 19.04.2025
  • 42

Давлатимиз раҳбарига энергетика соҳасидаги вазифалар ижроси ва янги лойиҳалар юзасидан ахборот берилди.

Аҳолининг энергия манбаларига талабини қондириш мақсадида ҳар йили кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ишлар натижасида охирги беш йилда электр энергияси ишлаб чиқариш 30 фоиз кўпайиб, 81,5 миллиард киловатт соатга етди.

2035 йилда юртимизда электр истеъмоли 121 миллиард киловатт соат бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Шу боис узоқни ўйлаб, энергетиканинг барча йўналишларини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. 2030 йилга бориб, жами генерацияда “яшил” энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган.

Бунда энг салоҳиятли йўналишлар сув ва атом қувватларидан фойдаланишдир.

Хусусан, 2025-2026 йилларда умумий қуввати 167 мегаватт бўлган 2 983 та микро ГЭС барпо этиш белгиланган. Ушбу лойиҳалар натижасида 500 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади, 151 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинади. Қурилиш даврида 1 200 нафар, лойиҳалар ишга тушганидан кейин 520 нафар фуқаро ишли бўлади.

Тақдимотда энергетика вазири жорий йилда амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича ахборот берди. Қайд этилганидек, бу йил қуввати 65 мегаватт бўлган 1 минг 185 та микро ГЭС барпо этилади. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар томонидан ишга туширилади.

Келгусида атом энегрияси ҳам базавий манбалардан бирига айланиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда юртимизда кичик қувватли атом электр станцияси қуриш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Бўлажак станциянинг ҳар бир босқичи – лойиҳалаштиришдан то битгунга қадар Халқаро атом энергияси агентлигининг қатъий назорати остида бўлади, жаҳоннинг энг илғор тажрибалари ва хавфсизлик талаблари татбиқ этилади.

“Ўзатом” агентлиги раҳбари шу борадаги музокаралар ва келишувлар, лойиҳанинг бориши юзасидан ахборот берди.

Режадаги иншоотларни ўз вақтида ишга тушириб, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини қўшимча энергия билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Манба: https://president.uz/uz/lists/view/8068

FacebookИнстаграмYouTube ‖

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati