2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди
  • 27.02.2026
  • 9

Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

– Сурхондарё нафақат табиати гўзал замин, балки руҳи бақувват, ғайрати баланд, орияти мустаҳкам инсонлар юртидир. Сурхонни ривожлантириш Янги Ўзбекистоннинг жанубий таянч устунини мустаҳкамлаш демакдир, – деди давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида.

Ўтган даврда ҳудудда 5 миллиард долларлик 8 мингдан ортиқ лойиҳа ишга тушди. Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Австрия, Венгрия каби давлатлар билан инвестиция ва савдо бўйича яна 10 миллиард долларлик келишувларга эришилди.

Сўнгги тўққиз йилда боғча қамрови 28 фоиздан 68 фоизга ошди, 23 та янги мактаб қурилди, яна 448 таси таъмирланди. Қўшимча 102 минг ўқувчи ўрни яратилди. Бу даврда қурилган 688 та кўп қаватли уйга 32 минг оила кўчиб ўтди. Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил қилинди.

“Тўпаланг омбори сувидан фойдаланиш” лойиҳаси ҳисобидан Термиз шаҳри ва 10 та тумандаги 563 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

Йиғилишда вилоят ҳокими ҳамда туман ҳокимлари олдида жорий йил инвестицияларни 3 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилди. Ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизгача, ишсизликни 4,5 фоизгача тушириш, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработни камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш муҳим экани таъкидланди.

Сурхондарё иқтисодиётида саноатнинг улуши сўнгги 9 йилда 5 карра ўсиб, 10 фоизга етди. Лекин бу ҳали ҳам камлиги кўрсатиб ўтилди.

Саноат ҳажмини оширишда вилоятдаги конларни ўзлаштиришни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Жорий йилда Бойсундаги “Санжар”, Олтинсойдаги “Оқсув”, келаси йил “Фангарт” конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилди. Жанубий Африканинг “Sosol” компанияси кўмирдан полипропилен, полиэтилен ва каучук ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган. Сариосиёдаги “Қоракон”, “Жемсонит”, “Чуқур”, “Байрам-1” конларига ҳам хитойлик инвесторлар 1 миллиард доллар киритишга тайёр. Бойсундаги “Безактоп” конида табиий тош захиралари ўрганилмай турибди. Ушбу конларда зарур ишларни бошлаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Термиз халқаро савдо маркази натижалари алоҳида қайд этилди. Ўтган йили марказга 800 мингдан ортиқ Афғонистон фуқаролари ташриф буюриб, экспорт 320 миллион доллар бўлган.

Марказ ҳудудини 1 минг гектарга етказиш белгиланди. Янги лойиҳалар натижасида тадбиркорлар ва харидорлар каррасига ошиши таъкидланиб, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида марказда махсус прокуратура ва ички ишлар бўлими фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, энди марказ ҳудудидаги товар савдоси ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланиши, уларга нисбатан қўшилган қиймат солиғи “ноль” ставкада қўлланиши қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги имкониятларига тўхталар экан, вилоятдаги 35 минг гектар томорқада 3-4 марта ҳосил олинаётгани, бундай кўрсаткич бошқа бирорта вилоятда йўқлигини таъкидлади.

Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”нинг ижобий тажрибасини бутун Сурхондарёда йўлга қўйиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан Ангор, Узун, Деновда ҳам “Томорқа мактаблари”ни ташкил этиш, ҳар бир вилоятда 2 тадан “Инновацион томорқа мактаблари”ни ишга тушириш топширилди.

Сурхондарё шароитида иссиқхонадан маҳсулот олиш бошқа жойларга нисбатан 2-3 баробар арзон тушиши таъкидланди. Бу йил Испаниянинг Альмерия ҳудуди тажрибаси асосида 1 минг гектарда қуёшда иситиладиган иссиқхоналар ташкил этилиши, бундай иссиқхона қурадиган тадбиркорларга ер 5 йилга бепул ижарага берилиши, ер ости суви учун тўловдан 3 йилга озод қилиниши қайд этилди.

Вилоятда фойдаланилмай турган яна бир катта имконият яйловлар экани таъкидланди. Жумладан, Бойсунда 197 минг гектар яйлов борлиги, агар Дарбанд дарёсидаги насослар тикланиб, сув чиқарилса, 10 минг гектар яйловни фойдаланишга киритиш имкони мавжудлиги айтилди.

Захирадаги яйлов ерларини ўзлаштириш учун бошланғич нарх норматив қийматнинг 1 фоизи миқдорида белгиланиб, аукционга чиқарилиши таъкидланди. Аукциондан ер олган тадбиркорларга 10 йилга, 4 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит ажратилиши, ҳар ўн гектарга сув олиб келиш учун 120 миллион сўмгача субсидия берилади.

Вилоятда паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам белгилаб олинди.

Йўл ва транспорт инфратузилмаси вилоятдаги энг оғриқли масалалардан бири экани қайд этилди. Ҳозирда Бойсун ва Деновни боғловчи йўлнинг 111 километри цемент-бетон қопламага ўтказиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу йўл ишга тушса, юк ҳажми 2 карра ошиши, ташиш вақти 3 соатдан 1,5 соатга қисқариши айтилди.

Жорий йилда юртимизни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километрлик магистрални капитал таъмирлаш, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” участкасини тезюрар поездга мослаш, “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўлининг электрлаштириш ишлари бошланади. Термиз – Истанбул, Термиз – Дубай йўналишларида янги рейслар ташкил этилади.

Янги автобуслар олиб келиниб, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Шеробод ва Бойсундан Термизга олиб борувчи йўлларда қатновга қўйилади.

Йил охиригача Музработдаги 56 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб бериш лойиҳаси якунига етказилиши, Музработ, Олтинсой, Ангор, Қизириқ ва Бойсун марказларига канализация олиб бориш лойиҳалари бошланиши маълум қилинди.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” йирик газни қайта ишлаш мажмуасидаги технологик мураккаб масалага ҳамкорлар билан илмий ечим топилгани қайд этилди.

– Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига катта туртки берадиган лойиҳани ҳам бошлаймиз, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари туризм салоҳиятига тўхталиб, вилоятда Ал-Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота, Қирқ қиз каби 150 дан зиёд маданий мерос объектлари борлиги, Ҳисор, Бойсунтоғ, Кўҳитанг, Боботоғда альпинизм, треккинг, экотуризм учун катта имкониятлар мавжудлигини айтди. Буни тўлиқ ишга солиб, йилига 1 миллиард долларлик тушум қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Эски Термиз ёдгорлиги тўлиқ ўрганилмагани қайд этилди. Буддизм маданиятига оид Фаёзтепа, Қоратепа, Далварзин, Зурмала каби ёдгорликларнинг туризм салоҳиятидан фойдаланиб, Япония, Корея, Хитой, Таиланддан йилига 500 минг сайёҳни жалб қилиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

Сурхондарёда 8 мингдан ортиқ ёшлар кураш билан доимий шуғулланмоқда. Жорий йилда Деновдаги “Замондош” оромгоҳи негизида курашчилар учун замонавий ўқув-машғулот базасини қуриб бериш топширилди. Бойсундаги мактаб-интернатда янги ўқув йилидан спорт билан бирга мактаб дарсларини ҳам йўлга қўйиш кераклиги қайд этилди.

Йиғилишда вилоят фаоллари, ёшлар ва нуронийлар билан мулоқот қилинди, ҳокимлар ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди. Давлатимиз раҳбари белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир йўналишда аниқ натижага эришиш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Манба: https://president.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati