Коррупцияга қарши курашиш
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖда «Коррупцияга қарши кураш, бизнес этика ва шаффофлик» мавзусида видео-семинар бўлиб ўтди
  • 09.12.2019
  • 499

  Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2019 йил 27 майдаги 5729-сонли «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти мажлислар залида «Коррупцияга қарши кураш, бизнес этика ва шаффофлик» мавзусида видео-семинар ўтказилди.

  Видео-семинарни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раиси Дадажон Айнақулович Исақулов очиб берди ва мавзу ҳамда ташкилот фаолиятига оид айрим маълумотлар билан ўртоқлашди. Видео-семинарда Республика миқёсидаги 14 та магистрал электр тармоқ филиаллари вакиллари, тиббий-санитария қисмлари, ташкилот тасарруфидаги пудратчи корхоналар раҳбарлари, ўринбосарлари, бош ҳисобчилар ва бошқа мансабдор шахслар иштирок этишди.

  Видео-семинарда корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойиллари ва механизмлари, коррупция ва унга қарши кураш усуллари, ходимлар этика қоидаларига риоя қилиш тартиби мавзулари кенг муҳокама этилди.

  Видео-семинарда Ўзбекистон Республикаси фармонига асосан, мамлакатимизда кейинги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлиги, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганлиги тўғрисида тўхталиб ўтилди.

  Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

  Шу билан бирга, иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.

  Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар мавжуд.

  Фармонда коррупциянинг хавф-хатарларини таҳлил қилиш асосида, аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилиш ва онг-билимларини оширишда мақсадли тадбирларни амалга ошириш, хусусан:

   - мавзули аудио-видеороликлар, баннерлар, плакатлар ва инновацион ахборот-тарғибот материалларидан фойдаланган ҳолда фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат, коррупцияга қарши курашишнинг аниқ хулқни шакллантиришга қаратилган, коррупцияга қарши курашиш борасида кампанияларни ўтказиш;

    - сўровлар, ижтимоий ва бошқа тадқиқотлар асосида коррупцияга қарши курашиш тарғиботи ва таълими бўйича чора-тадбирлар натижалари ва таъсирини мунтазам равишда баҳолаш белгилаб ўтилган.

  Фармоннинг юқорида санаб ўтилган муҳим жиҳатларидан келиб чиқиб, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖда ўтказилган видео-семинарда Молиявий бошқарув, бизнес этика ва шаффофлик бўлими бошлиғи Нигора Абдуллаева ва маърузачи консультант Ғолибжон Турсуновлар маъруза қилишди.

  Видео-семинар савол-жавоблар, интерактив усулдаги қизғин мулоқот билан якунланди. Семинарда коррупцияга қарши кураш, бизнес этика ва шаффофлик фаолиятини янада такомиллаштириш учун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ИШОНЧ ТЕЛЕФОНИ ташкил этиш бўйича тегишли қарор қабул қилингани ҳақида маълумот эълон қилинди.

 

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

 Ахборот хизмати

>