Янгиликлар
Энергетика вазирлигида Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
  • 13.04.2023
  • 200

Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Франция Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Аурелия Боучез хоним ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Франция ўртасида 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда юқори даражада ташкиллаштирилган давлат ташрифи натижалари алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, Франция компаниялари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг жорий ҳолати муҳокама қилинди. Хусусан:

➖ EDF компанияси билан ҳамкорликда Сирдарё ИЭС, Қамбарота ва Чотқол ГЭСлари лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек бино ва иншоотлар томларига қуёш батареяларини ўрнатиш;

➖ “Total Eren” компанияси томонидан 2022 йил май ойида Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш электр станцияси муваффақиятли ишга туширилганлиги, шунингдек Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида қурилиши режалаштирилган янги станцияларга қизиқиш билдираётганлиги;

➖ “Voltalia” компанияси Хоразм вилоятида қуёш фотоэлектр станцияси қуриш лойиҳаси тендерида ғолиб бўлиб, ҳамкорлик алоқаларини бошқа йўналишларда ҳам кенгайтириш юзасидан амалий ишларни олиб бораётганлиги қайд этилди.

 

 

 

Учрашув давомида томонлар “Technip Energies” компанияси билан ҳамкорлик истиқболларини ҳам муҳокама қилдилар. Томонлар нафақат газ узатиш тизимини модернизация қилиш соҳасида, балки ёқилғи-энергетика комплексининг бошқа йўналишларида ҳам лойиҳалаш хизматларини кўрсатувчи қўшма корхона ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини қайд этдилар.

Томонлар атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини ҳам муҳокама қилиб, FromAtom вa Assystem компанияларининг қизиқишларини таъкидлаб ўтдилар.

 

 

Учрашув якунлари бўйича хорижий томонга Voltalia компанияси томонидан Агроволтаика соҳасида лойиҳани амалга ошириш ва Ассйстем билан смарт-грид тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.


Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2737

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati

>