2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада    arxiv.uzbekistonmet.uz
Ҳисоботлар
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг кредит рейтинги Fitch Ratings томонидан “BB” даражасида тасдиқланди, рейтинг бўйича прогноз — “Positive”
  • 20.11.2026
  • 29

Халқаро рейтинг агентлиги Fitch Ratings 2026 йил 12 ноябрда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг кредит рейтингини “BB” даражасида, рейтинг бўйича прогнозни эса “Positive” (ижобий) даражасида баҳолади.

Fitch Ratings баҳолашига кўра, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг кредит рейтинги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги билан тенглаштирилган бўлиб, бу компаниянинг давлат билан мустаҳкам алоқалари, стратегик аҳамияти ва давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватланиши билан изоҳланади.

Агентлик маълумотларига кўра, 2025 йил учун тўлиқ ва 2026 йилнинг биринчи ярми ҳолатига Компания қарзларининг 90 фоиздан ортиқ қисми давлат кафолатлари билан таъминланган ёки давлат томонидан бевосита молиялаштирилган. Fitch Ratings мазкур кўрсаткич 2026–2028 йилларда ҳам 75 фоиздан юқори даражада сақланиб қолишини прогноз қилмоқда.

Компаниянинг стратегик аҳамияти ва тармоқдаги ўрни

Fitch Ratings Компаниянинг кредит профилини баҳолашда Ўзбекистон электр энергиясини узатиш тизимидаги табиий монопол мавқеи, мамлакат энергетика инфратузилмасининг муҳим бўғини сифатидаги роли, электр энергияси узатиш тармоқларини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича инвестиция дастурларини асосий ижобий омиллар сифатида қайд этган.

Шунингдек, электр энергиясини харид қилиш ва сотиш билан боғлиқ фаолиятнинг босқичма-босқич ажратилиши ҳамда 2024 йилда ягона харидор тизимининг жорий этилиши Компаниянинг операцион фаолиятидаги молиявий ўзгарувчанликни камайтириш ва рентабеллигини яхшилашга хизмат қилган.

Тариф сиёсати ва тартибга солиш тизимидаги ислоҳотлар

Fitch Ratings электр энергиясини узатиш хизматлари тарифларини босқичма-босқич ошириш ва тартибга солишнинг янги механизмларини жорий этишни Компаниянинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашда муҳим омил сифатида баҳолайди.

2025–2026 йилларда амалга оширилган тариф ўзгаришлари натижасида 2026 йил август ойида электр энергиясини узатиш тарифи 2024 йилга нисбатан икки баробарга ошган. 2027 йилдан бошлаб активлар базаси (Regulatory Asset Base — RAB) асосида тарифларни шакллантириш тизимига тўлиқ ўтиш ҳамда тарифларни йиллик тахминан 5 фоиз даражасида индексация қилиш кутилмоқда.

Агентликнинг таъкидлашича, рағбатлантирувчи тартибга солиш механизмларининг жорий этилиши инвестицияларни қўллаб-қувватлаш, тармоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва Компаниянинг молиявий кўрсаткичларини яхшилаш учун муҳим замин яратади.

Инвестиция дастури ва молиявий кўрсаткичлар прогнозлари

Компаниянинг электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш, янги генерация қувватларини тармоққа интеграциялаш, инфратузилма ишончлилигини ошириш ва рақамлаштиришга қаратилган инвестиция дастури Fitch Ratings баҳолашида муҳим ўрин эгаллайди.

Компаниянинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган бизнес-режаси доирасида инвестиция харажатлари тахминан 1,5 млрд АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Ушбу инвестицияларнинг асосий қисми халқаро молия институтлари маблағлари, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва Компаниянинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши режалаштирилган.

Fitch Ratings прогнозларига кўра, Компаниянинг EBITDA кўрсаткичи 2026 йилда 2,6 трлн сўмга, 2027 йилда 3,2 трлн сўмга ва 2028 йилда 3,5 трлн сўмгача ўсиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, операцион фаолиятдан олинадиган маблағлар (Funds from Operations — FFO) 2026 йилда тахминан 2,0 трлн сўм, 2027 йилда 2,5 трлн сўм ва 2028 йилда 2,7 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинган.

Компаниянинг FFO бўйича қарз юки кўрсаткичи 2025 йилда 6,7x даражасида бўлган бўлса, 2026–2028 йилларда ушбу кўрсаткичнинг ўртача 4,0x атрофида шаклланиши кутилмоқда. FFO ва фоиз тўловларини қоплаш кўрсаткичи эса 2025 йилдаги 3,7x даражасидан 2026 йилда 5,5x, 2027 йилда 6,2x ва 2028 йилда 6,1x даражасигача яхшиланиши прогноз қилинган.

Давлат кўмаги ва кредит рейтингининг истиқболлари

Fitch Ratings Компаниянинг мамлакат электр энергетика тизимидаги стратегик аҳамияти, давлат томонидан инвестиция дастурларининг қўллаб-қувватланиши, қарз мажбуриятларининг асосий қисми давлат кафолатлари билан таъминланганлиги ҳамда давлатнинг Компания фаолияти устидан назорат ва стратегик қарорлар қабул қилишдаги иштироки кредит рейтингини баҳолашда муҳим омиллар эканини қайд этган.

Шу билан бирга, агентлик Компаниянинг мустақил кредит профилини (Standalone Credit Profile — SCP) “b” даражасида баҳолаган. Ушбу баҳолаш электр энергиясини узатиш тармоғидаги монопол мавқе, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ва молиявий кўрсаткичларнинг яхшиланиши билан бир қаторда, тартибга солиш тизимининг ҳали шаклланиш босқичида экани, контрагентлар билан боғлиқ рисклар ва юқори инвестиция эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олган.

Fitch Ratings томонидан “Positive” прогнознинг белгиланиши Компаниянинг молиявий ва операцион кўрсаткичлари, энергетика соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда давлат билан мустаҳкам алоқаларнинг сақланиб қолишига нисбатан ижобий кутилмаларни акс эттиради.

Мазкур кредит рейтинги “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг халқаро молия институтлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш имкониятларини мустаҳкамлаш ва халқаро молия бозорларида Компаниянинг кредитоспособлигини баҳолашда муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Иқтисодиёт ва режалаштириш бошқармаси, Молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш бўлими

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati