

#жараён
Янгийўл туманида электр ва газ таъминотини янада яхшилаш бўйича махсус штаб ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 27 июль куни ёқилғи-энергетика тармоғида келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида шу куннинг ўзида Янгийўл туманида Энергетика вазири Шерзод Ходжаев бошчилигида электр ва газ таъминотини янада яхшилаш бўйича махсус штаб ташкил этилди.
Мазкур штаб фаолиятини мувофиқлаштиришда Янгийўл тумани ҳокими Санъатбек Жуманиязов вазирнинг ўринбосари сифатида иштирок этади.
Штаб аъзолари икки ҳафта давомида туманнинг барча — 51 та маҳалласида аҳоли ва тадбиркорларнинг электр ҳамда табиий газга бўлган ойлик, чораклик ва йиллик эҳтиёжини чуқур ўрганади.
Ўрганишлар натижасида туманнинг энергия истеъмоли баланси шакллантирилиб, келгусидаги таъминот тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.
Президент томонидан белгиланган вазифаларга мувофиқ, жорий йилнинг 1 октябрига қадар барча ташкилий ва амалий ишларни якунлаб, Янгийўл туманини электр ва газ таъминоти бўйича республикадаги намунавий ҳудудлардан бирига айлантириш режалаштирилган.
Йиғилиш давомида ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзосига соҳага оид масалаларни тизимли ҳал этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Бехзот Нарматов, Энергетика вазири Шерзод Ходжаев, Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда вилоят ва туман мутасаддилари иштирок этди.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/20615
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати