Янгиликлар
Энергетика вазирлиги: Қайта тикланувчи энергия манбалари асосидаги қурилмаларни харид қилиш имкониятлари кенгайтирилмоқда
  • 23.12.2022
  • 201

Аҳолига энергия тежамкор ва қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини харид қилиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида, яшил истеъмол кредитлари ажратилишини йўлга қўйиш учун Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро Энергияни тежаш жамғармаси ва “Асакабанк” АЖ ўртасида 2022 йил 22 декабрда 65,0 млрд сўмлик кредит линиясини очиш бўйича Бош келишув имзоланди.

Келишувга мувофиқ Банк Жамғарма маблағлари ҳисобидан жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шамол генераторлари, қуввати 1 МВт гача бўлган микро ва кичик гидроэлектростанциялари, биогаз ишлаб чиқарувчи ускуналар, биогаз қурилмалари, бошқа қайта тикланувчи энергия манба қурилмалари, энергия сақлаш тизимлари, маиший энергия самарадор газ-горелкали қурилмалар ва қозонларни сотиб олиш учун Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида 5 йил муддатга яшил истеъмол кредитлари ажратиш кўзда тутилган.

Яшил истеъмол кредитларини юқоридаги мақсадларга ажратилиши давлатимиз раҳбари томонидан муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ва муқобил энергия манбалари ва энергия тежовчи технологияларини жорий этишни кенгайтириш юзасидан топшириқ ва вазифаларнинг амалий ижроси ҳисобланади.

Яшил истеъмол кредитларининг ажратилиши аҳолининг энергия ресурсларига тобора ошиб бораётган талабини муқобил энергия манбалари ҳисобидан қондиришга, истеъмол қилинадиган электр энергия харажатларини иқтисод қилинишига, мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда атроф муҳитга зарарли газлар ажралишини камайтириш имконини беради.

Маълумот ўрнида: Бугунги кунга қадар Жамғарма тижорат банклари билан узаро манфаатли муносабатларда катта тажрибага эга бўлиб, бунда АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”, АТИБ “Ипотека-банк”, АТ “Халқ банки” ва АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк”лар томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли шартлар асосида яшил кредитлари ажратиб келинмоқда.

▶️@minenergy_uz

Манба: https://t.me/minenergy_uz/6827

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>