«Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда»
Жорий йилнинг апрель ойига қадар Самарқанд вилоятида қуввати 100 мегаватт бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади
  • 11.03.2022
  • 264

10 март куни Энергетика вазирлиги томонидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида умумий қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш майдонига оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.

Станция 353 гектар ер майдонида барпо этилмоқда ва қуёш панелларининг умумий сони 295 мингдан ортиқни ташкил қилади. Станция ҳудудида барча инфратузилма ишлари кўрилган бўлиб, ҳозирги вақтда қуёш панелларини ўрнатиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.

Қайд этиш керакки, мазкур станция давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида Франциянинг “Total Eren” компанияси томонидан қурилмоқда ва жорий йилнинг апрель ойига қадар ишга туширилиши режалаштирилган.

Электр станция ишга тушгач йилига 260 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариб, 80 мингдан ортиқ хонадонни электр энергияси билан таъминлайди.

Аҳамиятлиси, станция ишга туширилиши натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндиларнинг чиқишини олди олинади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини бир кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
 

 

 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қурилиш давомида 400 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритмоқда ва станция ишга тушгач 25 та янги ўрни яратилади.

Лойиҳа қиймати 100 миллион долларни ташкил этиб, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида юз фоиз инвестор (“Total Eren” компанияси) томонидан молиялаштирилади.
 

 


Таъкидлаш лозимки, мазкур станция Ўзбекистон тарихида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергиясини ишлаб чиқарадиган иккинчи энг йирик қуёш фотоэлектр станцияси ҳисобланиб, айнан ушбу қувватдаги биринчи қуёш фотоэлектр станцияси 2021 йилнинг август ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида ишга туширилган эди.

Маълумот учун: 2023 йил якунига қадар Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси томонидан қуввати 220 мегаватт бўлган вилоятдаги иккинчи йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.

 

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/1864

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>