2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
НАМАНГАН ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ: Куз-қиш мавсумига тайёргарлик — барқарорлик ва масъулият талаби
  • 11.09.2026
  • 11

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Салом Самадов бошчилигида Наманган шаҳрида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш, шунингдек, коммунал хизматлар бўйича юзага келган дебитор қарздорликларни бартараф этиш масалаларига бағишланган муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳокимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларининг масъул мутасаддилари иштирок этди.

Шунингдек, муҳокама йиғилишида Давлатобод тумани штаби раҳбари — «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.А.Назиров ҳам иштирок этиб, магистрал электр тармоқлари ва юқори кучланишли подстанцияларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот бериб, Давлатобод штаби фаолияти билан таништирди.

Йиғилишда ҳудудларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати, мавжуд муаммолар ва аниқланган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа обектларини коммунал хизматлар билан барқарор таъминлаш, муҳандислик тармоқларининг шайлигини таъминлаш ҳамда мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, коммунал хизматлардан фойдаланиш натижасида шаклланган дебитор қарздорликларни қисқартириш ва мавжуд қарздорликларни ундириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш, қарздорликларни ундириш чораларини кучайтириш ҳамда масъул раҳбарларнинг бу борадаги шахсий жавобгарлигини ошириш юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Муҳокама якунида белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш, куз-қиш мавсумида аҳолига коммунал хизматларни узлуксиз ва сифатли кўрсатиш, шунингдек, аниқланган муаммоларга манзилли ва амалий ечим топиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Манба: Наманган шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати