Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: «Қайси ташкилотга иш сўраб борсам, иш стажи сўралмоқда... Шу адолатданми? Талабага ишлашга рухсат этилмаса, қандай қилиб иш стажига эга бўлсин?!»
  • 15.05.2023
  • 186

Мурожаат эгаси: Тиркашов Бобур Учқун ўғли, Тошкент шаҳри.

Электрон почта: boburbek7279899@gmail.com

Мурожаат мазмуни: Мен 2019 йили Тошкент давлат техника университети Электр энергетика йўналишига тўлов контракти асосида ўқишга қабул қилиндим ва шу йил тамомламоқдаман.

Мурожаатим мазмуни шундан иборатки, қайси ташкилотга иш сўраб борсам, иш стажи сўралмоқда... Шу адолатданми? Талабага ишлашга рухсат этилмаса, энергетика системасида талабалар 0.5 ставка ишлаши ҳам мумкин бўлмаса, талаба қандай қилиб иш стажига эга бўлсин?!

Мурожаатим якунида сиздан шуни сўраб қолардимки, ушбу ташкилотда ишлаш хоҳишим борлиги сабабли сиздан иш сўраб қоламан. Афсус ва надоматлар бўлсинки, юртимизда коррупция, таниш-билиш ҳали ҳам куртак отмоқда. Биз бечора талабаларни назарда четда қолдирмайсиз, деган умиддаман...

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро Бобур Учқун ўғли! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Мурожаатлар» рукни орқали юборган мурожаатингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, сизга шуни маълум қиламизки, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг электрон почталари орқали тегишли ҳужжатларингизни, қайси бўш иш ўрнига ишга кириш учун юбораётганингизни белгилаб (шу бўш иш ўрнига ишга қабул қилиш учун қўйилган талабларга мувофиқ келишингизни билган ҳолда) юборсангиз, у албатта Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилади.

Маълумот ўрнида: «Онлайн резюме» https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume.

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти. Мурожаат учун: 71-236-6615.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта: kadr_nes@uzbekistonmet.uz; info@uzbekistonmet.uz.

Ходимлар билан ишлаш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бошқармасидан мурожаат: Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида лойиҳалаштириш, қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-созлаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, аксарият номзодлар учун олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар сафар бўш иш ўринлари ҳақида эълонлар расмий веб-сайтимиз ҳамда унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида жамоатчилик эътиборига тақдим этилганидан сўнг тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз.

Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар эълон қилинган талабларга мос келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади ва бу ҳақда uzbekistonmet.uz веб-сайтининг «Бўш иш ўринлари» рукнида қўшимча эълон берилади. Шундан сўнг Ишга қабул қилиш комиссияси томонидан номзодлар билан суҳбат ўтказилади. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган номзодлар Комиссия томонидан раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этади ва ишга қабул қилинади.

Маълум бир бўш ўринларига ҳужжат топширган номзодлар суҳбатга чақирилаётгани (санаси ва вақти) Акциядорлик жамиятининг расмий-веб-сайти ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилмоқда. Эътиборли бўлинг ва ижтимоий тармоқ саҳифаларимизга обуна бўлишни унутманг!

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25

Батафсил маълумотлар қуйидаги эълон таркибида ёзилган:

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида мавжуд бўш иш ўринларига ишга кирмоқчи бўлган фуқароларга тавсиялар

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/view/3441

Акциядорлик жамият uzbekistonmet.uz расмий веб-сайтининг «Бўш иш ўринлари» рукнида барча зарур маълумотлар мавжуд. Ҳар бир бўш иш ўрнига номзодлар суҳбат орқали, номзодларга қўйилган талабларга мос келишига ҳамда Комиссия суҳбатидан мувафаққиятли ўтишига қараб ишга таклиф этилади.

Унутманг, ишга киришни истаган ҳар бир номзоднинг билим-савияси ўрганилади ва бу — ходимнинг салоҳияти (кўрсаткичлари) меҳнат самарадорлигини белгиловчи биринчи омил сифатида эътироф этилади.

Қўшимча маълумот: Акциядорлик жамиятининг uzbekistonmet.uz веб-сайти, бош саҳифасида Ўзбекистон Республикасининг харитаси шаклида инфографика маълумотнома-жадвали жойлаштирилган бўлиб, қайси ҳудудни белгиласангиз, ўша ҳудуддаги Магистрал электр тармоқлари филиали ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятингиз пайдо бўлади. Маълумотномада телефон рақамлари ҳам кўрсатилган бўлиб, мутахассислар сизни қизиқтирган саволларга жавоб беришади. Шу жумладан, магистрал электр тармоқларида МАВЖУД БЎШ ИШ ЎРИНЛАРИ, суҳбатга таклиф ва номзодлар билан ўтказилган суҳбат танловлари ҳақидаги маълумотларни uzbekistonmet.uz веб-сайти ҳамда Магистрал электр тармоқлари филиали телефон рақамлари орқали олишингиз мумкин.

Ахборот хизматидан тавсия: Ҳурматли фуқаро Бобур Учқун ўғли, Сизнинг эътирозли мурожаатингиз таркибида иш стажига эга бўлмасдан туриб қандай ишга кириш мумкинлиги сўралган...

Саволингизга батафсил жавоб шундан иборатки, Сиз мурожаат йўллаган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ўз мақомига кўра шу йўналишдаги, аниқроғи Ўзбекистон энергетика соҳаси, электр энергетика тармоғида юқори кучланишли (220–500 кВ кучланишли) электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи ташкилот ҳисобланиб, унинг Марказий бошқарув аппарати — ўз таркибидаги магистрал электр тармоқлари филиаллари ҳамда бошқа лойиҳалаштирувчи, қурилиш-монтаж ташкилотларига юқори турувчи бошқаорув органи ҳисобланади. Юқоридаги таъкиддан кўриниб турибдики, қарийб 4300 нафарга яқин ишчи-ходимлар меҳнат фаолияти юритаётган акциядорлик жамиятининг Марказий аппаратига билимли (маълумоти, ихтисослиги) ва тажрибали (иш тажрибаси, меҳнат фаолиятидаги карьера босқичлари, эришган натижалари) мутахассислар танлаб олинади, негаки улар асосий иш фаолияти — электр тармоқлари эксплуатацияси, лойиҳалаштириш, модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишлари билан банд мутахассислар фаолиятини мувофиқлаштиришдан иборат.

Юқоридагиларни инобатга олиб Ахборот хизмати мурожаат эгаси Тиркашов Бобур Учқун ўғли аввал ўз яшаш манзилига яқин электр таъминоти корхоналарига танлов суҳбатлари асосида ишга кириб, меҳнат фаолиятини амалий ишнинг энг оддий босқичларидан бошлаб, тажриба орттириб, кейин юқори турувчи ташкилотларга тегишли тартибда ишга киришга ҳаракат қилишини тавсия этади.

Мисол учун: Агар сиз uzbekistonmet.uz веб-сайти “Раҳбарият” рукнини очиб, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти раҳбар кадрларининг таржимаи ҳоли билан танишсангиз, айни пайтда раҳбар лавозимидаги барча мутахассислар таҳсил давридан олдин ҳам, кейин ҳам меҳнат фаолиятини қуйи ташкилотларда, оддий чилангар, уста, назоратчи, бухгалтер, электр чилангари сифатида бошлаб, сўнг тажриба-малакаси, билим-салоҳияти ошиб борган сари юқори лавозимларга кўтарилиб борган. Аксарият ҳолларда талаба юқори турувчи бошқарув органларига ишга кириб меҳнат фаолиятини бошлаганини учратиш қийин.

Компания ҳақида → Раҳбарият

https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/guide

Ижтимоий тармоқ саҳифалари

https://t.me/uzmetaxborotxizmati/19744

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>