ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
Д.А.Исақулов: Энергетика соҳасида эркин бозор муносабатларига ўтиш — муаммолар ечимида зарур омил (ЎзА)
  • 21.12.2022
  • 153

Президентимизнинг Олий Мажлисга, бутун Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасини  тингладик. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида энергетика соҳасига, уни ислоҳ этиш учун биринчи галдаги вазифаларга қайта-қайта тўхталиб ўтди.  

“Очиқ айтиш керак, кўп иқтисодчилар энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишни таклиф қилмоқда. Бу – тўғри йўл. Мен ҳам буни хоҳлайман. Лекин, халқимизнинг жон бошига даромади, ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, бу соҳадаги ислоҳотларни шошмасдан, босқичма-босқич қилишимиз керак”,–деди Президент Шавкат Мирзиёев.  

Шу ўринда давлат раҳбари соҳадаги энг оғриқли нуқтани топиб айтди. Бу энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги масаласи. 

“Энг муҳим масала — энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш. Афсуски, иқтисодиётимизда энергия сарфи бошқа давлатлардан 2 баробар юқори. Шунинг учун, энергия самарадорлигини ошириш Миллий дастурини қабул қиламиз. Энергетика соҳасида эркин бозорга ўтишимиз шарт. Агар эркин бозорга ўтмасак, бизга инвестор келмайди”, дея айтиб ўтди Президент.  

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, энергетика соҳасидаги муаммолар бугун пайдо бўлиб қолмагани, кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани, оқибатда тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолгани ҳақида куюниб гапирди. Шу билан бирга, сўнгги олти йилда аҳолимиз 12 фоизга, саноат корхоналари эса 2 баробарга ортиб, 45 мингдан 100 мингтага кўпайгани, натижада электр энергиясига талаб камида 35 фоизга ошиб, йилдан-йилга кўпайиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.  

Келинг, шу ўринда электр энергетика тармоғида, хусусан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖда сўнгги йилларда амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб ўтсак.  

Бугунги кунда жамият балансида бўлган жами 11 минг 678 километр узунликдаги магистрал электр тармоқлари ҳамда умумий қуввати 26 729,6 МВА бўлган 84 та 110–500 кВ кучланишли подстанциялар орқали электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналардан ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига қувват етказиб берилмоқда.  

Охирги уч йиллик ичида барча юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанцияларда модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж, таъмирлаш-созлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилди. Шунингдек, ишчи-ходимларга лозим меҳнат шароитлари яратилди, уларнинг касбий малакаси, билим-салоҳияти оширилди.  

Мисол учун, 2017–2021 йилларда умумий узунлиги 1100 километр бўлган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ҳамда 2 та янги, 220 кВ (киловольт) кучланишли “Сирғали” (Тошкент вилояти) ҳамда “Амир Темур” (Қашқадарё вилояти) подстанциялари қуриб, ишга туширилди. Бундан ташқари, Жаҳон банки кўмагида республика бўйлаб 22 та юқори кучланишли подстанцияларда модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилиб, натижада подстанцияларда 2200 МВА қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилди.  

Умумий оладиган бўлсак, 2017–2022 йилларда тизим подстанцияларида олиб борилган модернизация ва реконструкция ишлари ҳамда янги қурилишлар натижасида жами 7283 МВА(мегавольт•ампер) қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилди.  

Франция ва Буюк Британия консультантларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг энергетика тармоқларини ягона бошқариш тизими SCADA жорий қилиш бўйича халқаро тендер савдоларига эълон берилди. Бу лойиҳа ўз ўрнида тизим муаммоларининг олдини олиш ва юзага келиши мумкин бўлган аварияларни қисқа муддатларда бартараф этишга хизмат қилади.  

Шунингдек, Жаҳон банки кўмагида жалб қилинган консультантлар иштирокида “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ресурсларини бошқаришнинг автоматлаштирилган ERP тизимини жорий қилиш бўйича самарали ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.  

Истиқболдаги режаларда эса умумий узунлиги 501 км 220 кВ кучланишли ва 379 километр 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи, қуввати 3104 МВА бўлган 3 та янги подстанция қурилиши, 364 км 220–500 кВли ҳаво линияси ва 26 та подстанцияда модернизация ва реконструкция ишларини олиб бориш орқали 1356 МВА қўшимча қувват яратиш учун Халқаро молия институтларининг 832,7 миллион доллар миқдоридаги узоқ муддатли паст фоизли кредит маблағлари жалб қилиниб, халқаро тендер савдоларини ўтказиш жараёнлари олиб борилмоқда. Чунончи, 2023 йилда жами 1038 МВА қувват яратиш режалаштирилган.  

Эътибор беринг, бу тизим ташкилотларининг атиги биттасида охирги 6 йилда амалга оширилган ишларнинг бир қисми ва яқин келажакдаги истиқболли режалари, холос. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Иқтисодиётимиз барқарор ривожланиши учун энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция керак. Бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкин”.  

Тўғри, ҳали соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар бир талай. Муаммолар кўп. Айнан шуларни ўз вақтида бажариб, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.  

Келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилиши, ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилиниши, бунинг ҳисобига, уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилиши – аллақачон амалиётга татбиқ этилаётган вазифалар. Бу йўналишда энергетика соҳаси корхоналари ўрнак бўлишга интилмоқда.  

Мисол учун, жорий йил 10 июнь куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга мувофиқ, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ўтказган кўргазмадаги келишувларга биноан, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Solar Nature” корхонаси билан 28 та объектга 500 кВт қувватли қуёш панели ўрнатиш бўйича умумий қиймати 5 миллиард сўмлик шартнома имзоланган.  

Айни пайтда Марказий аппарат ва 7 та филиал маъмурий бинолари томига қуёш коллекторлари ҳамда кичик қуёш электр станциялари ўрнатилди. Ҳозирда хўжалик сарфига ишлатилаётган электр қувватининг қарийб 30 фоизи иқтисод қилинмоқда. 

Президентимизнинг аҳоли хонадонларида қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилиши ҳақидаги ташаббуси барчамизни қувонтиргани рост. Қайта тикланувчи энергия манбалари, яъни “яшил энергия” салмоғини ошириш — иқтисодий барқарорлик, ерости захира бойликларимизни келгуси авлодларга асраш ва экологияга етказилаётган зарарнинг камайтирилишига эришиш демакдир.  

 

Дадажон ИСАҚУЛОВ,

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик  

жамияти бошқаруви раиси.  

ЎзА  

Манба: https://uza.uz/

>