2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Бу йилги мавсумда электр истеъмоли рекорд даражага чиқиши кутилмоқда — Миллий электр тармоқлари»
  • 29.09.2025
  • 23

Фото: Илья Семендеев / Spot

Корхона бошқаруви раиси Дадажон Исақуловнинг таъкидлашича, қишда кунлик истеъмол 300 млн кВт/соатдан ошиши, максимал қувват эса 13 ГВтдан юқори бўлиши прогноз қилинган.

Аввалроқ президент раҳбарлигида пахта ҳосили йиғими, куз-қиш мавсумига тайёргарлик, инвестиция ва экспорт кўрсаткичлари ҳамда Яшил макон лойиҳаси доирасидаги ишлар таҳлили юзасидан йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбари Тошкент шаҳрида 661 та кўп қаватли уйнинг жорий мавсумга тайёр эмаслигини танқид қилганини қайд этди. 1 октябргача барча ишларни, жумладан иситиш тизимларини тозалаш ва профилактика жараёнларини якунлаш белгиланган.

Жорий йилда 64 млрд сўмлик дастурни амалга ошириш белгиланган. Унинг доирасида йил охиригача пойтахтдаги 319 км кабелларни алмашириш ҳамда 48 та трансформаторни модернизация қилиш ишлари амалга оширилади. Биринчи босқич 1 ноябргача якунланади.

Ҳудудгазтаъминот раиси Маъруфхон Хўжаев суюлтирилган газ захираси яратилганини, аҳолига 330 минг тонна пропан вақтида етказиб берилиши таъминланишини маълум қилди.

Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Маматкаримов эса президент томонидан имзоланган қарор билан узатиш ва тақсимлаш, шунингдек, юқори ва паст кучланишли тизимларни қиш мавсумига тайёрлаш топширилганини қайд этди.

Хусусан, 53 та подстанцияда 900 km.dan ортиқ юқори кучланишли кабеллар, Тошкент шаҳридаги 19 та юқори ва паст кучланишли подстанцияларда профилактика ишлари олиб борилади. Бунинг учун маблағ ажратилиб, муддатлари белгиланди. Энергетика вазирлиги ва тармоқ ташкилотлари эса 24/7 режимига ўтказилди.

Бундан ташқари, электр энергияси ҳамда табиий газ бўйича захиралар яратилиб, авария бригадалари тайёрланди, шунингдек, ҳудудларга 40 мингдан ортиқ қўшимча захира газ баллонлари етказиб берилди.

Ўзбекистон миллий электр тармоқлари бошқаруви раиси Дадажон Исақулов корхона 35−500 кВ кучланишли линияларни эксплуатация қилиш ҳамда давлатлараро электр энергияси транзитига мўлжалланганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, МEТ жорий йилги мавсумига тайёр.

“Бу йилги мавсумда Ўзбекистон энергия тизимида суткалик электр энергияси истеъмоли 300 млн кВт/соатдан ошиши, максимал қувват эса 13 ГВтдан юқори бўлиши кутилмоқда. 5 октябргача куз-қиш мавсумига тайёр бўламиз”, — деди Исақулов.

Шу билан бирга, у давлат раҳбари жорий мавсумни беталафот ўтказиш учун “бир қатор вазифалар юклагани"ни қайд этиб, берилган топшириқларнинг барчасини бажариш орқали бунга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

Жорий йилнинг 18 июль куни аномал иссиқ туфайли электр энергиясининг кунлик истеъмол ҳажми 272,6 млн кВт/соатдан ошиб, қишки максимум (271,8 млн кВт/соат) ва аввалги ёзги рекорд кўрсаткични (253,3 млн кВт/соат) янгилаганди.

Август ойи аввалида президент Тошкентдаги электр тармоқларини куз-қиш мавсумигача янгилашни топширганди. Пойтахтда 46 та подстанция ва 207 та трансформатор ортиқча юклама билан ишлайди. Биринчи босқичда 374 км тармоқ, 11 та подстанция, 62 та трансформаторни янгилаш кўзда тутилган.

 Манба: https://www.spot.uz/ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati