

► 2024 йилга қадар республикамизда мавжуд энергетик инфратузилманинг катта қисми жисмонан эскирган эди. Соҳага бозор механизмлари жорий этила бошлагандан кейин охирги 2 йилда тизимни модернизация қилиш ишлари жадаллашди.
2017–2025 йилларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан 110–500 кВ кучланишдаги 2 123 км электр узатиш тармоқлари қурилиб, 110–500 кВ кучланишли подстанцияларнинг қуввати 12 608 МВАга оширилди. Натижада электр қурилмаларидаги юкламалар 25 фоизга, авариявий ўчишлар 40 фоизга, электр узатишдаги йўқотишлар 0,5 фоизга ёки 269,3 млн кВт соатга камайтирилишига эришилди.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан республика ҳудудларидаги 53 та подстанцияда ҳамда узунлиги 930 км бўлган 35-110 кВ электр узатиш тармоқларида модернизация ва янгиланади.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги жами 90 минг 689 километр масофадаги 10 киловолт кучланишли электр узатиш тармоқларининг қарийб 48 фоизи, яъни 43 минг 641 километрли қисми оз эмас, кўп эмас, 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилмоқда.
Шунингдек, унинг 18 минг 159 километр қисми, яъни 20 фоизи 25 йилдан 40 йилгача бўлган муддат оралиғида ишлатиб келиняпти. 10 минг 658 километрлик қисми, бошқача айтганда, 12 фоизининг тортилганига 10 йилдан 25 йилгача бўлган.
Бор-йўғи, 20 фоизининг, яъни 18 минг 231 километр масофадаги электр тармоқларининг тортилганига 10 йилдан кам муддат бўлди.
Шунингдек, 6 киловолт кучланишли электр узатиш тармоқларининг умумий масофаси 15 минг 138 километр бўлиб, унинг 7 минг 184 километри, яъни 47 фоиздан зиёди 40 йилдан ортиқ ишлатилмоқда.
Мазкур тармоқларнинг 3 минг 119 километр, яъни қарийб 20 фоизлик қисми 25 йилдан 40 йилгача бўлган муддат оралиғида, 2 минг 143 километр, яъни 14 фоизлик қисми эса 10 йилдан 25 йилгача бўлган муддатдан бери ишлатиб келиняпти.
Унинг атиги 2 минг 589 километр қисми эса 10 йилдан кам муддат ишлаган. Бу улуш 18 фоиздан сал зиёдроқни ташкил қилади.
Бу рақамлар 0,4 киловолт кучланишга мўлжалланган 161 минг 402 километр электр узатиш тармоқларида ҳам деярли худди шундай.

Айни пайтда жисмонан ва маънан эскирган мазкур электр тармоқларини янгилаш, тизимни модернизация қилиш ва ривожлантириш учун яқин 5 йил ичида 4 миллиард АҚШ доллари керак. Шу билан бир қаторда, мавжуд 106 минг 140 та трансформаторнинг 38 минг 463 таси таъмирга муҳтож. Биргина шунинг ўзи учун қўшимча 400 миллион АҚШ доллари зарур бўлади
► Бугунги мураккаб шароитимизда эскирган инфратузилмани модернизациялаш орқали йўқотилаётган ресурсларни истеъмолчиларга йўналтириш эса энергетикадаги узилишларга барҳам беради. Шунинг учун ҳам биз, айниқса, яқин 5 йил давомида ва кейинчалик ҳам энергия ресурсларидан самарали, оқилона фойдаланишга, шахсий сарф-харажатларимизни кузатиб боришга, тежамкорликка ўрганишимиз керак. Ана шунда истеъмол маданияти шаклланади.
✍️ Ушбу ахборот Энергетика вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотномалар асосида тайёрланди.
‖ Facebook ‖ Instagram ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати