2019–2024 йиллардаги маълумотлар ушбу ҳаволада   arxiv.uzbekistonmet.uz
Коррупцияга қарши курашиш
Коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти — 71 балл (қониқарли)
  • 08.04.2025
  • 66

АОКАда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда  Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги давлат раҳбари томонидан  белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижроси хусусида маълумот берилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил  103 та давлат ташкилотининг   2024 йилдаги фаолияти 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳолашдан ўтказилди. Шундан 14 та давлат ташкилоти илк маротаба, қолган 89 таси эса такроран баҳоланди.

Натижаларга кўра, 41 та ташкилот фаолияти самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 53 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 9 та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифага ажратилди. 

Таҳлиллар кўрсатишича, бу йил рейтинг натижалари ўртача 73,8 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 4,9 баллга (95 та давлат ташкилотлари томонидан ўртача 68,9 баллни ташкил этган), 2022 йилга нисбатан эса 14,3 баллга (62 та давлат ташкилотлари томонидан 59,5 балл) яхшиланган.

Шунингдек, ижобий натижа қайд этган давлат ташкилотларида коррупциянинг олдини олишда самарали механизмларнинг жорий этилиши натижасида ўтган давр мобайнида коррупцияга оид жиноятлар сони камайишига эришилган.

Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йилга нисбатан Рақамли технологиялар вазирлиги тизимида коррупциявий жиноятлар сони 71,4 %га, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 47,8 %га, ҳокимликларда 43,2 %га, тижорат банкларида 31,9 %га, Адлия вазирлиги тизимида 21,9 %га, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида 8,3 %га камайган.

2023 йилги рейтинг баҳолашда “қониқарсиз” деб топилган 13 та давлат ташкилоти фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Агентлик билан ҳамкорликда амалга оширилган манзилли чора-тадбирлар натижасида уларнинг фаолиятида ҳам ижобий ўсиш кузатилди.

Жумладан, Ёшлар ишлари агентлиги 85 балл (2023 йилда – 10 балл), “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси АЖ 83 балл (28 балл), Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 82 балл (50 балл), Маданий мерос агентлиги 82 балл (22 балл), Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси 78 балл (5 балл), Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги 72 балл  (18 балл) билан ижобий натижа қайд этган.

Шунингдек, “Ўзбеккўмир” АЖ  (48 балл) ўтган йили ижобий натижа (2023 йилда – 60 балл) қайд этган бўлса, жорий йилги рейтинг баҳолашда “қониқарсиз” тоифадан жой олди. Бундан ташқари, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги фаолияти 9 балл билан (2023 йилда – 16 балл) кетма-кет икки йил давомида “қониқарсиз” деб баҳоланди.

“Қониқарсиз” тоифадаги 9 та ташкилотда коррупцияга оид превентив механизмларни қўллаш, шу жумладан, коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш, ходимларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, аниқланган ва баҳоланган коррупциявий хавф-хатарларни минималлаштириш бўйича чора-тадбирлар, ички назорат тузилмаси фаолиятини самарали ташкил этиш каби муҳим вазифаларнинг бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилмаган.

 “Қониқарли” деб топилган 53 та давлат ташкилоти фаолиятида ҳам айрим камчиликларга йўл қўйилган бўлиб, жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш бўйича кўрилган чоралар, коррупцияга қарши тартиб-таомилларнинг самарадорлигини мониторинг ва назорат қилиш бўйича тадбирлар бажарилганлиги тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда тақдим этиш чоралари кўрилмаган.

 “Яхши” деб топилган 41 та давлат ташкилоти фаолиятида биринчи раҳбарларнинг иродаси намоён қилиниб, коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган чоралар тизимли равишда амалга оширилган. Коррупциянинг олдини олишга қаратилган механизмларни самарали жорий этиш, шу жумладан, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, мониторинг ва назорат тадбирларини амалга ошириш, турли танловлар жараёнида коррупция омилини истисно қилиш, ходимлар ва аҳолини коррупцияга қарши муросасиз руҳда тарбиялашга оид изчил чоралар шулар  жумласидандир.

Рейтинг баҳолаш тизимида энг юқори натижа “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (96 балл), Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги (95 балл), Марказий банк (94 балл), Солиқ қўмитаси, (92 балл), “Ўзбекнефтгаз” ва “Uzbekistan Airports” АЖлари (92 балл), Рақамли технологиялар ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари (91 балл) томонидан қайд этилди.

Баҳолаш якунлари бўйича “яхши” деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади. 

“Қониқарли” деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар берилади.

“Қониқарсиз” деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади ва ижросини таъминлаш юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишларида эшитиб борилади.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Давлатимиз раҳбари томонидан  “комплаенс назорат” тузилмалари ишини тубдан ўзгартириш, жумладан,  117 та вазирлик ва идорадаги назорат тузилмалари раҳбарларини лавозимидан озод этиб, уларнинг, ўрнига ҳалол, фидойи ва профессионал кадрларни тайинлаш, уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйиш бўйича топшириқлар берилди.

Ҳозирги кунда вазирлик ва идоралардан 112 тасида коррупцияга қарши ички назорат тузилма раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 5 тасида топшириқ ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Ички назорат тузилмалари раҳбарлари лавозимларини 20 апрелга қадар очиқ танлов тўлдириш юзасидан вазирлик ва идораларга Агентликнинг топшириқ хати юборилди.

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш, Қурилиш, Сув хўжалиги вазирликлари, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзсувтаъминот” АЖларининг комплаенс-назорат тузилмаларини Агентликка ўтказиш бўйича “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, ҳамкорликда ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан  белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати

Манба: https://aca.uz/ 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати