2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Президент матбуот котиби: Ахборот хизматлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказилди
  • 19.09.2026
  • 4

Бугун Тошкент вилоятидаги Касаба уюшмалари федерациясига қарашли «Севарсой» сиҳатгоҳида ўтказилаётган "Ахборот хизмати фаолияти: таҳлил, тажриба ва ривожланиш" мавзусидаги ўқув-амалий семинарда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот қилдик. Соҳадаги ишларни танқидий таҳлил қилиб, мавжуд муаммолар ва устувор вазифаларни кўриб чиқдик.

Рақамли муҳит шиддат билан ўзгараётган бугунги кунда ахборот хизматларидан тезкорлик, ташаббускорлик ва юқори касбий масъулият талаб этилади. Жамоатчилик учун муҳим ахборотни ўз вақтида, аниқ ва тушунарли етказиш, эҳтимолий инқирозли вазиятларга олдиндан тайёр бўлиш, ОАВ билан конструктив ҳамкорлик қилиш ҳамда ахборот очиқлиги ва хавфсизлиги ўртасида мувозанатни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдик.

Ахборот хизматлари фаолияти бўйича таҳлилий ўрганиш натижаларини кўриб чиқдик. Журналистлар ва жамоатчилик билан очиқ мулоқот қилиш асосий вазифа, бу ишнинг сифати эса фаолият самарадорлигининг бош мезони экани таъкидланди. Муҳокама якунида таклифларни умумлаштириб, уларни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдик.

Эртага семинарда сунъий интеллектдан оқилона ва самарали фойдаланиш, рақамли воситалар ёрдамида контент тайёрлаш, ахборотни таҳлил қилиш ва коммуникация жараёнларини такомиллаштиришга бағишланган тақдимотлар бўлиб ўтади. Мақсадимиз – ахборот хизматларининг билим ва тажрибасини бойитиш, жамоатчилик билан очиқ, ишончли ва самарали мулоқотни йўлга қўйишдир. 

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати