2024 йил якунлари бўйича Очиқлик индекси эълон қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлигида очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, 2024 йил якунларига кўра давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси асосида тўпланган барча кўрсаткичлар атрофлича муҳокама қилиниб, якуний натижалар кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида: Индекс 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантирилиб келинмоқда. Бу йилги баҳолашда жами 98 та та республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирлик, қўмита, агентлик, инспекциялар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди.
Баҳолаш натижаларига кўра, 50 та давлат органи «яшил» (2023 йилда 31 та), 35 таси «сариқ» (43 та) ва 13 таси «қизил» (29 та) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.
Жорий йил баҳолашда ўтган йилга нисбатан «яшил» тоифада баҳоланган давлат идоралари кўлами 21 %га кўпайиб, «қизил» тоифадагилар 15 %га (ижобий ўсиш кўрсаткичлари бўйича) камайган.
Таҳлиллар кўрсатишича, бу йил рейтинг натижалари ўртача 70 баллни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 8 баллга ошган.
Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ (91 балл), Солиқ қўмитаси (90 балл), «Ўзавтосаноат» АЖ (89 балл) ва “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ (89 балл) томонидан кўрсатилган.
Энг юқори ижобий ўсиш “Uzbekistan Airways” АЖ (+42 балл), Транспорт назорати инспекцияси (+46 балл), Спорт вазирлиги (+47 балл), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (+52 балл) томонидан қайд этилган.
Республика даражасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (32 балл), Гидрометеорология хизмати агентлиги (45 балл), Оила ва хотин-қизлар қўмитаси (50 балл) ва Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (51 балл) қайд этиб, «қизил» тоифада баҳоланган.
Якуний натижалар билан https://index.aca.uz/rating орқали танишиш мумкин.
———
Коррупцияга дуч келсангиз Агентликнинг «Call-markazi» – 1253 орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Манба: https://t.me/antikor_uzb/3517
‖ Facebook ‖ Инстаграм ‖ YouTube ‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati