“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 220 кВ кучланишли “Озодлик” подстанциясида Тезкор ходимларни тайёрлаш ўқув маркази ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Энергетика муҳандислиги факультети “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали биносининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Дадажон Исақулов, Тошкент давлат техника университети ректори, Садриддин Туробжонов, энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ва бошқалар энергетика соҳасида меҳнат қилаётган мутахассислар малакасини ошириш ва уларнинг касбий кўникмаларини оширишда ушбу ўқув даргоҳи муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Маълумки, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида мутахассис кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш ҳамда уларни замонавий илғор тажрибалар билан таништириш, ишлаб чиқариш ҳамда таълим тизимини уйғунлаштириш мақсадида 2022 йилда Тошкент давлат техника университети билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган эди. Шунга кўра, таълим йўналишлари юзасидан ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш бўйича жамият мутахассислари ҳамда университет профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.
Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари филиали директори Анвар Расуловнинг сўзларига кўра, бугун 220 кВ кучланишли “Озодлик” подстанцияси ҳудудида замонавий ўқув машғулотлари, реле ҳимояси ва бошқа хизматлар учун лаборатория биноси қурилиб, фойдаланишга топширилиши соҳа равнақида муҳим ўрин тутади.
–Бугун энергетика тизими барқарорлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Шу сабабли, тизимда модернизация ишлари ва янги лойиҳаларни жадал татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, филиалимиздаги учта подстанцияда 30,9 миллион доллар маблағ ҳисобидан модернизация ишлари бошланган. Уларда замонавий ускуналар ўрнатилмоқда. Янги ускуналарни самарали бошқариш учун ходимлар зарур кўникма ва билимга эга бўлиши лозим. Шу боис, уларни ўқитиш, билим ва амалий салоҳиятини ошириш ҳамда назария билан амалиётни уйғун олиб бориш ишлари йўлга қўйилган. Бугун фойдаланишга топширилган ўқув биноси айнан шу мақсадга хизмат қилади, – деди А.Расулев.
Шунингдек, мазкур бинода Тошкент давлат техника университети Энергетика муҳандислиги факультети “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали ташкил этилди.
–Янги бино қурилгунга қадар, яъни 2024-2025 ўқув йилида таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан узвийлигини таъминлаш мақсадида “Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари” филиали таркибида 220 кВ кучланишли “Келес” подстанциясида Тошкент давлат техника университетининг “Электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари” кафедраси филиали ташкил этилган эди. Унда жами 160 нафар талаба дуал таълим тизими асосида тасдиқланган ўқув графиги бўйича таҳсил олди. Янги бинода мазкур кафедра фаолиятининг йўлга қўйилиши талабаларга яна бир қулайликдир, – деди “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов.
Тадбир доирасида ўқув амалиёт полигони ва унда жамланган электр ускуна ҳамда жиҳозлар намойиш қилинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Тезкор ходимлар Ўқув марказ Манба: https://uza.uz/«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати