2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Янгиликлар
Энергетика вазири Қашқадарёда энергетика объектларининг мавсумга тайёргарлигини кўздан кечирди  
  • 22.10.2026
  • 20

Энергетика вазири Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида 220/110/35/6 кВ кучланишли «Қарши» подстанциясида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан танишди.
 
Вилоят электр таъминотида муҳим ўрин тутадиган ушбу подстанция орқали Қарши шаҳри ҳамда Касби, Миришкор, Косон, Нишон ва Қарши туманларидаги 600 мингдан ортиқ аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари, 10 дан зиёд йирик корхона ва 9 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъектлари электр энергияси билан таъминланади.
 
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад подстанциянинг мавсумга тайёрлигини, электр таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича кўрилган чораларни, мавжуд захиралар, техника ва ускуналар ҳолатини, шунингдек, ходимларнинг тайёргарлигини ўрганишдан иборат бўлди. Подстанциянинг ишончли фаолиятини таъминлаш учун амалга оширилган ишлар ва олдинда турган вазифалар кўриб чиқилди.
 
Подстанциянинг ўз эҳтиёжлари учун сарфланадиган электр энергиясини тежаш мақсадида бу ерда 30 кВт қувватли қуёш панеллари ҳам ўрнатилган.
 
Шунингдек, “Қашқадарё магистрал электр тармоқлари” филиали томонидан вилоятда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Жорий йилда режага киритилган 374,5 км электр тармоғида мукаммал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилди. Бу кўрсаткич республикадаги магистрал электр тармоқлари филиаллари орасида энг юқори натижа ҳисобланади.
 
Бундан ташқари, режада белгиланган 32 та ўчиргичнинг барчаси таъмирланди. Бир дона юқори кучланишли трансформаторни таъмирлаш режалаштирилган бўлса, амалда 6 та трансформатор таъмирдан чиқарилди.
 
Ташриф якунида энергетика объектининг ишончлилигини янада ошириш, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш ва истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Манба: https://t.me/minenergy_uz/21454

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати