

Юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар атрофида хавфсизлик масаласи аҳоли, айниқса болалар учун доимий эътиборни талаб қилади. Бундай ҳудудларда тақиқланган ҳаракатлар ва ўйинлар оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу боис мутахассислар томонидан белгиланган муҳофаза чораларига қатъий амал қилиш зарур.
Бу ҳақда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Урунов қуйидагиларни қайд этди:
–Юртимизда иқлим илиқлашиб, мамлакат кенгликлари яшил ўтлоққа айланиши билан аҳоли оилавий сайр ва дам олиш учун табиат қучоғига чиқишни афзал кўради. Болалар ва ўсмирлар варрак учиришади, яшил ўтлоқлар ва кенг далаларда кўплаб миллий ва спорт ўйинлари ўтказилади.
Албатта, бу миллий қадрият ва урф-одатлар намуналаридан бири ҳисобланади. Бироқ катталар, айниқса, ота-оналар болаларнинг хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиши керак.

Болалар ва ўсмирлар подстанциялар атрофи, трансформатор пунктлари яқини ва юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари “муҳофаза майдони”да ҳаракатланиши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Электр қурилмалари, хусусан, подстанциялар ва юқори кучланишли электр тармоқлари атрофи ўйин ва спорт мусобақалари учун ўта хавфли ҳудуд ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1050-сон қарорига мувофиқ, электр тармоғи хўжалиги объектларининг барқарор ишлаши учун муҳофаза зоналарида экологик зарар ва ёнғин келтириши мумкин бўлган ҳаракатлар тақиқланган.
Шунингдек, бу зоналарда кўплаб одамлар йиғилиши билан боғлиқ тадбирлар, савдо расталари, чиқиндихоналар ва ёқилғи-мойлаш материалларини ташлаш ҳам ман қилинган.

Электр тармоқларида носозлик ёки хавфли ҳолатни сезганда тегишли хизматларга хабар бериш тавсия қилинади. Тақиқланган ҳаракатларни содир этганлик учун амалдаги қонунчиликка биноан жавобгарлик бор. Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод этмайди.
Хулоса қилиб айтганда, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялар атрофида хавфсизликни таъминлаш фақат техник қоидаларга амал қилиш билан чекланмайди, балки жамият ва оилавий масъулиятни ҳам ўз ичига олади. Баҳор фаслида аҳоли дам олиш ва турли тадбирлар учун табиатга чиқади, шундай пайтларда ушбу ҳудудлардаги доимий хавф эътибордан чиқмаслиги керак.
Шу билан бирга, ушбу тавсиялар нафақат фарзандлар ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолиш, балки бутун жамият хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Электр тармоқлари ҳудудидаги ҳаракатлар ва хавфларни эсда тутиш жамоатчилик маданияти ва масъулиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати