Янгиликлар
ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИ ВА ТЕЖАМКОРЛИГИ НИМА?
  • 02.11.2022
  • 579

Хабарингиз бор, Давлатимиз раҳбари ҳузурида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тақдимоти ўтказилди ва айни масала давлат аҳамиятига эга муаммолардан бири сифатида таҳлил этилди.

Хўш, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги нима? Келинг, шу ҳақида фикр юритамиз...

 

Президент қарорларида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4422-сон қарорида “...иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсатининг ҳозирги босқичдаги долзарб йўналишларидан бири” эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Қарорнинг 3-бандида “Маъмурий биноларда, аҳоли пунктларида ва ишлаб чиқариш объектларида энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг биринчи раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимлари шахсан жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилсин” дея таъкидланган.

Қарорнинг 8-бандига мувофиқ қуйидагилар белгиланган эди:

2020 йил 1 январдан: а) якка тартибдаги уй-жой қурилишидан ташқари барча бинолар ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш ва қуришда: қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ биноларнинг энергия самарадорлигини таъминлаш; лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда қурилиш нормалари ва қоидаларининг талабларини инобатга олган ҳолда бинолар ва иншоотлар энергия самарадорлиги кўрсаткичлари бўлимини тақдим этиш мажбурий тартибда назарда тутилади; б) давлат органлари ва ташкилотлари ўз балансидаги бинолар ва иншоотларда ёритиш тизимлари учун светодиодли манбаларни ўз ичига олган сенсорли датчиклар, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни ўрнатишга мажбурдир; в) маҳсулот (ускуналар, товарлар) ва технологияларнинг энергия самарадорлиги даражаси ёки техник кўрсаткичларини белгилаш уларни Ўзбекистон Республикасининг аккредитация қилинган органлари томонидан сертификатлаштиришда мажбурий ҳисобланади.

 

 

Ҳукумат қарорларида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги “Ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувидан ва экспертизадан ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 164-сон қарорида шундан таъриф берилган:

►энергияни тежаш — энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган ҳуқуқий, ташкилий, илмий, ишлаб чиқариш, техник ва иқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш;

►энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш — техника ва технологиялар ривожланишининг мавжуд даражасида ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қўйиладиган талабларга риоя қилган ҳолда энергетика ресурсларидан фойдаланишнинг иқтисодий ўзини оқлаган самарадорлигига эришиш.

 

Дунёда миқёсида

Дунёда кўплаб мамлакатларда энергия истеъмоли масалалари 1970 йиллардан бери энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлат сиёсати ва махсус дастурлар орқали амалга ошириб келинади. Бугунги кунда саноат сектори дунёдаги йиллик бирламчи энергия истеъмолининг қарийб 40 фоизини ва глобал карбонат ангидрид чиқиндиларининг тахминан шунча қисмини ташкил қилади. Бу йўналишда ISO 50001 халқаро стандарти қабул қилинган бўлиб, у энергия самарадорлиги масалаларини тартибга солади.

Мисол учун, кўпгина ташкилотлар фаолияти энергия самарадорлиги бўйича халқаро дастурлар рўйхатига киритилган бўлиб, уларнинг энг йириги — Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) — Energy Efficiency ҳисобланади. Шу билан бирга, бундай ташкилотлар Европа Иттифоқида, Буюк Британия, Мексика, Канада, АҚШ, Жанубий Африка Республикаси (ЖАР), Индонезия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Эрон, Хитой Халқ Республикаси, Янги Зелландия, Россия Федерацияси, Бразилия, Австралия ва бошқа мамлакатларда мавжуд.

Ўзбекистонда эса бундай йўналишдаги иш фаолиятини Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси бажаради. Жамғарма 2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 640-сон қарори билан ташкил этилган.

Умумий энергия истеъмоли бўйича биринчи ўринни АҚШ, иккинчи ва учинчи ўринни Хитой ва Ҳиндистон, тўртинчи ўринни Россия эгаллаган. Ўзбекистон, nonews.co маълумотларига кўра, “киши бошига электр энергияси истеъмоли бўйича дунё мамлакатлари рўйхати”да 88-ўринни эгаллаган бўлиб (2014), ўзбекистонлик бир фуқаронинг йиллик электр энергия истеъмоли 1645 киловатт•соатни ташкил этган. Яна бир статистик маълумот — йилига ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми бўйича мамлакатлар рўйхатида (тераватт•соат ҳисобида) Ўзбекистон 47-ўринда қайд этилган. Манба: https://ru.wikipedia.org

Шу ўринда бир жиҳатни алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистонда бир йилда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажми билан истеъмол ҳажми орасидаги тафовут — ҳукуматлараро келишувларга асосан қўшни давлатлардан (Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон /мавсумий/, Қозоғистон /олди-берди/) импорт қилинаётган электр энергияси миқдоридир.

Энергия самарадорлиги

Энергия ресурсларидан самарали (рационал), яъни оқилона фойдаланишга қаратилган жараёнлар мажмуи — энергия самарадорлигига бериладиган бирламчи таърифдир. Биноларнинг энергия таъминоти ёки ишлаб чиқариш жараёнлари учун камроқ энергия сарфлаш эвазига керакли натижага эришиш ҳам самарадорлик кўрсаткичи ҳисобланади. Техника ва технология ривожланишининг ҳозирги даражасида ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда иқтисодий жиҳатдан асосланган самарадорликка эришиш ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиш ҳам шулар жумласидан. Энергия самарадорлигига оид тушунча ва билимлар мажмуи муҳандислик, иқтисод, ҳуқуқ ва ижтимоий соҳалар чорраҳасида қарор топади ва ҳар бир жамият учун “лозим қиёфа”да шаклланади.

 

Миллий урф-одатларимизда

Дунё халқлари ўз миллий тараққиёт босқичларида энергия самарадорлигига оид ўзига хос урф-одат ва тушунчаларга эга бўлганлар ва бунга иқлим шароитининг таъсири катта бўлгани табиий. Ўзбек халқидаям айнан шундай. Биргина махси-ковуш ёки дўппи-чопоннинг ихтиро этилиши, яъни кийим-кечакларнинг энергия самарадорлиги, кийишга қулайлиги ва камхаржлиги жиҳатидан шу босқич шаклига келганда турғун қолиши ҳам фикримиз далилидир. Совуқ об-ҳаволи кунларда исинишнинг энг самарали усули сифатидаги ота-боболаримиз ихтироси — сандал (танча), синчли (ёғочли) уйлар, уйнинг асосий хоналаридаги иссиқлик ташқаридаги иқлим билан тезда алмашмаслиги учун қурилган айвонлар, бинонинг том қисмида қор ва ёмғир тўпланмаслиги учун қурилган гумбазли бинолар, ёки ёз кунларида шимол томондан эсган шамолнинг кичик туйнук орқали елвизакли оқими ҳисобига ички ҳовли хоналарини совитиш борасидаги ўзига хос меъморий ечимлари шулардан иборат.  

 

Замонавий ҳаётимизда

Маълумки, физика қонунларигага кўра, энергия бордан йўқ, йўқдан бор бўлмайди, фақат унинг шакли (тури) ўзгаради. Бугунги кунда ҳам электр энергияси айланма механик ҳаракат эвазига магнит майдон ҳосил қилиш орқали олинади (иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектр станцияларида) ва иқтисодиёт тилида маҳсулотнинг алоҳида тури деб аталади. Негаки, уни ғамлаш ёйинки сақлаб қўйишнинг имкони йўқ. Электр энергиясининг ҳаракат тезлиги ёруғлик тезлигига тенг бўлиб, ишлаб чиқарилган ондаёқ истеъмол қилинади. Механик энергияси эса иссиқлик энергияси ҳисобига (буғ-газ қурилмаларида) пайдо бўлади ва бу жараённи нефть-газ маҳсулотлари ёки кўмир ёқилғисиз тасавур этиш мумкинмас. Табиий бойликларимиз эса беҳисоб эмас. Қолаверса, анъанавий турда электр энергияси ишлаб чиқариш — экологик барқарорликка зид кўрсаткич. Шунинг учун мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларига оид ўнлаб йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

 

Кундалик ҳаётимизда

Демак, мантиқий хулоса шуки, мавжуд энергоресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш — давр талаби. Бунинг учун фойдаланилмаётган электр жиҳозлари ва ёритиш ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, яъни офис ёки яшаш хоналаридан чиқаётганингизда электр жиҳозларини ўчириб, тармоқдан узиб орқали тежамкорлик томон дастлабки қадамни ташлаган бўласиз. Иш жойи ва уй биноси хоналарини кўпроқ табиий ёруғликдан (қуёш нуридан) фойдаланган ҳолда ёритишга ҳаракат қилиш ортидан иккинчи қадамни босасиз. Кўча-куйда, маҳаллада, дам олиш масканлари-ю бошқа жамоат жойларида фойдаланилмаётган электр жиҳоз ва қурилмаларини тармоқдан узиб қўйишни талаб қилсангиз — энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиб, учинчи қадамни ташлашга муяссар бўласиз. Зеро, доно халқимизда “Денгиз соҳилида таҳорат олган бўлсанг ҳам сувни керагидан ортиғини ишлатма”, деган ибратли нақл бор.

Офис хоналарининг эшик ва дераза ромлари қишда иссиқ, ёзда совуқ ҳароратни сақлаш учун изоляция қилинган бўлиши, энергия тежамкор маиший техника ва ёритиш ускуналаридан фойдаланиш — энергия самарадорлиги учун дастлабки қадам ҳисобланади. Худди шу каби нефть-газ маҳсулотларидан ҳам тежамкорлик билан фойдаланиб, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мумкин. Иситиш ва сoвитиш жиҳозларидан ҳам тўғри, оқилона фойдаланиш — энергия самарадорлик кўрсаткичларидан бири.  Ушбу кўрсаткичлар, аввало, шаҳарсозлик лойиҳалари, бино-иншоотлар қурилишини лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини танлаш, сифатли қуриш жараёни, бино-иншоотларнинг ички интерьерни жиҳозлаш, уни тўғри эксплуатация қилиш (бино-иншоотлардан фойдаланиш) меъёрларига амал қилиш билан чамбарчас боғлиқ. Оддий сўз билан айтганда, нотўғри қурилган бино-иншоотдан тортиб нотўғри фойдаланилган оддий маиший ускуна-жиҳозларгача — иқтисодиётга катта зарар, жамият ва давлат тараққиётининг кушандаси ҳисобланади.

 

Электр энергетика тармоғида

Энергетика соҳаси, хусусан электр энергетика тармоғида ҳам энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги бўйича мавжуд меъёрий ҳужжатларга асосланган техник-муҳандислик тадбирлари олиб борилади.

Шартли равишда, электр энергетика соҳасида технологик сарфларни (йўқотишларни) камайтириш ҳам — самарали иш коэффицентининг ёрқин намунаси. Мисол учун, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги 84 та юқори кучланишли подстанциялари ва 11650 километр узунликдаги магистрал электр тармоқларида бу кўрсаткич белгиланган меъёрдан камайтирилиб, ишлаб чиқариш самарадорлиги ошиб бормоқда. Бу ўринда эскплуатация жараёнларини тўғри бажариш муҳим саналади.

Ҳар бир подстанция ёки маъмурий биноларда ўз эҳтиёжи учун фойдаланиладиган электр энергияси миқдорини ҳам камайтириш — соҳа мутахассислари олдига Ҳукумат томонидан қўйилган вазифалардан бири саналади. Электр объектларида хўжалик эҳтиёжи учун ишлатиладиган электр энергиясини сарфини камайтириш учун маъмурий бинолар томига қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш коллекторлари ўрнатилмоқда.

 

Рақамли технологиялардан фойдаланиш

Энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги оддий, кўзилғамас майда тушунчалар йиғиндиси орқали шакллангани билан энергетика, шаҳарсозлик, уй-жой коммунал тизимига, саноат корхоналаридан тортиб кичик ва ўрта бизнес объектларига замонавий, рақамли дастурлар асосида ишлайдиган ускуна ва жиҳозлар кириб келмас экан — энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги борасидаги ҳаракатларимиз тешик тоғорада сув ташиган билан баробар.

Даставвал чўғланма лампалардан тамоман воз кечиб, замонавий тежамкор лампаларни ҳаракат ва ёруғликни илғовчи сенсорли қурилмалар билан бойитиб боришимиз керак. Кўп қувват талаб этадиган сув насослари ва бошқа электр двигатель қурилмаларини замонавий ва ихчам, энг муҳими, кам қувват талаб қиладиган қурилмаларга алмаштириш, шаҳарсозлик масалалари ва урбанизация муаммоларига замонавий дастурларни татбиқ этиш — бугунги куннинг муҳим вазифалари саналади.  

Бино-иншоотларнинг иситиш тизими томонидан электр энергетика зиммасига тушаётган юкни камайтириш, пировардида бундан воз кечишга эришиш — энг оғриқли масала бўлиб қолмоқда.

 

Сўнгсўз

Сўнгги пайтларда энергияни тежаш бутун дунёда ҳам халқаро, ҳам давлат сиёсатининг асосий масалаларидан бири бўлиб қолди. Биз истеъмолчи сифатида ўз ҳақ-ҳуқуқларимиздан тўлиқ фойдаланишни истар эканмиз, истеъмолчи сифатида, мамлакат фуқаро сифатида, шу азиз тупроқнинг бир фарзанди сифатида энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги бўйича ўз вазифа-мажбуриятларимизни ҳам адо этишимиз шарт.

 

Улуғбек Урунов, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Ахборот хизмати раҳбари

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>