Янгиликлар
Тадбиркорликни жадал ва янада кенг ривожлантириш учун барча шароитларни яратиш – энг муҳим вазифамиздир
  • 21.08.2021
  • 269

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувда сўзлаган нутқи

 

Ҳурматли тадбиркорлар ва учрашувимиз иштирокчилари!

Авваламбор, бугун барчангизни соғ-саломат ва кўтаринки кайфиятда кўриб турганимдан беҳад хурсандман.

Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор.

Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келишини таъкидлаш лозим. Ҳозирги кунда ушбу тармоқда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилаётгани унинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини кўрсатади. Шу боисдан ҳам агар биз иқтисодиётимизни, ижтимоий соҳани янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур.

Албатта, кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги имконият ва шароитларни яратдик. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг аксариятига барҳам берилди.

Энг асосийси, эл-юртимиз ўртасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрўси ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади.

Масалан, биргина Наманган вилоятида – “Chust Textile” (ака-ука Исматуллаевлар), “Art Soft Holding” (ака-ука Бобохоновлар), Тошкент шаҳрида – “Techno export” (Шерзод Қосимов), Тошкент вилоятида – “New Way Industries” (Сардор Аббосхонов), Самарқандда – “Oxalik Oltin Bog‘i Mevasi” (Олим Солиев) каби корхоналар ўз фаолиятини “ноль”дан бошлаб, ҳозирги кунда 10-15 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда. Айни пайтда уларнинг ҳар бири минглаб иш ўринларини яратиб, нуфузли йирик компанияларга айлангани диққатга сазовордир.

Таъкидлаш керакки, бундай юқори самарали фаолият кўрсатаётган корхоналар ҳар бир ҳудудда кўплаб топилади. Мисол учун, Андижонда – “Dinar tekstil” (Ҳадиятилло Тиллабоев), Қашқадарёда – “Bunyodkor” (Ғолиб Эрқулов), Сирдарёда – “Sirdaryo mega lyuks” (Муҳиддин Норматов), Фарғонада – “Fergana global textile” (Мўминжон Разақов), Хоразмда – “Xorazm tex” (Алишер Собиров), Жиззахда – “Sangzor tekstil” (Отабек Хўжаметов), Бухорода – “Parvoz xumo ravnaq trans” (Шермуҳаммад Очилов), Сурхондарёда – “Indenim klaster” (Шерзод Шоймардонов), Навоийда – “Baht-Textile” (Баҳриддин Мўминов) каби корхоналар, қисқа муддатда ишлаб чиқариш, экспорт ва иш ўринларини 10-15 баробар оширишга эришганини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.

Камол Абдуллаев, Қутлимурат Панаев, Муртазо Раҳматов, Улуғбек Сотиболдиев, Улуғбек Тўхтабоев, Мурод Ёқубов, Зафар Ҳошимов, Шавкат Жамолов, Мурод Назаров, ака-ука Мамасаидовлар, Фаррух Фузаилов, Бахтиёр Азизхўжаев, Фарҳод Мамажанов, Бекзод Маматқулов, Бахтиёр Умаров каби нуфузли тадбиркорларимиз эса ўз бизнесларини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб бормоқда.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Мен бугун ушбу залда ва жойлардаги студияларда қатнашаётган юзлаб тадбиркор ёшлар ва опа-сингилларимизни кўриб турганимдан бениҳоя хурсандман.

Биз кейинги 2 йилнинг ўзида фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирдик. Улар ўз бизнесини бошлаши, жумладан, касб ва тадбиркорликни пухта ўрганиши учун барча шароитлар яратилди.

Намангандан – Анна Добрих, марғилонлик – Наргиза Аминова, хоразмлик – Шаҳло Йўлдошева, Тошкент шаҳридан – Мунира Қориева, Мадина Аюпова, Тошкент вилоятидан – Наргиза Бекмуродова, сурхондарёлик – Муҳаббат Қаюмова каби юзлаб аёлларимиз бугунги кунда эл-юртимизга танилган тадбиркорга айландилар.

Сўнгги 5 йилда мамлакатимизда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди.

Тадбиркор аёллар ва ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Қадрли тадбиркор дўстларим!

Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз.

Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман.

Ана шундай фаол ва фидойи тадбиркорларнинг 100 нафарига, чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида, биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан миннатдорчилик хатини имзоладим.

Ана шу тадбиркорларимизнинг 50 нафари шу залда, яна 50 нафари эса ҳудудий студияларда қатнашмоқдалар.

Фурсатдан фойдаланиб, шундай эътирофга сазовор бўлган фидойи, ватанпарвар, саховатпеша ва ғайрат-шижоатли тадбиркор ва ишбилармонларга яна бир бор чуқур ташаккур билдираман ва сизларнинг сафингиз бутун мамлакатимиз бўйлаб кун сайин кенгайиб боришига астойдил ишонаман.

Азиз юртдошлар!

Бугун илк бор мутлақо янгича форматда – очиқ мулоқот шаклида сизлар билан юзма-юз учрашиб, бизнес соҳасидаги муаммо ва масалалар ҳақида батафсил гаплашиб олишга қарор қилдик.

Хабарингиз бор, камбағалликни қисқартириш, “маҳаллабай” ишлаб, жойларда ўсиш нуқталарини аниқлаш, ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича катта марраларни белгилаб олганмиз. Бу борада давлат идоралари ва хизмат кўрсатувчи барча ташкилотлар тадбиркорлар билан ҳар куни яқин ҳамкорликда ишлаб, уларга амалий ёрдам кўрсатиши шарт.

Бугунги мулоқотга тайёргарлик жараёнида кўплаб савол ва таклифлар тушгани сабабли мурожаатларнинг қабул муддатини 1 августдан 10 августга қадар, яъни 10 кунга узайтиришга мажбур бўлдик. Тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббуслар келиб тушди ва шу кунгача жойларда уларнинг кўпчилиги ҳал этилди.

Айниқса, Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ишлар тизимли ташкил қилиниб, тадбиркорларимизнинг 90 фоиз муаммолари қисқа фурсатларда ҳал қилиб берилгани, албатта, қувонарли ҳол.

Қаерда муҳит яхши бўлса, ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари Президент талабини тўғри тушунган бўлса, ўша ерда иш услуби, тадбиркорларга муносабат ўзгарган. Аксинча, тадбиркорнинг дарди билан яшамаган, улар кўтарган муаммоларнинг ичига кирмасдан, кўмак бермаган раҳбарлар фаолиятига эса, халқимизнинг ўзи баҳо беради ва бундай раҳбарларга бизнинг сафимизда ўрин йўқ ва келажакда ҳам шундай бўлади.

Бир нарсани барчамиз аниқ тушуниб олишимиз лозим. Тадбиркорларимизнинг ушбу мурожаатлари – амалдаги ислоҳотларимиз кўзгусидир. Шу боис ҳар бир вазирлик ва идора раҳбари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари келиб тушган мурожаатларни ўзларининг фаолиятига берилган баҳо, деб билишлари, бундан тўғри хулоса чиқариб, мазкур йўналишда кескин ўзгаришлар қилишлари зарур ва шарт.

Ташаббус кўрсата олмайдиган, янги-янги ғояларни кўтариб чиқишга, ўзгариш қилишга интилиши бўлмаган раҳбарларга нисбатан талаб ва чоралар жуда қаттиқ бўлади.

Ҳурматли бизнес вакиллари!

Мен сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман.

Бугунги кунга қадар энг долзарб муаммоларни тизимлаштириб, уларни ҳал этишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Бугун сизлар билан биргаликда уларни батафсил муҳокама қилиб олмоқчимиз.

Биринчи йўналиш. Сизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ. Ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган.

Масалан, Ургутда электр техникаси маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган “Sam Elektro Servis” корхонаси икки ярим миллиард сўм кредитни 3 йил муддатга олгани, корхона фойда билан ишлаши учун эса, унга камида 5 йил муддат кераклигини таъкидлаган.

Ҳақиқатан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди.

Шунингдек, банклар томонидан 18 мингга яқин тадбиркорга йиллик 8-10 фоизда хорижий валютада берилган кредит, валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобидан, қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда. Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш йўлида оғир юк, тўсиқ бўлиб турганини кўрсатмоқда. Шу боис тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.

Биринчидан, банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари бўйича қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида, ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади.

Қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим этса, ушбу маблағлар ана шу банкларга ажратилади.

Иккинчидан, юқорида қайд этилган маблағларни жалб этмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади. Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида миллий валютада 5 триллион сўмлик евробондлар чиқарилади.

Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр, замонавий технологияларга эга бўлган йирик хорижий банкларнинг юртимизга кириб келиши учун кенг имкониятлар яратамиз. Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади.

Бугунги йиғилишда қатнашаётган ҳар бир банк раҳбари “тобора кучайиб бораётган рақобатга муносиб бўлиш ҳамда тадбиркорларни рози қилиш учун нимани ўзгартиришим керак”, деган саволни ўзига бериши ва жиддий хулоса қилиши лозим.

Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб этишидан қатъи назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – “сўм”да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади.

Хорижий валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар. Шу боис Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўтказиб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади.

Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркор учун қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди. Мазкур компания барча ҳудуд ва тармоқлар билан яқин ҳамкорликда ишлайди.

Тўртинчидан, бундан буён Ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.

Ушбу масала ечимига Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоров, молия вазири Т.Ишметов, Марказий банк раиси М.Нурмуродов шахсан масъул бўлади.

Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари, тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан миллий валютага ўтказиб берилади.

Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобидан тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади. Бунинг ҳисобидан тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар.

Ўйлайманки, бундай янги имкониятлар мамлакатимизда тадбиркорликнинг ривожига кучли туртки беради.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Мен яхши тушунаман, ҳамма арзон кредит олишни хоҳлайди. Лекин кредит бўйича фоиз ставкаларини сунъий пасайтирсак, пул-кредит бозоридаги мувозанат бузилади. Шунинг учун иқтисодиётга арзон кредит берамиз деб, макроиқтисодий барқарорликни унутиб қўймаслигимиз лозим. Барқарорлик бўлмаса, иқтисодий ўсиш бўйича кўзлаган мақсадларимизга эриша олмаймиз.

Бу борада фоиз ставкаларига бевосита таъсир этадиган инфляцияни, яна такрор айтаман, инфляцияни пасайтириш ҳамда банк орқали кредитлаш жараёнини тўлиқ бозор механизмларига ўтказишга қаратилган ишларни изчил давом эттирамиз.

Замонавий бозор тамойилларида ишлаш учун ҳудудларда банклар лойиҳа фабрикалари ва тадбиркорликка ўқитиш марказларини ташкил этиб, хорижий мутахассисларни жалб қилмоқда. Ушбу марказлар тадбиркорларга, айниқса, ёшларга ўз ғояларини амалиётга татбиқ этиш, бизнес режаларни ишлаб чиқиш, маблағлар жалб қилишга ёрдамлашади ҳамда уларга бизнес жараёнининг барча занжирида кўмакдош бўлади.

Умуман, инфляция даражасини жорий йилда 10 фоизга, келгуси икки йилда 5 фоизга туширишни режа қилганмиз. Бу эса, табиий равишда кредит ставкаларини ҳам мақбул даражага тушириш ва муддатини узайтириш имконини беради.

Олтинчидан, ислоҳотларимиз учун ўта муҳим бўлган оилавий тадбиркорлик йўналишида ҳам 2 мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Энди бу янги тизимда одамларимиз тадбиркорлик учун кредит оламан деб ҳокимиятга, банкка ёки бошқа идорага бориб юрмайди, асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун таъминотчини қаердан топаман, деб, бош қотиришга зарурат қолмайди.

Кредитни расмийлаштиришдан тортиб, маҳсулотни олиш ва сотишгача бўлган барча жараёнлар электрон тарзда, онлайн шаклида ҳал этилади. Ўз навбатида, ушбу платформа таъминотчи корхоналар учун ҳам камида 10 триллион сўмлик бозор яратади. Яъни, таъминотчилар учун ўзлари ишлаб чиқарган асбоб-ускуналар, хомашё ва тайёр маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотиш имконияти яратилади.

Иқтисодий комплекс раҳбарлари – Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, Марказий банк раиси М.Нурмуродов, тижорат банклари уч ой муддатда жойларда тадбиркор ва аҳолимизга ушбу қулайликларни атрофлича тушунтириб, ундан самарали фойдаланишни йўлга қўйишни ташкил этишлари зарур. Бу борада ишни маҳаллабай ташкил этиш бўйича Андижон тажрибасини бутун мамлакат бўйлаб кенг қўллаш лозим бўлади.

Еттинчидан, кўплаб мурожаатларда бизнесни молиялаштириш манбаларини янада кўпайтириш мақсадида банкдан ташқари кредит ташкилотларини очиш ва юритишга бўлган мавжуд талабларни камайтириш ва енгиллаштириш сўралган. Бу масала Андижондан “Almaz Finans” корхонаси раҳбари Олимжон Охунов ва Жиззахдан “Diamond-N Trade Capital” корхонаси раҳбари Шерзод Соатовнинг мурожаатларида ҳам кўтарилган.

Бу таклифлар бизга жуда маъқул. Шунинг учун жорий йил 1 октябрдан микромолия ташкилотларини лицензиялаш тартиби тўлиқ бекор қилинади. Энди улар ўз фаолиятини бошлаши учун фақатгина Марказий банк реестрига киришлари кифоя.

Шунингдек, бундан буён уларга касса учун хоналар ташкил этиш, ҳудудларда филиаллар очишда Марказий банкнинг розилигини олиш шарт бўлмайди. Улар томонидан тадбиркорларга бериладиган микрокредит (300 миллион сўм) ва микролизинг (600 миллион сўм) учун амалдаги чекловлар ҳам олиб ташланади.

Шу билан бирга, микромолия ташкилотларига бошқа ташкилотлардан маблағлар жалб этиш, облигациялар чиқариш ҳуқуқлари ҳам берилади. Шунингдек, ушбу ташкилотлар, худди банклар каби, тўловларни қабул қилиш ваколатига ҳам эга бўлади.

Умуман, ушбу янги имкониятлар ҳисобидан ҳам кредит бозорида тадбиркорларимиз учун йилига қўшимча 10 триллион сўм маблағ шаклланади.

Иккинчи йўналиш – солиқ тизимини такомиллаштириш, бизнесга солиқ юкини имкон қадар камайтиришга оид.

Маълумки, сўнгги уч йилда солиқлар тури 16 тадан 9 тага қисқарди.

Кўпчиликнинг эсидан чиққан бўлиши мумкин, яқингача Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига бизнес учун оғир юк бўлган 3,2 фоизли йиғимлар тўланар эди. Ушбу йиғимлар корхоналарнинг фойдасидан қатъи назар, оборотдан олиниб, уларнинг миқдори корхоналарнинг камида 20-25 фоиз фойдасига тенг бўлган.

Бюджетдан ташқари жамғармаларга мазкур йиғимларни бекор қилиш ҳисобидан 7 мингга яқин корхоналар ҳар йили ўртача 6 триллион сўм солиқ тўлашдан озод бўлди. Масалан, биргина “Andijonkabel” корхонаси ихтиёрида 11 миллиард сўм, “Lactalis Agro” қўшма корхонасида эса 3 миллиард сўм маблағ қоладиган бўлди.

Мол-мулк, даромад солиғи ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробар камайтирилди.

Аниқ мисоллар билан гапирадиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки – 3 баробар, озиқ-овқат саноатида – 2 баробар, тўқимачилик ва электр техникаси саноатида эса, 20 фоизгача камайди.

Айниқса, пандемия даврида харажатларимиз кескин ошганига қарамасдан, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди, кўпроқ зарар кўрган тармоқларга ижтимоий солиқ 12 фоиздан 1 фоизга пасайтирилиб, мол-мулк ва ер солиқлари тўловларидан буткул воз кечилди. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлар ихтиёрида қолган 2 триллион сўм маблағни бизнес фаолиятига сарфлаш имконини берди. Лекин солиқ ставкалари ва солиқ маъмурчилиги бўйича тадбиркорлар томонидан кўтарилаётган ҳақли саволлар ҳали жуда кўп.

Биринчидан, ўтган йили янги Солиқ кодекси амалга киритилганидан кейин 23 та махсус иқтисодий зона иштирокчилари аввалги имтиёзларимиз сақланиб қоладими ёки йўқми, деб безовта бўлмоқда. Ушбу масалада махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари бўлган Сирдарёдан – “AWP” қўшма корхонаси (Комил Мирзаев), Тошкент вилоятидаги – “Steel Pipe Company” (Азизхон Ҳафизхонов) каби 70 дан зиёд корхона вакиллари мурожаат қилган.

Бу борада бир фикрни аниқ қилиб айтмоқчиман: 2020 йил февраль ойида “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонун қабул қилингунга қадар иқтисодий зоналарда рўйхатдан ўтган тадбиркорларга берилган имтиёзлар сақлаб қолинади. Бунга қонун билан кафолат берилган. Жумладан, ушбу тадбиркорлар инвестиция миқдоридан келиб чиқиб, мол-мулк, ер ва сув солиқларидан 10 йилгача озод қилинган эди.

Энди ушбу имтиёзларга фойда солиғи ҳам қўшилади ва корхоналар ихтиёрида йилига қарийб 300 миллиард сўм маблағ қолади. Масалан, “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасидаги “Temur Med Farm” корхонаси ўтган 6 ойда 4 миллиард сўм фойда солиғи тўлаган бўлса, иккинчи ярим йилликда эса камида шунча маблағ унинг ўзида қолади.

Шунингдек, ички бозорда тенг рақобат бўлиши учун экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга олиб келинган хомашё импорт божидан озод этилади. Мисол учун, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “Jizzax Toshtepa Textile” корхонаси маҳсулотини тўлиқ экспортга сотади. Бу имтиёз эвазига ушбу корхона олиб келган 1 миллион долларлик хомашё ва ярим тайёр маҳсулотга 2,2 миллиард сўмлик божхона имтиёзи берилади.

Айни пайтда бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Биз қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш бўйича катта ислоҳотларни олиб боряпмиз. Шу боис махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига қўшилган қиймат солиғининг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилинади. Бундай тартиб тадбиркорларга бир йилда ўртача 350 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғини қисқа муддатда қайтариб олиш ва айланма маблағларини кўпайтириш имкониятини беради.

Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоиз ҳисобланмайди ва гаров талаб этилмайди.

Иккинчидан, мамлакатимизда қурилиш соҳасида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Маҳсулот таннархини камайтириш бўйича Тошкент шаҳридаги “Shah-Polan M”, Фарғонадаги “Farg‘ona Yasin Qurilish Mollari” каби 50 дан зиёд қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналардан таклифлар келиб тушган. Масалан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ цементнинг таннархида – 14 фоиз, асфальтда – 10 фоиз, қум-шағал аралашмасида – 7 фоизни ташкил этади.

Шу боис норуда қазилмаларга (қум-шағал, оҳактош, гипс, доломит каби) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар камайтирилади. Бунинг ҳисобидан 1,5 мингга яқин корхоналар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолади. Масалан, “Huaxin Cement Jizzakh” қўшма корхонаси ўз ихтиёрида қолган 27 миллиард сўм маблағни ўз фаолиятини янада кенгайтиришга сарфлаши мумкин бўлади.

Учинчидан, биз хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Қисқа муддатда янги иш ўринларини яратадиган соҳалардан бири ҳам сервис соҳаси ҳисобланади.

Мана, пандемия ҳануз давом этяпти ва бу хизматлар соҳаси, айниқса, умумий овқатланиш ва туризм корхоналари учун қанчалик оғир бўлаётганини барчамиз кўриб турибмиз, албатта.

Бу борада умумий овқатланиш ва туризм корхоналаридан ўтган йили берилган имтиёзларни узайтириш бўйича 300 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Шу боис жами 13 мингта умумий овқатланиш корхонасини йил якунига қадар ер ва мулк солиғидан озод қиламиз. Бу имконият уларга 30 миллиард сўм қўшимча кўмак деганидир. Уларнинг бошқа солиқлардан мавжуд 35 миллиард сўм қарзлари бўйича тўлов муддатлари жорий йил якунигача узайтирилади, кредитларини қайтариш ҳам кечиктирилади.

Шу билан бирга, туризм компаниялари ва меҳмонхоналарни туристик йиғимлардан 2 йил муддатга озод қилсак, нима дейсизлар? Бу – ҳозирги қийин шароитда тушуми камайиб кетган 2 минг нафар тадбиркор ихтиёрида 150 миллиард сўм қолади, дегани.

Тўртинчидан, бугунги кунда 5 мингга яқин тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорлиги мавжуд.

Пандемия сабабли ушбу тадбиркорларга жарима солиш ва ҳозирги пайтгача қўлланган 6 триллион сўмлик жарималарни ундириш жорий йил якунига қадар тўхтатилади.

Бешинчидан, солиқ маъмурчилигини соддалаштириш, солиқ идораларининг назорат функцияларини такомиллаштириш юзасидан жиддий чораларни амалга оширишимиз зарур.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб солиқ идоралари ўз электрон дастурлари орқали бизнес субъектларига ҳисоботларини шакллантириш хизматини йўлга қўяди.

Ҳозирги вақтда 228 мингта кичик тадбиркорларда бухгалтер йўқ. Оқибатда солиқ ҳисоботларини камчиликлар билан топширган 32 мингга яқин тадбиркорга молиявий жарима солинган.

Ҳисоботларни кечиктириб топшириш билан боғлиқ молиявий санкцияларни қўллаш тартиби эса тўлиқ бекор қилинади.

Шунингдек, солиқ идоралари қўллаётган айрим жарималар сони ва миқдорининг ортгани мени хавотирга солмоқда. Ўтган йили камерал назорати натижасида 336 та корхонага 51 миллиард сўм молиявий жарима қўлланган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида 3 мингдан зиёд тадбиркорларга 900 миллиард сўмдан ортиқ жарима белгиланган.

Шунинг учун Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров, молия вазири Т.Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев, адлия вазири Р.Давлетов, Бизнес-омбудсман Д.Қосимов бир ой муддатда солиқ идораларининг камерал назорати натижасига кўра молиявий жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш бўйича таклиф киритсин.

Олтинчидан, амалдаги тартибга биноан, тадбиркорлар қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобот топшириш билан бирга, ундаги фарқни қайтариш учун солиқ идораларига алоҳида мурожаат қилишга мажбур. Бу – 14 минг тадбиркорнинг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлиб, улар учун қўшимча вақт, ортиқча сарсонгарчилик, дегани.

Молия вазири Т.Ишметов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев бу масалани чуқур ўрганиб, келгуси йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини қўшимча ҳужжатсиз қайтариш тартибини амалиётга жорий этсин.

Еттинчидан, “SAG Agro” корхонаси раҳбари Камол Абдуллаев ва бошқа 200 дан ортиқ тадбиркорлар солиқ ва божхона идораларига тўланган қўшилган қиймат солиғини “зачёт”га олиш, яъни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имкониятини сўраган.

“SAG Agro” корхонасининг солиқ базасида 700 миллион сўм ортиқча тўлови бўлатуриб, божхонада 1,4 миллиард сўм тўлашга мажбур бўлган. Шунинг учун келгуси йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишда солиқ ва божхона идораларининг электрон базалари ўзаро боғланади. Яъни, солиқ идораларида қўшилган қиймат солиғи бўйича мавжуд ортиқча тўловлар божхона тўловларини амалга ошираётганда ҳам инобатга олинади. Ушбу енгилликдан 10 мингдан зиёд тадбиркор фойдаланиши мумкин бўлади.

 

Батафсил:

https://president.uz/uz/lists/view/4551

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>