Янгиликлар
ЭНЕРГИЯ ТЕЖАМКОРЛИГИ: ДОЛЗАРБ МАВЗУГА МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ БЕФАРҚ ЭМАС!
  • 26.09.2019
  • 940

   Бугунги ҳаётимизни электр энергиясиз тасаввур этишнинг ўзи мушкул. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган умумий эҳтиёж 2030 йилга бориб ўтган 2018 йилга нисбатан 1,7 баробар ортади. Агар аҳолининг турмуш даражаси ошиб бораётганини ҳисобга олсак, яқин 10 йил ичида электр энергияга бўлган талаб қарийб 2 баробар ошиши ҳеч гап эмас...

5555

   Электр энергия ишлаб чиқариш ва истеъмолчиларга етказишда муқобил энергия турларининг салмоғини йилдан-йилга ошириб бориш — бугунги кунда энергетиклар олдида турган долзарб масалалардан бири. Хабарингиз бор, мамлакатимизда АЭС, фотоэлектр станцияси ва шамол электр станцияларини ишга тушириш бўйича инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Алоҳининг ўсиш суръати, турмуш даражаси ва иқтисодиётда саноатнинг улуши ошиб бораётган Ўзбекистонда энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалалари ҳам ўзига долзарблик касб этаётгани рост.

 

   Мазкур масалага ОАВ вакилларини жалб қилиш, истеъмол маданиятини мактабгача тарбия ёшидан бошлаб, мактаб ўқувчилари ўртасида шакллантириб бориш — бугунги кун талаби. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимидаги ташкилотлар қаторида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан ҳам бу борада таклиф ва мулоҳазалар кенг жамоатчилик эътиборига ташланмоқда, турли тадбирлар ўтказилиб, тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

   Бугун, 26 сентябрь куни Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида жойлашган 17-сонли умумтаълим мактабининг 6ж-синф ўқувчилари Ўзбекистон энергетикларини ўзларининг маънавий-маърифий тадбирига таклиф этишди. Шуниси қувонарлики, тадбир илгари педагоглар жамоаси ва мактаб ўқувчилари томонидан унчалик ҳам эътибор берилавермаган «Электр энергия ва табиий газ истеъмолида тежамкорлик» мавзусига бағишланган!

   Оилада, жамоат жойлари ва таълим масканида энергия тежамкорлигини турли саҳна кўринишлари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилидаги шеърлар ёрдамида ифодалаган мактаб ўқувчилари ўз тенгдошларини энергия ресусларидан оқилона фойдаланишга чақиришди. Энергия тежамкорлиги бу ўз эҳтиёжларини чегаралаш ёки чеклаш эмас, истеъмол маданияти эканлигини бадиий чиқишлар орқали намойиш этилди.

   «Электр энергия ва табиий газ истеъмолида тежамкорлик» мавзусидаги очиқ дарс «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг маҳорат дарсига уланиб кетди. Дадажон Исақулов мактаб ўқувчиларига энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги нима эканлиги, бу икки тушунчанинг қандай фарқи борлиги, электр энергияси қандай ишлаб чиқилиб, истеъмолчиларга қандай етказилиб бериши ҳақида гапириб берди.

   Интерактив руҳда ўтган тадбир давомида мавзуга оид мультфильм намойи этилди, ўқувчиларнинг қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари ҳаётий мисоллар билан жавоб қайтаришди. Тадбир давомида ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчи-мураббийларига «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан тайёрланган эсдалик совғалари: бадиий китоблар, ўқув қуроллари ҳамда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ логотипи туширилган кепкалар улашилди.

   Тадбир сўнггида Юнусобод тумани 17-умумтаълим мактабининг директори Гулноза Ҳамзаевна ва 6-синф раҳбари Сайёра Таджиева «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раиси Дадажон Исақуловга миннатдорлик билдириб, мактаб жамоаси номидан ташаккурнома ёрлиғи тақдим этишди.

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>