

Президентимиз топшириғи асосида мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш, электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларда ташкил этилган махсус штаблар энергия таъминотидаги муаммоларни манзилли бартараф этиш, технологик йўқотишларни қисқартириш ва истеъмолчиларни узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Наманган вилояти Давлатобод туманида ҳам давлатимиз раҳбари топшириқлари ижросини таъминлашга қаратилган амалий ишлар жадал суръатларда давом этмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Абдумалик Назиров бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳудудларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, амалга оширилаётган лойиҳалар ижросини ўрганди.
Тумандаги 28 та маҳалла кесимида энергия истеъмоли баланси шакллантирилиб, электр ва газ тармоқларининг техник ҳолати комплекс ўрганилмоқда. Мавжуд эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда трансформаторлар ҳамда газ тақсимлаш қурилмаларини янгилаш, янги электр ва газ тармоқларини тортиш, технологик йўқотишларни қисқартириш, йирик истеъмолчиларда энергия аудитини ўтказиш ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда.
Шунингдек, кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, иситиш тизимларини соз ҳолатга келтириш, маҳаллалар кесимида энергия ресурслари истеъмоли ва дебитор қарздорлик ҳолатини таҳлил қилиш ишлари ҳам масъул ташкилотлар томонидан тизимли равишда амалга оширилмоқда.
“Ўзбекистон МЕТ” АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Уруновнинг таъкидлашича, махсус штаблар фаолияти ҳудудларда энергия таъминоти сифатини ошириш ва мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
–Бугун ҳар бир ҳудуд кесимида электр ва газ тармоқларининг ҳолати чуқур таҳлил қилинмоқда. Асосий мақсад эса аҳоли ва тадбиркорларни барқарор энергия билан таъминлаш, инфратузилмани босқичма-босқич янгилаш ҳамда технологик йўқотишларни камайтиришдан иборат. Давлатобод туманида амалга оширилаётган ишлар ҳам ана шу вазифаларнинг амалий ифодаси ҳисобланади, – деди У.Урунов.
Маълумки, республика бўйлаб танлаб олинган 15 та ҳудудда электр ва газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида махсус штаблар ташкил этилган. Ушбу штаблар ҳудудлардаги мавжуд ҳолатни атрофлича ўрганиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва манзилли бартараф этиш чораларини кўрмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА
Манба: https://uza.uz/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати