

Энергетика тизимини модернизация қилиш, рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш мамлакат электр энергетикаси тармоғини барқарор ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Айниқса, юқори кучланишли подстанцияларни рақамли бошқарув тизимларига ўтказиш асносида электр таъминотининг ишончлилиги, хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлаш устувор вазифалардан биридир.
Мазкур жараёнда соҳада фаолият юритаётган мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни илғор хорижий тажриба ва инновацион ечимлар билан таништиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ҳақда “Ўзбекистон миллий электр бармоқлари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов қуйидагича маълумот берди:
– Ташкилотимиз ходимларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш, уларни илғор хорижий тажриба билан таништириш ҳамда замонавий билим ва инновацион ёндашувларни ўзлаштиришда малака ошириш ўқув курсларини ташкил этиш амалий натижа беради. Бу жараёнда халқаро ҳамкорликлар ҳам йўлга қўйилган.
Яқинда жамиятнинг бир гуруҳ мутахассислари учун шундай ўқув ташкил этилди. Лойиҳа Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Тадбир “Рақамли подстанцияларда ҳимоя ва бошқарув тизимларини ишга тушириш, созлаш ва техник хизмат кўрсатиш” мавзусига бағишланиб, машғулотлар давомида иштирокчилар замонавий рақамли подстанцияларнинг афзалликлари, асосий қурилмалари, электр ускуналари ҳамда реле ҳимояси ва автоматика қурилмалари билан ишлаш бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўлди. Шунингдек, оптик толали алоқа орқали сигнал алмашиш ҳамда “PCS Studio” дастури ёрдамида NR туридаги реле ҳимояси ва автоматика терминалларини созлаш масалалари атрофлича ўрганилди.
Мазкур малака ошириш курслари натижасида ташкилотимиз тасарруфидаги юқори кучланишли подстанцияларни модернизация қилиш, уларни рақамли подстанцияларга босқичма-босқич ўтказиш ҳамда янги рақамли подстанцияларни қуриш жараёнлари учун малакали кадрлар тайёрланди.
Ўқув курсини муваффақиятли якунлаган ходимлар рақамли подстанциялар ишга туширилганда ўрнатилган реле ҳимояси ва автоматика қурилмаларини эксплуатация қилиш, уларга техник хизмат кўрсатиш, носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлдилар. Бу эса жамият фаолиятида ишончлилик, хавфсизлик ва самарадорлик кўрсаткичларининг ошишига хизмат қилади.
Муҳими, бу каби тадбирлар “Ўзбекистон миллий электр бармоқлари” АЖ томонидан рақамли трансформацияни изчил амалга ошириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ҳамда электр таъминоти тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш йўлида қўйилаётган муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати