Янгиликлар
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳам таъминот сифатига салбий таъсир кўрсатади
  • 08.10.2021
  • 311

  Ҳурматли истеъмолчилар!

  Бугунги кунда истеъмолчиларни электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича Энергетика вазирлиги ва вазирлик тизимидаги ташкилотлар томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

  Мисол учун, газ таъминоти доирасида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни беталофат ўтказиш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар натижасида умумий ишларнинг 96 фоизи бажарилди.

 Жорий йилда газ тармоқларини тартибга келтириш бўйича режалаштирилаётган чора-тадбирларнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида 283 мингта аҳоли хонадонларининг табиий газ таъминоти яхшиланади.

 Хусусан, куз-қиш мавсумида табиий газ таъминоти бўйича юридик истеъмолчиларга 18 миллриард куб метр, аҳоли истеъмолчиларига эса 11 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилади. Бу эса, ўтган мавсумга нисбатан 3 миллиард куб метрга кўпни ташкил қилади.

 Шунингдек, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 318 минг 600 тонна суюлтирилан газ етказиб берилади. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 13 минг тоннага кўп.

 Бироқ, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми қанчалик оширилмасин, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг энергия самарадорлигига эътибор берилмаса, кўрилаётган чоралар самарсини бермаслиги мумкин. Бунинг натижасида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.

 Мисол учун, табиий ресурслардан ноқонуний ва самарасиз фойдаланиш ҳолатлари ҳам тизимга катта миқдорда салбий таъсирини кўрсатади.

 2021 йил 20-24 cентябрь кунлари ўтказилган ўрганишлар давомида республика бўйича табиий газдан 67 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

 Ушбу қисқа 4 кун ичида 1 миллон 379 минг куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.  Таққослаш учун, ушбу ҳажмдаги табиий газ ҳозирги кунда 130 мингта хонадоннинг 1 кунлик газ истеъмолини ташкил қилади.

Ушбу ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Шу ўринда жорий йилнинг 9 ойида республика бўйича табиий газдан жами 2 минг 535 та ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.

Бунинг натижасида 86 миллион 923 минг куб метр ёки 77 миллиард 877 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланилган.

Таққослаш учун ушбу миқдордаги ҳажм ҳозирги кунда 40 мингта хонадоннинг қарийб 1 йиллик истеъмолини ташкил этади.

Ҳурматли истеъмолчилар, халқ мулки бўлган энергия ресурсларидан қонуний, оқилона ҳамда тежамкорлик билан фойдаланишингизни сўраймиз.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот  хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1515

https://t.me/minenergy_uz/3961

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>