2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Ёқилғи-энергетика тизими ташкилотларининг янги раҳбарлари жамоага таништирилди
  • 27.07.2026
  • 6

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Бехзот Нарматов иштирокида ёқилғи-энергетика тизими ташкилотларига тайинланган янги раҳбарларни жамоага таништириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Энергетика вазири Шерзод Ходжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Сардор Исақулов ҳамда «Ўзэнергоинспекция» раҳбари лавозимига тайинланган Ахад Исоқжонов жамоага таништирилди. Унда ёқилғи-энергетика тизимидаги барча ташкилотлар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

Учрашув давомида бугун давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган танқидий йиғилишда белгиланган устувор вазифалар яна бир бор муҳокама қилиниб, уларнинг ижросини ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, белгиланган вазифаларни виждонан ва юксак масъулият билан бажариш, соҳада ижро интизомини янада мустаҳкамлаш, юклатилган вазифалар ижросига бефарқлик ёки хиёнатга мутлақо йўл қўйилмаслиги алоҳида таъкидланди. Бу борада ҳар бир раҳбар ва масъул ходимнинг шахсий жавобгарлиги юқори экани қайд этилди.

Шу билан бирга, соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳали жуда кўп экани таъкидланди. Эришилаётган натижаларни ютуқ сифатида эмас, балки ҳар бир раҳбар ва масъул ходимнинг ўз хизмат вазифасини виждонан ва сидқидилдан бажаришининг табиий натижаси сифатида баҳолаш зарурлиги қайд этилди. Барча куч ва саъй-ҳаракатлар белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва самарали ижросини таъминлашга қаратилиши лозимлиги алоҳида уқтирилди.

Йиғилиш якунида ёқилғи-энергетика тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари ва жамоалари зиммасига юклатилган вазифаларни биргаликда, фидойилик, юксак масъулият ва қатъий интизом асосида амалга ошириш зарурлиги яна бир бор таъкидланди.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/20602

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати 

http://t.me/uzmetaxborotxizmati