Янгиликлар
Энергетика вазирлиги: Халқаро энергетика агентлиги миссияси Тошкентга ташриф буюрди
  • 18.04.2022
  • 220

2022 йилнинг 11-15 апрель кунлари Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) делегацияси Ўзбекистон энергетика сиёсатини чуқур таҳлил қилишнинг иккинчи босқичини ўтказди.

ХЭА Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) таркибидаги автоном халқаро орган ҳисобланади. У энергия ресурслари ва энергия хизматларига бўлган талаб ва таклифнинг глобал тузилмасини такомиллаштириш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун консалтинг ташкилоти сифатида фаолият юритади.
 

 


Халқаро ва инвестиция бирлашмаларда ХЭАнинг йиллик умумий энергетика ва саноат ҳисоботлари тан олинади.

“EU4Energy” дастури доирасида ХЭА Шарқий ҳамкорлик ва Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган дастурни амалга оширмоқда. Дастурнинг мақсади барқарор энергия сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатини чуқур таҳлил қилиш ХЭА томонидан уч босқичда олиб борилмоқда ва бу мамлакат ҳукумати раҳбарлигида амалга оширилмоқда.
 

 


ХЭА делегацияси Тошкентга ташрифи давомида давлат органлари, идоралар, шунингдек, компаниялар вакиллари билан норасмий учрашувлар ўтказди, улар давомида энергетика соҳасидаги айрим масалалар муҳокама қилинди. 14 та мавзу бўйича ўтказилган муҳокамада 24 та вазирлик, идора ва корхоналардан 70 нафар вакил иштирок этди.

Учрашувлар якуни бўйича ХЭА миссияси Энергетика вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасига мавжуд маълумотлар бўйича ҳисобот лойиҳасини тақдим этди. Халқаро таҳлилий гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар мамлакат ҳукуматига энергетика соҳасидаги маълумотлар ва сиёсатни яхшироқ баҳолашда ёрдам бериш учун мўлжалланган. Ҳисобот потенциал инвесторларга макроиқтисодий тенденциялар ва энергетика соҳасидаги муаммолар билан танишиш учун кенг имконият яратади.
 

 


Натижалар асосида 2022 йилнинг июль ойида чиқарилиши режалаштирилган якуний тавсиялар устида иш бошлаш режалаштирилган.
 


Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

https://minenergy.uz/uz/news/view/1913

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>