2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
ЭНEРГEТИКА ВАЗИРЛИГИ: Маҳалла энергетик паспорти — ҳудуд энергетикасини аниқ баҳолаш ва самарали бошқариш учун ягона маълумотлар асоси
  • 09.08.2026
  • 64

Ҳар бир маҳалла бўйича электр ва табиий газ таъминотига оид асосий маълумотларни бир тизимда жамлайдиган энергетик паспорт шакллантирилади.

Унда истеъмолчилар сони ва таркиби, истеъмол ҳажми, мавжуд қувват, электр ва газ инфратузилмасининг таркиби ва техник ҳолати, янги истеъмолчиларни улаш имкониятлари ҳамда модернизация эҳтиёжи акс эттирилади.

Бу маълумотлар орқали маҳаллада энергия ресурслари қандай тақсимланаётгани ва истеъмол қилинаётгани таҳлил қилинади. Қайси ҳудудларда техник ва тижорий йўқотишлар юқори экани, истеъмол ҳажмидаги кескин ёки одатдагидан фарқли ўзгаришлар, ҳисобга олинмаган истеъмол, шунингдек, ноқонуний ёки техник талабларга мос бўлмаган уланишлар мавжудлигини аниқлаш имконини беради.

Паспорт тармоқларнинг юкламаси, қувват захираси ва техник ҳолатини ҳам бир нуқтада кўриш имконини беради. Бу авариявий ҳолатлар хавфини олдиндан баҳолаш, уларнинг олдини олиш ва зарур ҳолатда таъминотни тезроқ тиклаш учун муҳим.
Масалан, тармоқнинг резерв имкониятларидан фойдаланиб, қувватни бошқа йўналишга қайта тақсимлаш орқали истеъмолчиларни узоқ вақт таъминотсиз қолдирмаслик бўйича тезкор қарор қабул қилиш мумкин бўлади.

Шу билан бирга, янги кўп қаватли уйлар, ижтимоий объектлар, тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш объектлари пайдо бўлиши натижасида юзага келадиган қўшимча юклама ҳам олдиндан ҳисобга олинади. Мавжуд қувват етарли бўлмаган ҳолатларда қайси тармоқ ёки трансформаторни кучайтириш, қаерда қўшимча инфратузилма зарурлиги ва бунинг учун қанча ресурс талаб этилиши аниқ белгиланади.

Шунинг учун энергетик паспорт — фақат маълумотларни жамлаш воситаси эмас. У маҳаллада энергиянинг ҳаракати, истеъмоли, йўқотишлари, тармоқ ҳолати ва хавфларини бир-бири билан боғлиқ ҳолда кўриш, муаммонинг сабабини аниқлаш, тезкор қарор қабул қилиш ва кейинги ривожланишни асослаш имконини берадиган бошқарув инструментидир.

Бунда асосий мақсад — муаммо юзага келгандан кейин чора кўриш эмас, балки унинг сабаб ва хавфларини олдиндан кўриш, зарур ҳолатда қувватни тезкор қайта тақсимлаш, таъминотни тиклаш ва инфратузилмани ўз вақтида кучайтириш.

Телеграм https://t.me/minenergy_uz