Ташриф доирасида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов «Чирчиқ» технопаркининг фаолияти ва инфратузилмаси билан танишди.
Нуфузли меҳмон ишлаб чиқариш майдонларини кўздан кечирди. Шунингдек, технопарк резиденти бўлган компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, истиқболли лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳозирги кунда технопаркда 27 та резидент-компания рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг умумий инвестиция ҳажми 147 миллион АҚШ долларини ташкил этади. 19 та корхона аллақачон ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган.
2024 йилда технопарк резидентлари қиймати 16,7 миллион АҚШ долларилик турли маҳсулотларни ишлаб чиқариб, унинг 52 фоизини экспорт қилишган. 2025 йил бошидан ишлаб чиқариш ҳажми 7 миллион долларни ташкил этди.
2022 йилда очилган «Чирчиқ» кимё-индустриал технопарки Ўзбекистон кимё саноатининг асосий таркибий қисмларидан бирига айланган ва минтақанинг кимё-саноат соҳасида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, фаол ривожланишда давом этмоқда.
Нуфузли меҳмонга ташриф мобайнида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамроҳлик қилди.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/15966
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати