

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 декабрь куни янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Тадбирда Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байроқдор ва Озарбайжон Республикаси энергетика вазири Парвиз Шаҳбозов, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев, шунингдек, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки ва бошқа молия институтлари, “ACWA Power” (Саудия Арабистони), “Aksa Enerji”, “Cengiz Enerji” (Туркия), “Masdar” (БАА), “China Energy”, “Datang”, “Sinoma”, “Poly”, “CNTIC”, “Eagle Rise” (Хитой), “EDF”, “Voltalia”, “TotalEnergies” (Франция), “Siemens Energy” (Германия) ва “Nebras Power” (Қатар) вакиллари ҳам қатнашди.
Янги объектлар – қарийб 11 миллиард долларлик 42 та энергия ишлаб чиқариш, сақлаш қувватлари ва бошқа инфратузилма иншоотлари – мамлакатимизда амалга оширилаётган миллий энергетика тармоғи салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли стратегиянинг бир қисмидир.
Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида умумий қиймати 3,3 миллиард долларга тенг жами 3 минг 500 мегаваттли 16 та қуёш, шамол, иссиқлик ва гидро электростанциялари шулар жумласидан.
Тўлиқ қувватга чиққач, улар йилига 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.
Натижада келгуси йилда “яшил” энергия ишлаб чиқариш ҳажми 23 миллиард киловатт-соатга етади. Ушбу қувватлар Ўзбекистон аҳолисининг йиллик электр энергия истеъмоли тўлиқ қопланишига хизмат қилади.
Энг муҳими, тоза энергия ҳисобига табиий газ сарфи салкам 7 миллиард куб метрга камаяди. Атмосферага 11 миллион тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
Фойдаланишга топширилаётган лойиҳалар орасида 1 минг 245 мегаваттли 10 та энергия сақлаш тизими ҳам бор. Бу энергия энг кўп истеъмол қилинадиган тиғиз вақтларда қўшимча 1,5 миллиард киловатт-соат электр энергиясини тармоққа узатиш имконини беради.
Қўшимча равишда ишга туширилаётган 11 та йирик подстанция ва 420 километр юқори кучланишли тармоқлар тизимнинг барқарор ишлашига хизмат қилади.
Янги ташкил этилган йилига 15 мингта трансформатор ишлаб чиқарадиган “Angren Energo” ҳамда 155 та гидро-агрегат тайёрлаб берадиган “Uzhydopower” корхоналари иқтисодиётимизга муҳим ҳисса қўшади.
Давлатимиз раҳбари маросимдаги нутқида ушбу тарихий воқеа Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши йўлидаги яна бир амалий қадам бўлишига ишонч билдирди.
– Бугун жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз ва аҳолининг талаб ҳамда эҳтиёжидан келиб чиқиб, энергетика тизимида катта ислоҳотларни амалга оширяпмиз. Биз бу йўналишда иккита муҳим мақсадга эришишни асосий вазифа қилиб белгилаганмиз. Биринчиси – барча тармоқ ва ҳудудлар учун ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш. Иккинчиси эса ана шу режамизни замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи муқобил манбалар ҳисобидан амалга оширишдир, – деди Президентимиз.
Сўнгги йилларда энергетика тизимига 35 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 9 минг мегаватт янги қувватлар ишга туширилгани таъкидланди.
Натижада электр ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан жорий йилда 85 миллиард киловатт-соатга етди.
Эътиборли жиҳати, салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол, 400 мегаваттли гидро электр станциялари ишга туширилди. Жами генерация қувватларида “яшил” энергиянинг улуши бу йил 30 фоизга етказилади.
Бундан ташқари, хусусий сектор, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида 2 минг мегаваттли кичик қуёш панеллари ўрнатилди. Уларда шу йилнинг ўзида қўшимча равишда 2 миллиард киловатт-соатга яқин муқобил энергия ишлаб чиқарилди. Шунингдек, бутун мамлакатимиз бўйлаб 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор ва юқори кучланишли подстанциялар янгиланди.
Соҳадаги бундай ўзгаришлар маҳаллий корхоналар ривожига ҳам катта туртки бермоқда. Ушбу корхоналар томонидан янги қурилаётган электр станциялари ва тармоқларига йил бошидан буён 700 миллион долларлик қурилиш материаллари, металл конструкциялар, кабель ўтказгичлар, электр қурилмалари етказиб берилди, лойиҳалаш-инжиниринг ва қурилиш хизматлари кўрсатилди.
Мисол учун, Норин каскад гидро электр станциясининг 38 мегаваттли илк гидро электр станцияси тўлиқ маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланган ҳолда ишга туширилди.
Давлатимиз энергетика соҳасида эришилаётган улкан ютуқ ва марраларда инвесторлар ва мамалакатимизнинг халқаро шерикларининг беқиёс ҳиссаси борлигини қайд этди.
Ўзбекистон етакчиси келгуси 5 йилда 150 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ҳисобидан минглаб саноат ва инфратузилма объектларини ишга тушириб, юқори даромадли иш ўринлари яратилишини маълум қилди.
IT, сунъий интеллект ва “буюмлар интернети” каби янги йўналишлардаги компанияларга жозибадор муҳит яратиш учун замонавий суперкомпьютер кластери ва дата-марказлар сонини кўпайтирш назарда тутилган.
Бунинг учун айни пайтда Саудия Арабистонининг “DataVolt” компанияси 3 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 500 мегаваттли дата-марказ қуриш бўйича лойиҳани амалга оширишга киришган.
Бундай кенг кўламли ишлар электр энергиясига бўлган талаб ва эҳтиёжни камида 1,5 баробарга оширади. Шу боис, Президент яқин келажакдаги режаларга тўхталиб ўтди.
Биринчидан, электр энергиясига ошиб бораётган эҳтиёжни қоплаш учун 2030 йилгача қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватлари ишга туширилади. Натижада “яшил” энергиянинг жами генерациядаги улуши 54 фоизга етказилади.
Янги қувватларни ягона энергия тизимига боғлаш учун юқори кучланишли 6 минг километр тармоқлар тортилади. Хусусан, келгуси йилнинг ўзида 1 минг километр тармоқлар ўтказилиб, подстанцияларда 6 минг мегаватт қўшимча қувватлар яратилади.
Иккинчидан, хорижий сармояларни давлат-хусусий шериклик асосида жалб этишни кенгайтириш. Жорий йилдан хусусий шериклик тамойиллари нафақат электр энергиясини ишлаб чиқариш, балки уни истеъмолчиларга етказиб беришда ҳам қўлланмоқда.
Хусусан, Туркиянинг “Aksa Elektrik” компанияси билан Самарқанд ҳудудий электр тармоқларини хусусий бошқарувга бериш бўйича келишувга эришилган.
Ушбу компания лойиҳа доирасида тармоқни операцион бошқарувга олиб, инвестиция киритади, тармоқларни модернизация қилади, йўқотишларни босқичма-босқич 2 баробарга камайтиради. Натижада ҳар йили ўртача 20 миллион доллар тежалади.
Шундай тажриба асосида келгуси йилда Жиззах ва Сирдарё, 2027 йилда Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқлари бошқаруви ҳам инвесторларга таклиф этилади.
Учинчидан, аҳолининг муқобил энергия манбаларидан фойдаланишини фаол қўллаб-қувватлаш.
Янги йилда 300 та маҳалла ҳудудида аҳоли билан кооперация орқали 107 мегаваттли қуёш станциялари ўрнатилади. Бу ижтимоий лойиҳа 30 мингта камбағал оилани “яшил” энергия билан таъминлаш имконини беради. Улар ўз эҳтиёжидан ортиқча электр энергиясини тармоққа узатиб, даромад топади.
Мамалакатимиз тадбиркорлари бу йил 40 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар қурди. Натижада 120 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва улар қўшимча даромад манбаига эга бўлишди.
Келгуси йилда яна 65 мегаваттли кичик ва микро ГЭСлар барпо этилади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 80 мингта хонадонда электр таъминоти тубдан яхшиланади.
Тўртинчидан, яқинда Бразилияда ўтган COP-30 иқлим конференциясида мамлакатимиз ўз ташаббуси билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммасига олди: Ўзбекистонда 2035 йилгача зарарли газлар эмиссияси 50 фоизга қисқартирилиши мақсад қилинди.
Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион “iCRAFT” лойиҳаси ишга туширилди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдоси йўлга қўйилди.
Таъкидлаш жоиз, шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонамиз “яшил” энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналар сони 100 тага етказилади.
Бешинчидан, қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш бўйича шерикликни мустаҳкамлаш.
Минтақа гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан “Қамбар-ота ГЭС-1” лойиҳасини молиялаштиришга киришилади.
Давлатимиз раҳбари Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича “яшил коридор” лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётган Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.
– Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини албатта тўлиқ барпо этамиз, – дея таъкидлади Президентимиз.
Тадбир якунида Ўзбекистон Президенти рамзий дастакни босиб, 42 та энергетика объектининг ишга туширилиши ҳамда навбатдаги 21 тасининг қурилиши бошланишига старт берди.
Манба: https://president.uz/uz/lists/view/8744
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати