
Аввал хабар берганимиздек, Сирдарё вилоятида Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан қуввати 1500 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станцияси фойдаланишга топширилган.
Ушбу электр станциясининг 2-сонли газ турбинасида ротор носозлиги кузатилган. Станция ишини тезкор тиклаш мақсадида, инвестор ҳамда ишлаб чиқарувчининг кафолатли шартномавий мажбуриятларига асосан Япониянинг “Mitsubishi” компаниясида янги ротор қисқа муддатда тайёрланиб, махсус рейс билан 8 декабрь куни Тошкент халқаро аэропортига олиб келинди.
Оғирлиги 114 тонна бўлган қурилма аэропортдан тўғридан-тўғри электр станцияси майдонига етказилди.
Барча жараёнлар тегишли вазирлик ва идоралар, инвестор, пудратчи ва технологик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилди. Янги роторни ўрнатиш ва синов-созлаш ишлари тахминан бир ой вақт талаб қилади.
Бу қувватларни қоплаш мақсадида қўшимча захирадаги ва янги ишга туширилётган блоклардан фойдаланиляпти.
Ҳозирги кунда ҳаво булутли (кам қуёшли) бўлаётганлиги ва кунлар қисқалиги ҳисобидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш камайган. Шу сабабли, ишлаб чиқариш ва истеъмол балансини тартибга солиш, уларнинг мувозанатини сақлаш мақсадида айрим ҳудудларнинг электр таъминотида асосан истеъмол ортган паллаларда (17:00-21:00 лар оралиғида) қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин. Агар бунга зарурат туғилса, истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади. Бундай чоралар электр таъминоти барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Янги ротор газ турбинасига ўрнатилгач, станциянинг ишлаб чиқариш қуввати тикланади ва электр таъминотида вақтинча кўрилаётган чораларларнинг олди олинади.
Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/18518
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати