

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ халқаро рейтинг агентлиги — Moody’s Ratings томонидан биринчи марта Ba2 даражасида корпоратив кредит рейтингига эга бўлди, рейтинг бўйича прогноз — “Stable” (барқарор).
Мазкур рейтинг “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг (кейинги ўринларда – Акциядорлик жамияти) халқаро рейтинг агентликлари билан тизимли ишлаши, молиявий шаффофликни ошириш, энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги фаол иштироки ҳамда компаниянинг миллий электр узатиш тизимидаги стратегик аҳамиятини халқаро миқёсда баҳолашда муҳим натижалардан бири бўлди.
Moody’s Акциядорлик жамиятининг кредит профилини Ba2 даражасида баҳолади
Moody’s Ratings Акциядорлик жамиятига бир вақтнинг ўзида учта муҳим кредит баҳосини берди:
· Ba2 — Corporate Family Rating (CFR) — NEGUнинг якуний корпоратив кредит рейтинги;
· Ba2-PD — Probability of Default Rating (PDR) — дефолт эҳтимоли нуқтаи назаридан кредит баҳоси;
· ba2 — Baseline Credit Assessment (BCA) — компаниянинг давлатнинг фавқулодда қўллаб-қувватлашисиз мустақил кредит салоҳиятини ифодаловчи баҳо.
Шунингдек, Акциядорлик жамияти рейтинги бўйича “Stable” — барқарор прогноз белгиланди.
Муҳим жиҳати шундаки, Акциядорлик жамиятининг ba2 даражасидаги мустақил кредит баҳоси Ўзбекистон Республикасининг Ba2 суверен кредит рейтинги билан бир хил рейтинг даражасига тўғри келади. Moody’s Акциядорлик жамиятининг якуний Ba2 рейтингини белгилашда компаниянинг мамлакат электр энергетика тизимидаги стратегик аҳамияти, давлат билан юқори даражадаги алоқадорлиги ва молиявий қийинчиликлар юзага келган тақдирда давлат томонидан қўллаб-қувватланиш эҳтимолини ҳам ҳисобга олган.
Акциядорлик жамиятининг стратегик аҳамияти алоҳида қайд этилди
Moody’s баҳосига кўра, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ўзбекистонда электр энергиясини узатиш (транспортировка) хизматларининг монопол провайдери сифатида мамлакат энергетика тизимида муҳим ўрин эгаллайди.
Компания магистрал электр тармоқларини эксплуатация қилиш ва ривожлантириш, электр энергиясининг давлатлараро транзитини таъминлаш ҳамда қўшни давлатларнинг электр энергетика тизимлари билан ҳамкорлик қилиш каби стратегик вазифаларни амалга оширади.
Компаниянинг асосий фаолиятини электр энергиясини узатиш бизнесига босқичма-босқич йўналтириши — унинг бизнес моделидаги хатарларни камайтириш, операциялар ва пул оқимларининг шаффофлиги ҳамда прогноз қилинишини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Тариф ислоҳотлари молиявий барқарорликни қўллаб-қувватламоқда
Акциядорлик жамияти кредит профилининг яхшиланишида тариф сиёсатининг такомиллашуви ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Moody’s маълумотларига кўра, 2026 йил август ойида янги RAB (Regulatory Asset Base) тартиби доирасида тарифларни 18 фоизга ошириш компаниянинг даромадлари ва пул оқимларини қўллаб-қувватловчи омиллардан бири бўлган.
Янги тариф механизмининг босқичма-босқич жорий этилиши ва электр энергиясини узатиш ҳажмларининг ўсиши натижасида компаниянинг молиявий натижалари келгусида янада яхшиланиши кутилмоқда.

Moody’s жамиятнинг молиявий барқарорлиги бўйича ижобий динамикани кутмоқда
Moody’s жамиятнинг келгуси даврдаги молиявий кўрсаткичлари бўйича ижобий прогноз берган.
Агентлик баҳосига кўра, Moody’s-adjusted FFO / Net Debt кўрсаткичи:
· 2025 йилда — 9%;
· 2026 йилда — тахминан 25%;
· 2027 йилда — 30%дан юқори
даражага етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Moody’s-adjusted FFO interest coverage кўрсаткичи:
· 2025 йилда — 3,3x;
· 2026 йилда — 5,5x дан юқори;
· 2027 йилда — 8,0x
даражасига яхшиланиши прогноз қилинган.
Ушбу кўрсаткичлар компаниянинг қарз мажбуриятларига хизмат кўрсатиш қобилияти ва молиявий барқарорлиги бўйича ижобий динамика кутилaётганини кўрсатади.
Инвестиция дастури — узоқ муддатли ривожланишнинг асосий йўналиши
Акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилаётган йирик инвестиция дастури миллий электр узатиш инфратузилмасини модернизация қилиш, тармоқни кенгайтириш, рақамлаштириш ҳамда электр таъминотининг ишончлилиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган.
Moody’s ушбу инвестиция дастури компаниянинг эркин пул оқимларига босим ўтказиши мумкинлигини қайд этган бўлса-да, капитал харажатларнинг катта қисми олдиндан молиялаштирилгани, инвестиция дастурининг диверсификация қилингани ва асосий лойиҳаларнинг юқори даражада тайёрлиги ушбу хатарларни қисман юмшатишини таъкидлаган.
Халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик
Акциядорлик жамиятининг кредит профилида халқаро молия институтларидан узоқ муддатли молиялаштириш имкониятлари ҳам муҳим ўрин тутади. Унинг инвестиция дастурларини амалга оширишда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик қилиши, шунингдек, қарз портфелининг катта қисми бўйича давлат кафолатларининг мавжудлиги молиявий ва ликвидлик хатарларини юмшатувчи омиллар сифатида баҳоланган.
Бу, ўз навбатида, Акциядорлик жамиятининг халқаро молия бозорларидаги ишончли ҳамкор сифатидаги позициясини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади.
Молиявий бошқарув ва корпоратив бошқарувни янада кучайтириш
Moody’s баҳосида жамият учун келгуси даврда молиявий сиёсатни янада институционаллаштириш муҳим йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.
Акциядорлик жамияти томонидан дивиденд сиёсати, қарзларни бошқариш ва ликвидлик бўйича расмий мақсадли кўрсаткичларни 2026 йил якунига қадар қабул қилиш режалаштирилгани молиявий интизомни янада кучайтирувчи омил сифатида баҳоланган.
Бу чоралар компаниянинг молиявий бошқарув тизимини халқаро амалиётларга янада яқинлаштириш ва инвесторлар учун шаффофликни оширишга хизмат қилади.
Халқаро капитал бозорларига чиқиш салоҳияти
Moody’s томонидан жамиятга биринчи марта халқаро корпоратив кредит рейтинги берилиши компаниянинг халқаро инвесторлар ва молиявий институтлар билан мулоқотини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадамдир.
Халқаро рейтинг компаниянинг кредит профили мустақил халқаро рейтинг агентлиги томонидан баҳоланганини англатади ҳамда келгусида капитал бозорларидан молия жалб қилиш, инвесторлар билан муносабатларни ривожлантириш ва компаниянинг халқаро молиявий майдондаги шаффофлигини ошириш учун муҳим асос яратади.
Акциядорлик жамияти учун муҳим натижа
Moody’s Ratings томонидан биринчи марта Ba2 корпоратив кредит рейтинги ва “Stable” прогнозининг берилиши Акциядорлик жамиятининг сўнгги йилларда амалга ошираётган институционал, молиявий ва операцион ислоҳотларининг халқаро рейтинг агентлиги даражасидаги баҳосидир.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти нинг асосий мақсади — электр узатиш инфратузилмасини модернизация қилиш, электр энергияси узатиш хизматларининг ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ корпоратив ва молиявий бошқарув тизимини янада ривожлантиришдан иборат.
Иқтисодиёт ва режалаштириш бошқармаси, Молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш бўлими
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати