
“Сўнгги тўққиз йилда биз сизлар билан, эл-юртимиз билан биргаликда катта тараққиёт йўлини босиб ўтдик.
Иқтисодиётимиз янгидан шаклланди, бозор муносабатлари, ижтимоий ҳимояни кенгайтирдик, қонун устуворлигини мустаҳкамладик.
Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик.
Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этиб бораётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо-сервис масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин”,
– деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.
“Бугунги кунда дунёда содир бўлаётган ва яқин-яқингача ҳеч ким тасаввур қила олмаган ўзгаришлар, давлатлар ўртасида иқтисодий қарама-қаршилик, хавфсизликка таҳдидлар ортиб бораётган таҳликали бир вазиятда сизлар билан ўта мураккаб йилни якунлаяпмиз”,
– деди Президентимиз.