

Мустақиллик — олий неъмат! Жорий йилда Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллигини катта қувонч ва ифтихор билан нишонлаш арафасида турибмиз. 35 йил — шунчаки вақт ўлчови эмас. Бу халқимиз ҳаётида туб бурилишлар, миллий давлатчилигимизнинг тикланиши, улкан бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт, энг муҳими, инсон қадрини улуғлаш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар давридир.
Мустақиллик биз учун, аввало, ўз тақдиримиз ва келажагимизни ўз қўлимиз билан белгилаш ҳуқуқидир. Айнан истиқлол туфайли халқимиз миллий манфаатларимизга асосланган тараққиёт йўлини танлаш, давлат ва жамият ҳаётини мустақил равишда ташкил этиш, миллий қадриятларимиз, тилимиз, маданиятимиз ва тарихимизни тиклаш ҳамда асраб-авайлаш имкониятига эга бўлди.
Бугун Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни, ўз сўзи ва ўз манфаатларига эга бўлган мустақил давлат сифатида шакллангани — истиқлолнинг энг буюк самараларидан биридир.
Мустақиллик — тараққиёт ва ислоҳотлар пойдевори
2026 йилда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигини муносиб нишонлашга тайёргарлик жараёнида ҳам истиқлолнинг мамлакатимиз давлатчилиги, бугунги тараққиёти ва келажак авлодлар тақдири учун беқиёс аҳамияти алоҳида таъкидланмоқда.
Миллий суверенитет ва давлат мустақиллиги мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий тараққиётининг энг асосий шарти экани қайд этилган.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Янги саноат корхоналари, замонавий транспорт ва коммуникация инфратузилмаси барпо этилди, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси ўзгарди, таълим ва тиббиёт тизимларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Иқтисодиётни модернизация қилиш, ташқи савдо ва инвестиция муҳитини кенгайтириш бўйича янги имкониятлар яратилди. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказига инсон омили қўйилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. “Инсон қадри учун” тамойили давлат сиёсатининг муҳим мезонига айланди.
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, муносиб яшаш шароитларини яратиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Барқарор энергетика — тараққиётнинг муҳим омили
Бу жараёнда энергетика соҳасининг ўрни алоҳида. Зеро, электр энергияси, табиий газ ва кўмир каби ёқилғи-энергетика ресурслари замонавий ҳаётнинг энг муҳим асосларидан ҳисобланади.
Энергетикадаги барқарорлик — бу саноат корхоналарининг узлуксиз ишлаши, тадбиркорликнинг ривожланиши, янги иш ўринларининг яратилиши, мактаб ва шифохоналарнинг барқарор фаолияти, хонадоннинг фаровон ҳаёти демакдир.
Мустақиллик йилларида мамлакатимиз энергетика тизими босқичма-босқич ривожланиб, бугунги кунда катта ва мураккаб энергетик инфратузилмага айланди. Айниқса, кейинги йилларда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, эскирган тармоқларни модернизация ва реконструкция қилиш, янги подстанциялар ва электр узатиш тармоқларини барпо этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилишга катта эътибор қаратилмоқда.
Бу ишлар самарасини аниқ рақамларда ҳам кўриш мумкин.
Бу ишлар самарасини аниқ рақамларда ҳам кўриш мумкин. Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми изчил ошиб борди. Жумладан, 2016 йилда 59,0 млрд кВт·соат бўлган электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичи 2025 йилга келиб 86,7 млрд кВт·соатга етди.
Хусусан, республикада электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилда 59,0 млрд, 2017 йилда 60,7 млрд, 2018 йилда 62,8 млрд, 2019 йилда 63,6 млрд, 2020 йилда 66,4 млрд, 2021 йилда 71,3 млрд, 2022 йилда 74,3 млрд, 2023 йилда 78,0 млрд, 2024 йилда 81,5 млрд ва 2025 йилда 86,7 млрд кВт·соатни ташкил этди. 2025 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилдагига нисбатан 27,7 млрд кВт⋅соат ёки 46 фоиз кўпни ташкил этди.
Шу билан бирга, электр энергияси ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши ҳам жадал ортиб бормоқда. “Яшил” электр станциялари томонидан 2022 йилда “яшил” электр станциялари томонидан 434 млн кВт·соат, 2023 йилда 576,9 млн кВт·соат, 2024 йилда 4,9 млрд кВт·соат, 2025 йилда эса 10,5 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Ўсиш суръати 2026 йилда ҳам давом этмоқда. 2026 йилнинг январь–июль ойларида йирик қувватли қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 7,5 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоиз кўпдир.
Мазкур кўрсаткичлар мамлакат энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбалари нафақат янги қувват сифатида, балки электр энергияси ишлаб чиқаришнинг тобора муҳим манбасига айланиб бораётганини кўрсатади.
Рақамлар ортида инсон ҳаёти бор
Энергетика соҳасидаги ҳар бир кўрсаткич, аслида, инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ.
Барқарор электр таъминоти — хонадондаги ёруғлик, боланинг таълим олиши, шифохонада беморга зарур тиббий хизматнинг узлуксиз кўрсатилиши, тадбиркорнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тўхтатмаслиги ва янги иш ўринларининг яратилиши демакдир.
Шу маънода энергетика соҳасида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа, ҳар бир янги қувват, ҳар бир модернизация қилинган тармоқ, аввало, инсон қадри ва фаровонлигига хизмат қилади.
Бугунги вазифа эса фақат мавжуд энергетик қувватларни кўпайтиришдан иборат эмас. Энергиядан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Энергия самарадорлиги — фақат иқтисодий тежамкорлик эмас. Бу табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни асраш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва келажак авлодлар учун барқарор энергетик тизим яратишдир.
Ўз келажагимизни ўзимиз қурамиз
Мустақиллик бизга ана шундай узоқни кўзлаб ишлаш имконини берди. Бугун мамлакатимиз ўз энергетика сиёсатини миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда белгиламоқда, замонавий технологияларни жалб қилмоқда, хорижий инвестициялар учун янги имкониятлар яратмоқда ва миллий мутахассислар салоҳиятини оширмоқда.
Энг муҳими, истиқлол бизга ўз келажагимизни ўзимиз қуриш имконини берди.
Бугун биз қандай Ўзбекистонни барпо этишимиз кераклиги ҳақида эркин фикр юритяпмиз. Замонавий, рақобатбардош, технологик жиҳатдан ривожланган, энергия ресурсларидан самарали фойдаланадиган, “яшил” иқтисодиётга интиладиган ва энг муҳими, инсон қадри устувор бўлган давлатни барпо этиш мақсадида ҳаракат қиляпмиз.
Янги таҳрирдаги Конституциямиз ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси ҳам ана шу тараққиёт йўлининг муҳим ҳуқуқий ва стратегик асосларидир.
Шу боис Мустақиллик байрами фақат ўтган 35 йилни сарҳисоб қилиш куни эмас. Бу, аввало, олдимизда турган улкан вазифаларни англаш, келажак учун масъулиятни ҳис қилиш ва янги марралар сари интилиш кунидир.
Эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, энергетик барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқларининг энергияга бўлган эҳтиёжини ишончли қондириш ва замонавий энергетика тизимини шакллантириш олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Мустақиллик — келажак учун масъулият
Бугун биз 35 йиллик тараққиёт йўлимизга назар ташлар эканмиз, бир ҳақиқатни яна бир бор чуқур англаймиз: Ватан тараққиётининг энг катта бойлиги — унинг халқидир.
Ислоҳотларнинг энг муҳим мезони — инсон ҳаётининг яхшиланиши. Давлат қудратининг энг асосий кўрсаткичи эса халқнинг эртанги кунга ишончи ва мамнуниятидир.
Мустақилликнинг 35 йиллиги биз учун ўтган йўлларни сарҳисоб қилиш билан бирга, келажакка янада катта ишонч билан қадам қўйиш, янги марраларни белгилаш ва Ватан тараққиёти учун янада масъулият билан меҳнат қилишга ундайди.
Зеро, мустақиллик — бу бизга берилган энг улуғ неъматгина эмас, балки уни асраш, мустаҳкамлаш ва келажак авлодларга янада фаровон Ўзбекистонни қолдириш учун юклатилган буюк масъулият ҳамдир.
Барчангизни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман!
МИРАББОС МУРАТАЕВ,
Энергетика вазирлиги бош мутахассиси,
Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати.
Манба: https://gov.uz/uz/minenergy/news/view/209845
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати