Янгиликлар
Энергия тежамкор қурилмалар ўрнатганлик учун компенсация олиш тартиби юзасидан видеобаёнот
  • 11.05.2022
  • 416

Энергетика вазирлигига жисмоний ва юридик шахслардан қуёш фотоэлектр станциялари, қуёш сув иситкичлари ва энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни ўрнатиш учун компенсация олиш тартиби бўйича мурожаатлар келиб тушади.

Бугунги видеобаёнотимизда ушбу мурожаатлар юзасидан маълумот бериб ўтамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-иловасида келтирилган шакл асосида ариза билан ишчи гуруҳга (шаҳар ёки туман ҳокимлигига) мурожаат қилишингиз керак.

Ушбу ариза шакли билан Энергетика вазирлигининг веб-сайтида танишишингиз мумкин.
 

 


- аризангизга асосан ишчи гуруҳ 10 иш кунида энергия самарадор ва энергия тежовчи қурилмаларнинг қурилиш-созлаш ишлари, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари ҳамда шаҳарсозлик нормаларига мувофиқ амалга оширилганлигини ўрганади.

- бунда, ўрнатилган энергия самарадор қурилмалар белгиланган нормаларга мувофиқ деб топилганда сотиб олишга сарфланган харажатларнинг бир қисмини Давлат бюджетидан қопланиши тўғрисида далолатнома тасдиқланади ҳамда талабгорга юборилади;

- агар аксинча, тақдим этилган ҳужжатларингиз тўғри ёки тўлиқ бўлмаганда ёхуд бошқа камчиликлар туфайли рад этилганда, камчиликларни бартараф этиб 1 ой муддатда қайта ариза топширишингиз мумкин бўлади.

Ҳужжатлар расмийлаштирилгандан сўнг, ҳар ойнинг 5-санасига қадар ҳудудий молия бўлимлари барча мурожаатларни умумлаштиради ҳамда компенсация учун талаб этиладиган маблағларни 1 ой муддатда белгиланган тартибда талабгорнинг банк картаси ёки банк ҳисоб-варағига ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети маблағлари ҳисобидан компенсация жисмоний шахсларга – қуёш фотоэлектр станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида ажаратилади.

Шундан:

- қуёш фотоэлектр станциялари учун – 3 миллион сўмдан;

- қуёш сув иситкичлари учун – 1,5 миллион сўмдан;

- энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар учун – 200 минг сўмдан ошмайдиган миқдорда компенсация маблағлари ажратилади.

Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари, энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонлар, шунингдек, энергия самарадор бошқа ускуналарни харид қилиш учун олинган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларининг бир қисми қоплашга:

жисмоний шахсларга — 500 миллион сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича
— Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 8 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда;

юридик шахсларга — 5 миллиард сўмдан ошмайдиган кредитлар бўйича — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасидан ошган қисмида, бироқ 5 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда.





Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/1944

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>