2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ: Жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 7 млрд кВт⋅соатга етди
  • 29.08.2025
  • 34

#яшил_энергия

Бугун, 28 август ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 7 млрд кВт⋅соатни ташкил қилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда умумий қуввати 4 582 мегаватт бўлган 12 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 4 та шамол электр станцияси «яшил» энергия ишлаб чиқармоқда.

Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги дастлабки қуёш электр станциялари тармоққа уланганидан сўнг 2022 йили 434 млн кВт⋅соат, 2023 йилда эса 576,9 млн кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилган эди.

Ўтган йили республикамиздаги 9 та қуёш ва 1 та шамол электр станцияси томонидан ишлаб чиқарилган жами электр энергияси ҳажми 4 млрд 860 млн кВт·соатни ташкил қилди.

Бундан 26 кун олдин, 2025 йил 2 август куни жорий йил бошидан буён қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 6 млрд кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани қайд этилган эди.

Бугун, 28 август ҳолатига кўра, қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 7 млрд кВт⋅соатга етди. Бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 29,1 млн кВт·соат электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир.

Мазкур генерациянинг 4 млрд 360,6 млн кВт⋅соатлик қисми қуёш электр станциялари томонидан, 2 млрд 639,4 млн кВт⋅соатлик қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида:

➖ 2 млрд 100 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

➖ атмосферага 2 млн 940 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди. 

Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 28 август соат 16:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 11 млрд, 908,2 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу жорий йилдаги жами генерациянинг 21,5 фоизини ташкил қилади.

Бунинг натижасида:

➖ 3 млрд 600 млн куб метр табиий газ тежалишига эришилди;

➖ атмосферага 5 млн тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди. 

Маълумот учун: мазкур ҳажмдаги электр энергияси 7,4 миллион хонадоннинг саккиз ойлик ёки 4,9 миллион хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.

Манба:  https://t.me/minenergy_uz/17566

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati