Дунё шиддат билан ривожланиб, технологик тараққиёт сари илдамлаб борар экан, мавжуд ва турдаги янги энергетика манбалар учун кураш тобора авж олиб бормоқда. Мисол учун, 20–30 йил олдин (1990–2000-йиллар атрофида) литий бугунгидек “стратегик бойлик” сифатида қадрланмаган эди. Айниқса, Европа Иттифоқи мамлакатлари қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш бўйича ўзларининг режаларида, 2030-йилгача “яшил энергия” улушини камида 42.5 фоиз бўлиши кераклигини белгилаган.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ўз электр энергиясини Озарбайжон орқали Европага экспорт қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бироқ савол туғилади: Ўзбекистоннинг “яшил энергия” салоҳияти бунга етадими? Лойиҳа Ўзбекистон учун қандай стратегик имкониятлар эшигини очади? Қуйида шу ҳақида сўз юритилади.
Газдан воз кечиш ва энергия хавфсизлиги
Бугун Европа нега “яшил” энергияга бунчалик катта эътибор қаратмоқда? Сабаби оддий: табиат ва сиёсатнинг ўзи бунга мажбур қилмоқда. Иқлим ўзгариши ҳар йили қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари ёки сув тошқинлари кўринишида эшик қоқмоқда. Бундан ташқари, айрим европалик сиёсатчилар таъбири билан айтганда, “Россия газига боғлиқ бўлиб қолиш эса қитъани хавф остида” қолдирди.
Шу билан бирга, яшил технологиялар — келажакнинг энг катта бозорига айланиб улгурди. Қуёш панеллари, шамол турбиналари, батареялар ва водород энергетикаси – Европани янги саноат инқилоби сари бошламоқда.
Шу туфайли Европа мамлакатлари бу борада бир қанча аниқ стратегиялар ишлаб чиққан. Масалан, қитъа яшил келишувига кўра, 2050-йилга келиб Европани дунёдаги “биринчи иқлими нейтрал” қитъага айлантириш лозим. Бу дегани, атмосферага чиқарилаётган иссиқхона эффектини келтириб чиқарувчи тўйинмаган углерод таркибли газлар миқдорини ўрмонлар, агросаноат ва махсус технологиялар ёрдамида ютиладиган миқдор билан тенглаштириш. Бу ҳужжат иқтисодиётнинг барча соҳаларини қамраб олади.
Айниқса, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва ундан кейин юз берган энергия инқирози – Европа мамлакатларини Россия қазиб олинадиган ёқилғиларига (газ, нефть, кўмир) қарамлигини имкон қадар тезроқ қутилишга ундади.
Лойиҳа ибтидоси
Ўзбекистон Европага яшил энергия экспорт қилиши ҳақидаги илк хабарлар 2024-йилда тарқалган эди. Ўшанда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Каспий денгизи остидан кабел ётқизиш лойиҳаси муваффақиятли амалга ошса, Ўзбекистон 2030-йилдан бошлаб ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини Европага экспорт қила бошлаши мумкинлигини айтган эди.
Ўша йилнинг ноябрь ойида Остана шаҳрида Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон “Европа-Озарбайжон-Марказий Осиё” яшил энергия йўлагини (Green energy corridor) ташкил қилиш бўйича келишув имзолаганди.
Ўзбекистоннинг энергия вазирлиги вакиллари, жумладан, Умид Мамадаминов, Green energy corridor орқали 2030-йилгача Европага 10–15 миллиард кВ•ҳ электр энергиясини экспорт қилиш (йиллик) режаси мавжудлигини маълум қилган.
2025-йилдан бошлаб яшил энергетик коридор лойиҳаси фаол босқичга кирди. Озарбайжон энергетика вазири Первиз Шахбазов йил охиригача лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилиши ва унинг стратегик аҳамиятга эга эканини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Бокуда Green Corridor Union LLC қўшма компанияси ташкил этилган. Унга Озарбайжоннинг “Азеренерши”, Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва Қозоғистоннинг “KEGOC” компаниялари кирган.
Салоҳият етарлими?
“Дарё” “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” аксиядорлик жамиятида ўтказилган матбуот анжуманида савол билан мурожаат қилиб, лойиҳа юзасидан бир қанча саволларни ўртага ташлади.
Аксиядорлик жамияти бошқаруви раисининг маслаҳатчиси — матбуот котиби Улуғбек Урунов Ўзбекистон Европа мамлакатларига электр энергия экспорт қилиш салоҳияти етарли эканлигини, ҳатто электр ишлаб чиқарувчи айрим блоклар куннинг қайсидир қисмида вақтинча кам қувватда ишлашга ўтишига тўғри келишини айтиб ўтди.
“7-8 йил олдин Ўзбекистонда электр ишлаб чиқариш ва уни аҳолига етказиб беришда, қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши жуда кам эди. 2017-йилдан кейин Ўзбекистонда “яшил энергия” манбаларини яратиш борасида жуда кўплаб лойиҳаларга старт берилди. Ҳозирда 20 га яқин йирик ҳажмда қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқарувчи – қуёш ва шамол стансиялар ишга тушган. Яна 20 дан ортиқ лойиҳа экологик ўрганиш, лойиҳалаш-молиялаш ҳамда қурилиш жараёнида.
Бу билан нимага эришдик? Айни вақтда Ўзбекистоннинг электр энергияга бўлган бир суткалик эҳтиёжи, қарийб 2015-2016-йилга қараганда икки баробар ошди. Шу билан бирга, умумий тармоқда яшил энергиянинг улуши ҳам 3-7 фоиздан 20-22 фоизга кўтарилди. Ҳукумат қарор-топшириқларига биноан энергетикалар 2050-йилгача бу кўрсаткични 50 фоизга кўтаришни мақсад қилишган.
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Қуёш стансиялари қиш мавсумида, табиийки кечаси тўлиқ қувватда ишлай олмайди. Шамол генераторлари шамол йўналишига боғлиқ ҳолда ишлайди. Шу туфайли, мутахассислар аккумулация стансиялари, зарур ҳолларда тез фурсатда ишга тушириш мумкин бўлган кичик қувватли газ-поршенли станцияларини ишга тушириш бўйича лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишди. Ҳозир давлат-хусусий шериклиги асосида 6 та кичик қувватли генерация стансиялари ишламоқда.
Электр энергияси истеъмолининг алоҳида бир хусусияти бор бўлиб, у ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасида онлайн режимда мувозонат (тенглик) сақлашни тақозо этади. Ҳатто шундай вазиятлар бўляпти-ки, “Миллий диспечирлик маркази” томонидан, электр энергетика умумтизимида мувозанат сақлаш заруриятидан келиб чиқиб, айрим ишлаб чиқариш қувватини куннинг қайсидир қисмида вақтинча кам қувватда ишлаш ёки ўчириб туриш кўрсатмалари берилади. Боиси, генерация ҳажми истеъмол ҳажмидан ортиб кетса ва бу ҳолатда тезкор чора кўрилмаса, тизимда йирик авариялар, яъни каскадли ўчишлар (блаcкоут) содир бўлиши мумкин.
Куз фаслининг иккинчи ойида республиканинг умумий суткалик истеъмол ҳажми 210-220 дан 260-280 миллион киловатт•соат кўрсаткичларга ўсиб бормоқда. Қиш ойларида бу кўрсаткич 300 миллион киловатт•соатдан ошиши мумкин. Энергетиклар истеъмол талабидан келиб чиқиб электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш ва етказиб бериш босқичларини ҳар сония-дақиқада ростлаб боришади. Хуллас, мамлакатимиз ички истеъмол ҳажмини тўлиқ қоплаб, экспорт салоҳиятини ошиб бориши қайта тиланувчи энергия манбаларига тааллуқли лойиҳалар самараси билан узвий боғлиқ” – деди у.
Шунингдек, матбуот котиби “электр энергияси ишлаб чиқаришда муаммо бўлмаётган экан, унда нима учун айрим ҳудудларда ҳали ҳам чироқ ўчиш ҳолатлари содир бўлмоқда”, деган саволга ҳам изоҳ бериб ўтди.
“Тўғри, бир неча йил олдин қиш мавсумида, айниқса истеъмол кескин ошган вақтда ёқилғи танқислиги туфайли бир қанча муаммоларга дуч келган пайтлар бўлган эди. Бу ҳолат билан энергетика вазирлиги хабарларидан архив ма’ֹлумотларни топиб ўқиш-танишиш мумкин. Лекин бугун “яшил энергия” манбаларини ишга тушириш ҳисобига ички эҳтиёжларимизни тўлиқ қоплашга эришдик. “Бироқ одамларни уйида ҳали ҳам чироқ ўчмоқда-ку”, деб савол беришингиз мумкин. Бу узатиш ва тақсимлаш тармоқларидаги авариявий ҳолатлар ёки электр таъминотига ташқи таъсир омилларига боғлиқ. Чунки, янгидан-янги аҳоли пунктлари, савдо мажмуалари қурилди. Натижада, маълум йиллар олдин қўйилган трансформаторлар истеъмолга бардош бера олмай қолди. Ҳозир уларни янгилаш бўйича керакли ишлар амалга оширилмоқда, бу йўналишга Ҳукумат томонидан етарли маблағ ажратилган”, – дея жавоб берди Улуғбек Урунов.
Лойиҳанинг энг нозик нуқтаси – Каспий денгизи остидан Озарбайжонга юқори кучланишли сувости кабели тортиш масаласи ҳисобланади. Бу лойиҳанинг энг қиммат ва технологик мураккаб қисмларидан биридир.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” аксиядорлик жамияти Халқаро алоқалар ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акмал Абдуллаев “Дарё” журналистига лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ўрганилаётганини маълум қилди.
“Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида Бокуда Green Corridor Union LLC қўшма компанияси ташкил этилган. Унга Озарбайжоннинг “Азеренерши”, Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва Қозоғистоннинг “KEGOC” компаниялари кирган. Ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ўрганилмоқда. Мана шу жараён якунига етгач, электр энергиянинг экспорт нархи, кабел қандай йўллар орқали ўтиши аниқ бўлади.
Европа Иттифоқида электр энергияси нархи Ўзбекистондагидан бир неча баробар юқори. Бу экспортни иқтисодий жиҳатдан жуда фойдали қилади ва лойиҳага киритилган сармояларни қайтариш имконини беради. Бундан ташқари, Европа минтақаси кўп энергия талаб қилувчи йирик бозор”, – деди у.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистондан Каспий орқали Озарбайжонга етказилган электр энергияси Озарбайжондан Грузияга ўтказилади. Грузиядан Қора денгиз ости орқали Руминияга яна бир сувости кабели тортилади. Кабел узунлиги – тахминан 1,155 км, ундан 1,100 км дан кўпи денгиз остида бўлади. Қуввати эса 1,000-1,300 МW. Руминияга кириб келган электр энергияси Европа энергетика тармоғига уланади ва ЕИ мамлакатларига сотилади.
Бу лойиҳа аллақачон Озарбайжон, Грузия, Руминия ва Венгрия томонидан имзоланган ва Европа Иттифоқи томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. Лойиҳанинг техник-иқтисодий таҳлили (“feasibilty study”) CЕСИ (Италия) томонидан олиб борилган, бу эса инвестицион ва экологик жиҳатдан лойиҳанинг барқарорлигини кўрсатади.
Муаммо ва хавотирлар
Европага электр энергиясини сотиш қанчалик жозибадор кўринмасин, унинг бир қанча мураккаб техник томонлари мавжуд.
Лойиҳанинг умумий қиймати ўнлаб миллиард долларни ташкил этади. Фақат Каспий ва Қора денгиз тубидан кабел тортишнинг ўзи жуда қиммат. Бунга Ўзбекистонда янги стансиялар қуриш ва юқори кучланишли электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш харажатлари ҳам қўшилади.
Сувости кабелларини ётқизиш ва уларга хизмат кўрсатиш ўта мураккаб технологик жараён. Бундан ташқари, бир неча мамлакат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Руминия) энергетика тизимларини синхронлаштириш жиддий муҳандислик ечимларини талаб қилади.
Лойиҳа бир нечта давлатлар ҳудудидан ўтади. Кавказдаги ёки Марказий Осиёдаги ҳар қандай беқарорлик лойиҳага жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу туфайли транзит мамлакатлар билан узоқ муддатли, барқарор келишувларга эришиш шарт бўлади.
Ўзбекистон учун қандай фойда?
Бундай йирик лойиҳа Ўзбекистоннинг энергетика секторига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади. Ўзбекистон нафақат энергия импортёридан экспортёрга айланади, балки Европанинг энергетик хавфсизлигида муҳим рол ўйнайдиган давлатга айланади. Бу унинг халқаро майдондаги обрўсини ва таъсирини кескин оширади.
Замонавий халқаро муносабатлар ва хавфсизлик масалалари бўйича таниқли тадқиқотчи, Жаместоwн Foundation (АҚШ, Вашингтондаги тадқиқот маркази – таҳр.) — етакчи экспертлардан бири Сергей Сукҳанкиннинг ушбу лойиҳа бўйича қуйидагича фикр билдирган.
“Бу ташаббус Ўзбекистонга фойда беришдан ташқари, икки етакчи Марказий Осиё давлати (Қозоғистон ва Ўзбекистон) ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги интеграцияни кенгайтириш, савдо ва ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон яшил энергия салоҳиятини ривожлантириш учун қулай жойлашувга эга: арзон ишчи кучи ва йилига 320 кундан ортиқ қуёшли кунлар мавжуд. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Ўзбекистон Марказий Осиёда шамол ва қуёш энергияси бўйича энг истиқболли салоҳиятга эга.
2027-йилгача Ўзбекистон Бухоро, Тошкент, Хоразм, Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида замонавий 12 та иссиқлик электр стансияси қуришни режалаштирган. Ушбу лойиҳалар йилига қўшимча 49,7 миллиард кВт•соат электр ишлаб чиқаради. Сиёсий раҳбарият таъкидлаганидек, улар асосан хорижий инвестициялар ҳисобидан, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади.
Бундан ташқари, Қозоғистон ва Озарбайжон билан ҳамкорликка қўшимча равишда, Ўзбекистон яшил энергия соҳасидаги ташаббуслари Тожикистон ва Қирғизистон билан ҳам иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаши мумкин. Чунки бу икки мамлакатнинг асосий устунлиги — гидроэнергетика ҳисобланади”, – деган у.
Бу лойиҳа иқтисодий жиҳатдан шартли реалдир. Унинг муваффақияти бир неча омилга боғлиқ: Ўзбекистоннинг “яшил энергия” ишлаб чиқаришни режадагидек кескин ошира олиши, транзит давлатлар билан мустаҳкам сиёсий келишувлар, лойиҳани молиялаштириш учун йирик халқаро сармояларни жалб эта олиш ва ички электр эҳтиёжини барқарор қондириш.
Бу қисқа муддатда мўъжиза рўй беришини кутиш керак бўлган лойиҳа эмас. Бу келажакка қўйилган пойдевор. Агар Ўзбекистон бу йўлда қатъият билан ҳаракат қилса, 10-15 йилдан сўнг нафақат Марказий Осиё, балки бутун Евросиё энергетика харитасида муҳим ўйинчига айланиши мумкин.
Манба: https://daryo.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати